Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР

Фарғона вилояти ҳокими
Бозаров Хайрулло Хайитбаевич

Ижтимоий тармоқлар

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ажратиладиган имтиёзли кредит ҳисобидан фуқароларга маҳсулот етказиб берувчи таъминотчи корхоналарнинг рўйхати
<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

.

.

Фарғона вилояти инвестицион салоҳияти

Сайтни бахолаш




Янгиликларга обуна бўлиш

Ҳозир сайтда 112 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси
Ишонч телефонига берилган бахолар


УЛУҒЛАР ЮРТИДАН ЯНА УЛУҒЛАР ЧИҚСИН

 2017-07-25 18:37:47    118

PDF юклаш
Чоп этиш


Ўзбекистон дунё тамаддуни ривожига, Шарқ маънавий олами тараққиётига улкан ҳисса қўшган юртдир. Тарихий илдизларимиз Ислом оламининг улкан олимлари, аждодларимиз илмий-маданий меросидан озиқланган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 23.06.2017 куни қабул қилинган “Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистонда Ислом маданияти марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарори ана шу маънода жаҳон ҳамжамиятида Ўзбекистоннинг оламшумул тарихи борлигини намоён этиш, миллий фахр туйғуларини шакллантириш, ҳақиқий илм намояндаларини етиштириш йўлида қўйилган улкан қадамдир. Ушбу тарихий воқеа муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти вакили, Фарғона вилояти бош имом-хатиби Турсунтоҳир Эрбўтаев билан суҳбатлашдик.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ислом маданияти марказини ташкил этиш ҳақидаги қарори бизнинг ва келажак авлоднинг тақдирида нечоғли ҳаётий аҳамиятга эга деб ўйлайсиз?

– Бу қарор,  давлатимиз раҳбариятининг бу йўналишдаги кўрсатмалари миллий ғурур, ўзликни англаш, дунё ҳамжамиятидаги ўрнимизни билиш ва инсониятни яхшиликка етаклаш, улуғларимиз, аждодларимиз хотирасига муносиб яшашга даъват этиши билан аҳамиятлидир. Зеро, ёшларимиз улуғ боболарининг номларинигина билиш билан кифояланмай, балки уларнинг инсоният тарихида даҳо сифатида қолишига сабаб бўлган асарлари билан ошно тутинмоқлари зарур. Ана шунда улуғлар чиққан юртдан яна улуғлар чиқади.

Мусулмон Ренессансининг жаҳондаги ўрни хусусида нима дея оласиз? Ислом тарихида диний ва дунёвий илмларни ўрганишга қай даражада аҳамият берилган?

Қарорда кўплаб Ислом олимлари қатори вилоятимиз ҳудудида яшаб ўтган Бурҳониддин Марғиноний ҳамда Аҳмад Фарғоний каби алломалар номлари ҳам тилга олинган. Улар дунёвий илмлар билан бирга ислом маданияти, илмини ривожлантиришга ҳам катта ҳисса қўшганлар.

Ўрта асрларда яшаган Марказий Осиёлик олимлар орасида салмоқли ўрин эгаллган буюк астроном, математик ва географ Фарғонийнинг тўлиқ исми Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Касир Фарғонийдир. Шарқда “Ҳосиб” (математик) деган лақаб олган Фарғоний 798 йилда Фарғона водийсининг Қубо (Қува) қишлоғида туғилган. Илм йўлида Бағдодга кетиб қолади ва шу ерда яшайди. У ерда Марказий Осиёлик ватандошлари Муҳаммад Хоразмий, Аббос ибн Саид Жавҳарий ва Аҳмад ибн Абдуллоҳ Марвазийлар билан биргаликда мураккаб чет тил тушунчаларини айнан ифодалайдиган араб терминологиясини яратади.

Аҳмад Фарғоний Аббосий ҳукмдор Халифа ал-Маъмун (813–833) даврида Бағдоднинг Шаммосия маҳалласидаги ва Дамашққа яқин Касиюн тепалигидаги расадхоналарда, шунингдек, ўзининг лойиҳаси асосида қурилган Бағдод расадхонасида кўпгина кашфиётлар қилди, 812 йилги қуёш тутилишини олдиндан ҳисоблади, ернинг думалоқлигини исботлади. У халифа Мутаваккил замонида (846–862) Нил дарёси суви сатхини ўлчайдиган янги асбоб “миқёс ан-Нил” нилометрини яратди. Унинг “аз-Зиж ал-Маъмун ал-мумтаҳана” (ал-Маъмуннинг синалган астрономик жадваллари)си араб тилидаги дастлабки астрономик асарлардан бири бўлиб, Ўрта асрда Европага тарқалган эди.

