Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР

Фарғона вилояти ҳокими
Бозаров Хайрулло Хайитбаевич

Ижтимоий тармоқлар

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ажратиладиган имтиёзли кредит ҳисобидан фуқароларга маҳсулот етказиб берувчи таъминотчи корхоналарнинг рўйхати
<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

.

.

Фарғона вилояти инвестицион салоҳияти

Сайтни бахолаш




Янгиликларга обуна бўлиш

Ҳозир сайтда 89 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси
Ишонч телефонига берилган бахолар


“ЁШЛАР ПОЕЗДИ”

×

 2017-08-21 12:00:25    102

PDF юклаш
Чоп этиш


– эрк ва тинчлик шукронаси, ёшлик ва баркамоллик, эзгу ғоялар тарғиботи

 

Бугун мамлакатимиз бўйлаб кезаётган истиқлол шукуҳи,  одамлар юрагидаги ёруғ ўйлар, эртанги кунга бўлган қатъий ишонч ҳисси халқ розилиги, ёшлар манфаати йўлидаги ислоҳотларнинг нақадар улуғвор ва ҳаётбахш эканлигини кўрсатаётир.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг  йигирма олти йиллигига бағишлаб “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида “Ёшлар поезди” тарғибот акциясининг ўтказилиши ҳам ана шундай юксак тушунчаларнинг қадр-қиммати, Ватан тақдирига дахлдорлик, фидойилик, ижтимоий фаоллик сингари эзгу туйғулар моҳиятини англашга хизмат қилмоқда.

Республикамиз бўйлаб ташкил этилаётган “Ёшлар поезди” тарғибот тадбирлари жорий йилнинг 16-17 август кунлари  вилоятимизнинг барча туман-шаҳарларида кўтаринки руҳда ўтказилди.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи фаолияти, мақсад-вазифаларини кенг тарғиб этиш, аҳоли, айниқса, ёш авлодни мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли жараёнлар, демократик ўзгаришлар билан яқиндан таништириш, уларда юртимиздаги юксак ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини шакллантириш баробарида ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши, жамиятнинг фаол ва керакли аъзосига айланиши йўлида Юртбошимиз томонидан яратилган имтиёз ва имкониятлар билан таништириш, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оила фарзандларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга кўмаклашиш сингари қатор мақсадларни кўзда тутган тарғибот акцияси халқимиз ва ёшлар қалбига байрамона шукуҳ олиб кириб, улар билан самимий суҳбатлашиш, жойларда ёшларни қийнаётган муаммоларнинг ечимини топишга амалий ва консультатив кўмак бериш имконини ҳам берди.

ҚЎШТЕПА туманидаги “Исмоилжон гиламлари” корхонасида бўлиб ўтган тарғибот тадбирлари нафақат бу ерда ишлаётган 500 нафардан зиёд ёшлар, балки корхона жойлашган “Қашқар” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси учун маънавият ва маданият байрами, жўшқин учрашувга айланди.

Самимий мулоқотлар чоғида Ўзбекистон психологлар ассосиацияси аъзоси Вилоятхон Давлетова, республика жисмоний тарбия ва спорт Давлат қўмитаси вакили Жамолиддин Саъдуллахўжаев, жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабаси Жавоҳир Шамсутдинов, актёрлар Дониёр Насриддинов, Бахтиёр Турғунов ва “Уммон” гуруҳи иштирокидаги тарғибот гуруҳи аъзолари томонидан “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси”, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони, “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори, шунингдек, “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойишининг мазмун-моҳияти, уларнинг ёшларимиз тақдири, маънан ва жисмонан баркамол бўлиб вояга етказиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг мустаҳкам асоси эканлиги ҳақида сўз юритилди.

Маданий ҳордиқ олишимиз, ўй-кечинмаларимиз, ҳал этилиши керак бўлган муаммоларимиз билан ўртоқлашадиган, самимий суҳбатдош бўладиган таниқли ва фаол инсонларнинг ташрифи кўнглимизни тоғдек кўтарди, – дейди тумандаги “Мумтоз” маҳалласи ёшлари вакили Наргизахон Ниёзова. – Бундай учрашувлар, тадбирлардан ёшларга тааллуқли ҳеч бир масала давлатимиз ва муҳтарам Президентимиз эътиборидан четда қолмаётганини теранроқ англаяпмиз.   

Таниқли эстрада хонандалари иштирокидаги куй-қўшиқларга ёшлар жўр бўлишди, ёшлик ва баркамоллик тараннуми санъатсевар халқимизга янгича руҳ ва шижоат берди.

Куннинг иккинчи қисмида тумандаги “Шукур Давлат” кўп тармоқли фермер хўжалигида китобхонлик тарғиботига бағишланган хайрия акцияси ўтказилди. Очиқ мулоқотлар чоғида фаол иштирок этган ташаббускор  ёшлар ва фермер хўжалигида ташкил этилган кутубхона фондига Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан китоблар совға қилинди.

Туман  марказий маданият уйи олдида ташкил этилган маданият ва санъат намоёндалари иштирокидаги концерт дастури энг улуғ, энг азиз байрам нафасини олиб кирди.

УЧКЎПРИК туманидаги тадбирлар туман тиббиёт бирлашмасидан бошланди. Соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари ва туман ёшлари иштирокида ўтказилган учрашувда таниқли санъаткорлар, олимлар, иқтидорли талабалар иштирок этди.

