Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР

Фарғона вилояти ҳокими
Бозаров Хайрулло Хайитбаевич

Ижтимоий тармоқлар

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ажратиладиган имтиёзли кредит ҳисобидан фуқароларга маҳсулот етказиб берувчи таъминотчи корхоналарнинг рўйхати
<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

.

.

Фарғона вилояти инвестицион салоҳияти

Сайтни бахолаш




Янгиликларга обуна бўлиш

Ҳозир сайтда 220 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси
Ишонч телефонига берилган бахолар


ҚАДИМГИ ДОВОН

 2017-08-16 20:29:52    183

PDF юклаш
Чоп этиш


навқирон ва дилбар Фарғонанинг дунё сайёҳларини чорловчи хислатлари хусусида сўз

 

Фарғона... . Пиру баркамоллик, соҳиби ҳидоят, илму маърифатнинг мангу булоқларидан сув ичган тупроқ. Ўзаро меҳр-оқибат, дўстлик ва бирдамлик қўшиғи ҳамиша янгроқ ўлка. Қадимий эртак ва достонларда, мингйиллик битиктош ва китобларда табаррук номи битилган, азалдан “Шарқ жавоҳири”, “Марказий Осиё гавҳари” дея шуҳрат қозонган замин. Унинг номини бу қадар юксакликка кўтарган сифатлар, тарих чиғириқларидан омон ўтиб, янада салобат касб этишининг асосли омиллари бисёр.

Қадимги Довон, Паркана номи билан машҳур бўлган Фарғона ўзининг самовий арғумоқлари билан етти иқлимга танилган. Қадимий фарғоналиклар истиқомат қилган бу заминда ривожланган ҳунармандчилик, савдо-сотиқ, чорвачилик йўналишари, ўзаро маданий алоқалар андозаси кўплаб халқ ва элатлар томонидан ўзлаштирилиб келинган. Дунёдаги энг улкан ва энг узун карвон йўли - “Буюк ипак йўли”нинг бир тармоғи айнан Фарғона водийсидан ўтгани, ўлкамиз учун  дунё тамаддунига кенг йўл очилгани ҳақида тарихнинг ўзи гувоҳлик беради.

Қурама, Олой ва Туркистон каби тоғ тизмалари табиатнинг паҳлавонлари янглиғ ўлкани мустаҳкам қанотлари билан ўраб туради. Қолаверса, унинг ўзига хос наботат олами яшил дунёнинг камёб турларини бағрига жо қилган. Маҳмуд Қошғарийнинг “Девони луғотит турк” асарида “Тўқайли ер учмоҳ (жаннат), оғочсиз ер пучмоқ (дўзаҳ)” деб таъкидланганидек, Фарғона тупроғи табиатнинг бу неъматлари билан беҳад сийланган. Ўрмон ва адирларида ўсаётган, ер юзасида саноқли бўлган айрим ўсимлик ва дарахт турларининг ЮНЕСКО муҳофазасига олингани, вилоятнинг ўзига хос географик жойлашуви, сўлим табиати, шифобахш гиёҳ ва ўсимликлари таърифи дунё олимларини бу хосиятли заминга чорлаётгани  толедан нишона. Буларнинг барида Фарғона отлиғ бетакрор масканнинг ўзига хос сифатлари намоён бўлиб, унда экотуризмни ривожлантиришга асос борлигини кўрсатади.

Табиий шароитда пайдо бўлган зиёратгоҳлар (булоқ-чашмалар, ғорлар, шифобахш тупроқлар), мозор ва мақбаралар, меъморий обидалар ва тарихий манзилларнинг борлиги заминимизнинг яна бир юксак сифатидир. Бу борада Фарғона зиёратгоҳ ва қадамжолар макони сифатида дунё аҳлини  ўз бағрига оҳанрабодай тортаётгани бежиз эмас. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қарори асосида бу бебаҳо меросни асраб-авайлаш, уларни келажак авлодга етказишга оид эзгу ишлар мунтазам давом эттирилмоқда. Маданий бойликлар, кўҳна тарихий ёдгорликларнинг маънавий аҳамиятини эътиборга олиб, республикамизда “Ўзбекистон зиёратгоҳлари ва қадамжолари” номли 7 қисмдан иборат тўплам  нашр этилган. Биринчи китоб Фарғона вилояти зиёратгоҳлари тарихига бағишланган. Китобнинг айнан Фарғонадан бошланганига ўзига хос сабаблар бор. Мусаннифларнинг изоҳлашича, Тошкентга келиб, республикамиз бўйлаб саёҳат қилмоқчи бўлган киши дастлаб довон ошади, саёҳатни Фарғонадан бошлайди.

Вилоятда мустақиллик йилларида Хожаназар Ҳувайдо, Бурҳониддин Марғиноний, Увайсий мақбаралари, Улуғ мозор, Пур Сиддиқ мажмуаси, Биби Убайда сингари ўнлаб зиёратгоҳлар миллий меъморчилик анъаналари асосида қайта таъмирланди. Ҳозирда дунё цвилизацияси бешикларидан бири саналган кўҳна замин  200 дан зиёд муқаддас қадамжолар макони сифатида ҳам обрў қозонаётир.

Яқинда адабий анжуман баҳона Марғилон шаҳридаги Увайсий уй-музейида бўлиб, музей ходимасининг меҳмонларга Увайсий момомиз ва унинг замонаси тааллуқли экспонатларнинг тарихини манбаларга асосланиб сўзлаб бераётганига гувоҳ бўлдим. Шунда сайёҳлардан бири ёнига “Увайсий тути” деган ёзувли пешлавҳа ўрнатилган улкан дарахтни кўрсатиб, у ҳақда сўради ва бу момомизни кўрган тут дарахти эканлиги, унинг ёши ҳозир икки асрдан ошгани ҳақидаги жавобни олди. Ушбу зиёратгоҳга шоира ва у яшаган даврдаги адабий муҳит ҳақида етарли тасаввурга эга бўлмай келган киши ҳам керакли билимларга эга бўлиб қайтишига ишончим комил бўлди.

Вилоятда туризм салоҳиятини янада оширишга қаратилган эзгу ишлар қаторида юртимиз ва вилоятимизнинг ўзига хос табиий, жуғрофий, маданий хусусиятлари, йиллар давомида эъзозланиб келинаётган ёдгорликларимиз тарихи ҳақидаги манбалар билан яхши танишган, муқаддас қадамжоларнинг ўзига хосликлари хусусида пухта билимга эга бўлган мутахассисларни шакллантириш, таржимонлик ва экскурсоводлик билан шуғулланадиган етакчилар салоҳияти ошириш тадбири ҳам эътиборга моликдир.

Буюклар хоки ётган, табиатан сийланган  бу заминда мақтанса, оламга кўрсатса арзигулик сифат ва хислатлар бисёр-бисёр. Фақат уларни ўрганиш, ўзига хос жиҳатларини тадқиқ этиш ва эътироф этишга шошилиш керак. Зеро, бу дилбар ўлканинг манглайи буюк тарих инъоми ва истиқлол нуридан порлаб, Фарғона дунё нигоҳи ва эътирофидаги қутлуғ манзилга айланажак.