 Дамашқ расадхонасида Холид ибн Абдумалик ва Фарғоний билан бирга иккинчи гуруҳ олимлар ишлаганлар. Аҳмад Фарғоний Сурия шимолида, Синжор саҳросида 832–833 йиллар Тадмур ва ар-Раққа оралиғида ер меридиани бир даражасининг узунлигини ўлчашда иштирок этган.

Фарғонийнинг асосий астрономик асари “Китоб ал-ҳаракат ас-самовия ва жавомиъ илм ан-нужум”(“Самовий ҳаракатлар ва умумий илми нужум китоби”) ХII асрда Европада лотин тилига икки марта ва ХIII асрда бошқа Европа тилларига ҳам таржима қилинганидан сўнг, унинг лотинлаштирилган номи “Алфраганус” шаклида Ғарбда бир неча аср давомида кенг тарқалади. Унинг бу китоби шу асрлар давомида Европа университетларида астрономиядан асосий дарслик вазифасини ўтади.

Фарғоний асарининг лотинча таржимаси биринчи марта 1493 йилда нашр этилган бўлиб, энг қадимги нашр қилинган китоблардан ҳисобланади. 1669 йили машҳур голланд математиги ва арабшуноси Якоб Голиус Фарғоний асарининг арабча матнини янги лотинча таржимаси билан нашр этганидан сўнг, Фарғоний ва унинг асарининг Европадаги шуҳрати янада ортди. Европа Уйғониш даврининг буюк намояндаларидан бири бўлган машҳур олим Региомонтан ХV асрда Австрия ва Италия университетларида астрономиядан маърузаларни Фарғоний китобларидан ўқиган.

Ҳозирги кунда Фарғонийнинг саккиз асари маълум бўлиб, уларнинг ҳаммаси астрономияга алоқадор. Улар қуйидагилардир: юқорида зикр этилган асар, одатда, уни “Астрономия асослари ҳақида китоб” номи билан ҳам аташади – қўлёзмалари дунё кутубхоналарининг деярли барчасида бор. “Устурлоб ясаш ҳақида китоб” – қўлёзмалари Берлин, Лондон, Машҳад, Париж ва Теҳрон кутубхоналарида, “Устурлоб билан амал қилиш хақида китоб” – биргина қўлёзмаси Рампурда (Ҳиндистон), “Фарғоний жадваллари” – қўлёзмаси Патнада (Ҳиндистон), “Ойнинг Ер остида ва устида бўлиш вақтларини аниқлаш ҳақида рисола” –қўлёзмаси Қоҳирада, “Етти иқлимни ҳисоблаш ҳақида” – қўлёзмалари Готада ва Қоҳирада, “Қуёш соатини ясаш ҳақида китоб” – қўлёзмалари Ҳалаб ва Қоҳирада сақланади. Шундай қилиб, буюк аждодимизнинг бу асари Европа Уйғониш давридаги ва ундан анча кейинги даврдаги маданият ривожида сезиларли роль ўйнади.

Фарғонийнинг номи Хоразмий каби бутун Шарқ ва Ғарбда машҳурдир. Ўрта асрда табиий-илмий билимларнинг ривожига улкан ҳисса қўшган олим сифатида манбаларда, сўнгги Ғарб ва Шарқ муаллифлари асарларида ғурур ва ифтихор билан тилга олинади ва ўрганилади. 1998 йилда Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти фармони билан алломанинг 1200 йиллик таваллуд санаси катта тантаналар билан нишонланди.

Бурҳониддин ал-Марғиноний Мовароуннаҳр тупроғининг таниқли фақиҳларидан бири. Аллома Фарғона вилоятининг Риштон қишлоғида таваллуд топди. Бухоройи шариф мадрасасида таҳсили илм қилди. “Ҳидоя” Бурҳониддин Марғиноний (511-593 ҳ.с.) томонидан тасниф қилинган ҳанафий фиқҳи фуруъидаги машҳур китобнинг номи. Бундан ташқари, у киши Ислом фиқҳи асосларига доир бир неча илмий асарлар муаллифидир. 

Улар орасида машҳурроғи “Бидоят ал мубтадий” ҳисобланади. Олим кейинчалик бу китобига “Кифоят ал мунтаҳий” номли саккиз жилддан иборат шарҳ ёзди. Унинг қаламига мансуб “Ҳидоя” ҳам мухтасар шарҳдир. Бу шарҳ Мовароуннаҳр, Ҳиндистон ва Туркия минтақаларига кенг тарқалган. “Ҳидоя” кўплаб Шарқ мамлакатларида фиқҳ бўйича асосий қўлланма саналади. У асар форс, инглиз ва рус тилларига таржима қилинган.

“Ал-мунтаҳо”, “Наҳрул мазҳаб”, “Ал тажнис вал мазид”, “Мухторатул нозил”, “Китобул фароиз” каби китоблар Ислом дунёсида мўътабар уламолар тарафидан тан олинган машҳур асарлар бўлиб, улар улуғ аллома Бурҳониддин ал-Марғиноний роҳматуллоҳи алайҳи қаламига мансубдир.

“Ҳидоя” ҳанафий фиқҳнинг энг муҳим китобларидан бири бўлиб мислсиз шуҳрат қозонгандир. Бу китобнинг баъзилар “Бидоятул мубтадий”нинг шарҳи десалар, бошқалар уни “Мухтасари Қудурий”нинг шарҳи дейдилар. Масалани чуқурроқ ўрганиб чиқилганда “Бидоятул мубтадий” имом Марғинонийнинг фуруъи фиқҳдаги мухтасар асари бўлиб, у киши уни имом Муҳаммаднинг “ал-Жомиъ ас-Сағир” ва Қудурийнинг мухтасари асосида тайёрлагани маълум бўлади. Бинобарин, аввалги икки гап ҳам тўғри деган киши хато қилмайди.

Имом Бурҳониддин ал-Марғиноний раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг “Бидоятул мубтадий” китобини икки марта шарҳ қилган. Биринчи шарҳни “Кифоятул мунтаҳий” деб номлаган ва ёзиб битиргандан сўнг чўзилиб кетганини, кўпчиликка малол келишини эътиборга олиб қисқароқ шарҳ қилган ва унга “Ҳидоя” номини қўйган.

 Шайх Акмалидиннинг айтишича, “Ҳидоя”нинг соҳиби бу китобни ўн уч йил давомида тасниф қилган ва ўша муддатда доимо рўза тутиб юрган.

Имом Бурҳониддин ал-Марғиноний раҳматуллоҳи алайҳи “Ҳидоя”да кўпинча ҳар бир фиқҳий ҳукмнинг далили ва таълили – ҳикматини ёки қайси фиқҳий қоидага биноан чиқарилганини айтиб кетган. Бу, албатта, китобнинг қийматини оширган. Шу билан бирга танқидчилар Имом Бурҳониддин ал-Марғиноний раҳматуллоҳи алайҳи “Ҳидоя”да келтирган ҳадис ва асарларнинг манбаси ва ровийси келтирилмаганини нуқсон сифатида зикр қилганлар. Бу таънага қарши иш олиб борган ҳанафий уламолардан имом Зайлаъий “Ҳидоя”да келтирилган ҳар бир ривоятнинг манбаси ва ровийсини топиб “Насбур роя тахрийжи аҳодиси ҳидоя” деган китоб тасниф қилган. Бу китоб ҳам “Ҳидоя” каби шуҳрат топган.

“Ҳидоя” ҳанафий фиқҳидаги энг машҳур китобга айланган, десак муболаға қилмаган бўламиз. Уламолар бу китобга алоҳида эътибор берганлар ва бериб келмоқдалар. Ҳозирда баъзи юртларда, жумладан, Ироқда “Ҳидоя”ни ёд олмаган одам фақиҳ ҳисобланмайди. Катта уламолар “Ҳидоя”ни турли йўллар ила тадқиқ қилганлар. “Ҳидоя”га жуда кўп шарҳлар ёзилган. Ҳожи Халифа “Кашфуз зунун”да бу шарҳларнинг ўзига етиб келганларини беш саҳифага яқин ҳажмда санаб ўтган. 

Бадриддин Айнийнинг “Ҳидоя”га ёзган “Биноя” номли шарҳини таҳқиқ қилиб чоп этишни йўлга қўйган замондош олим Амийн Солиҳ Шаъбон китобнинг қирқ иккита шарҳи рўйхатини келтирган. “Ҳидоя” бугунги кунда ҳам ҳамма толиби илмлар томонидан ихлос билан ўрганилмоқда.

Бугун жаҳондаги глобал муаммолардан бири Ислом ва терроризм мавзусидир. Шу ўринда ижтимоий тармоқлар орқали бўлаётган ахборот хуружлари масаласи оғриқли нуқталаримиздан бўлиб қолмоқда. Ислом маданиятини белгиловчи хусусиятлардан бири диний бағрикенгликдир. Шу ҳақдаги фикрларингиз?

Ислом сўзининг ўзи тинчликпарварлик маъносини беради. Ислом дини дин муҳофазаси, ақл муҳофазаси, насл муҳофазаси, мол-дунё муҳофазаси каби инсонпарварлик тамойиллари асосига қурилган. Буларга путур етказиш ислом динининг асосларига мутлақо тўғри келмайди. Терроризмга алоқадор деб қараш Ислом динига нисбатан бўлаётган туҳматлардир. Дунёдаги барча самовий динлар эзгулик ғояларига асосланади. Улар одамларни тўғрилик, софлик, шафқат ва бағрикенгликка ундайди. Бировга озор бермасликка, ёмон ишлардан тийилишга, нафс кўйига тушиб адашмасликка чақиради. Диний бағрикенглик ғояси барча динларга хос ана шу умумий тамойилларни англаган ҳолда, улар ўртасида ҳамкорлик ўрнатишга ва шу тариқа бутун инсониятнинг орзуси бўлган адолат тантанасига эришишга даъват этади. Шу боис ҳам кўпгина миллий қадриятларнинг завол топмасдан яшаб келаётгани ҳам диннинг ана шу хусусиятлари билан боғлиқлиги мутахассислар томонидан ҳали-ҳануз эътироф этилади.

Динлараро бағрикенглик деб, хилма-хил дин ва мазҳаб эгаларининг бир-бирининг эътиқодини ўзаро ҳурмат қилиб, тушуниб, ягона замин, ягона ватанда, олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашига айтилади. Бугунги кунда динлараро бағрикенгликка эришиш учун улар ўртасида маданий мулоқот, эзгулик йўлидаги ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилмоқда. Айниқса, кейинги асрда инсоният бошига тушган хатарлар — ядро уруши хавфи, экологик ҳалокатлар, террорчилик ва диний экстремизм каби офат-балолар динларни эзгулик, барча инсонлар учун ягона бўлган сайёрамизни сақлаб қолиш йўлида бирлашиш ва ҳамкорлик қилишга ундамоқда. Барча динларнинг моҳиятини эзгулик, дўстлик ва биродарлик, меҳр-шафқат каби тушунчалар ташкил қилади. Хусусан, сизу биз эътиқод қилиб келаётган муқаддас Ислом динининг бу борадаги таълимотлари ҳозиргача ибрат булоғи бўлиб келаётганини барча халқ дин вакилларининг  тан олаётгани ҳам сир эмас.

Шу ўринда манбаларда келтирилган мавзуга оид далиллардан айрим намуналарни келтириб ўтсак. Имом Бухорий ҳазратлари “Ал-адаб ал-муфрад” асарларида қуйидагиларни келтирадилар: “Мужоҳид айтадилар: Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳунинг ёнида эдим. Унинг қули бир қўйни сўйиш учун олиб келаётган эди. “Эй йигит! Қўйни сўйганинг заҳоти улуш беришни ёнимиздаги яҳудий қўшнимиздан бошлашни унутма!”, - деди Абдуллоҳ.  Ёнимизда турган бир одам: “Яҳудийга эҳсон қиласанми? Аллоҳ сени ислоҳ қилсин!”, - деди.  Абдуллоҳ ибн Амр: “Расулуллоҳ алайҳиссалом қўшнига эҳсон қилишликни тавсия қилганларини эшитганман, шунчалар кўп тавсия қилганларки, ҳатто қўшни бизга меросхўр бўладимикин, деб ўйлаб қолганмиз, дея жавоб берди”.

Гувоҳи бўлганингиздек, динимиздаги бағрикенгликнинг бир жиҳати қўшни мисолида намоён бўлиб, бунда унинг дини, ирқи ёки миллати эмас, балки қўшни эканлиги ҳамда қўни-қўшничилик одоб-ахлоқлари ва меъёрлари динимизда ҳақ даражасига кўтарилмоқда. Бу эса халқимизнинг “ён қўшним – жон қўшним”, “узоқдаги дондан яқиндаги сомон яхши”, “қўшнинг тинч – сен тинч” каби ҳикматли сўзлари остида порлаб турган ўчмас қадриятларимизнинг қанчалар бебаҳо гавҳар эканига яна бир исбот талаб этмас ҳақиқатдир.

Ота-боболаримиз ёш авлодга таълим-тарбия, одоб-ахлоқдан сабоқ берар эканлар, шубҳасиз, одобнинг илк босқичи “салом” биландир. Аждодларимиздан қадрият сифатида қон-қонимизга сингиб келган саломлашиш меъёрларини айни пайтда “оммавий маданият” таъсири остида қолаётгани ҳам ўйга толдирмоқда. Айрим ёшларни “Ассалому алайкум” сўзи ўрнига ғарбдан кириб келган сўзларни ишлатиши, баъзилари эса “Ассалому алайкум”нинг ўрнига турли хилдаги хатти-ҳаракатлардан фойдаланиши, айниқса, “Ассалому алайкум” (маъноси: сизга тинчлик-омонлик бўлсин!) иборасини ҳақоратомуз, беандиша сўзларга алмаштириб ишлатилишини нима билан изоҳлаш мумкин?! Бу эса охир-оқибат, кишининг маънавияти ва маданияти қашшоқлашуви, аждодлардан авлодларга қадрият сифатида ўтиб келаётган мулойимлик, раҳм-шафқат, дўстлик ва кечиримлилик каби улкан фазилатлардан ажраш демак. Бу борада қуйидаги ҳадисни эсга олиш ҳам ўринли.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига яҳудийлар келиб: “Ассааму алайкум” (“Сизга ўлим тилайман”) – дейишди. Оиша розияллоҳу анҳо: “Сизларга ҳам! Сизларни Аллоҳ лаънатласин! Сизларга Аллоҳнинг ғазаби бўлсин!” – дедилар. У зот алайҳиссалом:

Шошма! Эй Ойиша, мулойимликни одат тут. Зинҳор қўпол ва уят сўз айтувчи бўлма! – дедилар.

Уларнинг нима деганини эшитмадингизми? – дедилар.

Нима деганимни эшитмадингми? Мен уларга қайтардим. (“Ва алайка ассаам”) Менинг уларга айтганим қабул бўлади. Уларнинг менга айтгани қабул бўлмайди – дедилар.

Бундайин мисоллар ва воқеликларнинг саноғи чексиз. Муҳими эса уни ҳаётга тадбиқ қилиб, амалда кўрсатиш, шундагина натижага эришилади.

Ушбу тушунча атрофида ер куррасининг барча халқлари, элатларининг жипслашишга ҳар қачонгидан ҳам айни пайтда муҳтож экани янада равшан бўлмоқда. Чунки фақат бағрикенгликкина дунёнинг турли минтақаларида содир бўлаётган фожеаларнинг олдини олиши мумкин. Шу боисдан, ЮНЕСКО 1995 йили Парижда «Бағрикенглик тамойиллари Декларацияси»ни қабул қилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан эса 1996 йилдан буён ҳар йилнинг 16 ноябр санаси «Бағрикенглик куни» деб эълон қилинди. Ушбу тамойилларга амал қилган мамлакатимиз ҳудудида ҳозирда 130дан зиёд миллат ҳамда 10дан ортиқ дин вакиллари бирлашиб, мусаффо осмон остида тинч ва осуда ҳаёт кечирмоқдалар.