Учрашувда сўзга чиққанлар энг улуғ, энг азиз байрамимиз – мустақиллигимизнинг 26 йиллиги ҳақида тўлқинланиб гапирдилар. Ёшлар томонидан янги ғоя ва ташаббуслар ўртага ташланди. Айниқса, Ўзбекистон психологлар ассоциацияси аъзоси Муҳайё Ташметова билан мулоқот  барчада ёрқин таассурот қолдирди. Дилрабо қўшиқлар йиғилганларни рақсга чорлади.

– Бундай руҳдаги тадбирлар аввалги йилларда ҳам катта ташаббус ва кўтаринки руҳда ўтказилиб, уларда гиёҳвандликка, диний экстремизм ва терроризмга, одам савдосига қарши курашишга чорловчи суҳбатлар, акциялар ўтказилганини яхши эслаймиз. Улар ўз самарасини ҳам берган, – деди биз билан суҳбатда “Ниҳол” мукофоти совриндори Шаҳло Рустамова. – Мазкур тадбир истиқлолимизнинг 26 йиллик тўйи арафасида ўтказилаётгани эса унга янгича маъно ва руҳ бағишламоқда. Қутлуғ байрам олдидан Ватанга бағишланган янги таронани муҳлисларга тақдим этмоқчиман. Самимий суҳбатлар биз санъаткорларга ҳам чексиз илҳом, яхши кайфият бахшида этади.

Худди шундай учрашув тумандаги “Бешкапа” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам бўлиб ўтди. Унда уюшмаган ёшлар билан ўзаро мулоқот ташкил этилиб, уларнинг қизиқишлари, таклифлари ўрганилди.

– Президентимизнинг 30 июнь куни ёшлар билан ўтказган учрашуви ва шу куни мутлақо янги тизим – Ўзбекистон ёшлар иттифоқига асос солингани биз ўғил-қизлар ҳаётида унутилмас воқеа бўлиб қолди, – дейди Моҳинабону Мелиқўзиева. – Шу маънода ўтказилаётган бу каби тарғибот тадбирлари яратиб берилган имкониятлардан унумли фойдаланишга, Ватаннинг асл фарзандлари бўлишга даъват этади.

Тарғибот тадбири тумандаги хотира хиёбонида ўтказилган сайилга уланиб кетди.

РИШТОН  Политехника коллежида бошланган учрашув мавзуси ёшлар тадбиркорлигига бағишланди. Унда ишбилармон ўғил-қизлар кичик бизнесни бошлаш тартиби, иш билан таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашда ажратилаётган сармоялар ва уларни расмийлаштириш борасидаги  савол ва таклифларини ўртага ташлашди.

Таниқли кулол, “Дўстлик” ордени соҳиби Тоҳиржон Ҳайдаровнинг уй-музейида давом этган учрашувда ҳам ёш авлод вакилларининг чексиз завқига гувоҳ бўлдик.

Музей қошида маҳалла ёшлари учун кулолнинг шахсий маблағи эвазига ташкил этилган кутубхона, унга 1000 дан зиёд бадиий китобларнинг келтирилгани, бу орқали болаларнинг мутолаага бўлган қизиқиши тобора юксалаётгани меҳмонлар томонидан эътироф этилди. Музейдан ўрин олган ҳунармандчилик намуналари ва уларнинг яратилиш сирларини катта қизиқиш билан кузатдилар.

Учрашувда истеъдодли хонандалар Ҳожиакбар Ҳайдаров, Шоҳсанам Холмирзаева, “Йил психологи – 2015” танлови ғолиби Венера Амирова ҳамда олим ва иқтидорли талабаларнинг чиқишлари олқишлар билан қарши олинди. Учрашув чоғида туманнинг истеъдодли ёшлари ўзларининг шеърий машқларини, мусаввирлик ишларини меҳмонларга туҳфа этишди.

– Бу тадбирнинг энг аҳамиятли жиҳати ёшларни бир мақсад атрофида жипслаштираётганидир, – дейди тумандаги 47-умумтаълим мактабининг бошланғич ташкилот етакчиси Нафиса Ядгарова. – Қолаверса, ёшларнинг уюшмаган қисми ҳам эътиборимиздан четда қолмаяпти. Уларнинг ҳам турли йўналишлардаги истеъдоди ва салоҳиятини илғаб оляпмиз. Ўз навбатида мана шундай тадбирлар ёшларнинг келажакка интилишини тарбиялайдиган омил бўлиб хизмат қилади.

Тумандаги марказий истироҳат боғида бўлиб ўтган сайилда ҳам ёшлик ва шижоат нафаси сезилиб турди.

БЕШАРИҚ туманидаги Чорбоғтўронғи маҳалла фуқаролар йиғинидаги учрашув туман ёшларини бир сафда бирлаштирди. Ўзбекистон Миллий университети профессори Фарҳод Мусаев, ёзувчи Муҳаббат Тўлаганова, “Гулхан” журнали бўлим муҳаррири Муҳаббат Ҳамидова, эстрада хонандаси Рустам Тўлқинов, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Меҳриноз Аббосова ва бошқалар истиқлол шукуҳи, ёшларга яратиб берилаётган имкониятлар ҳақида сўз юритдилар.

Худди шундай учрашув “Бешариқ текстил” корхонасида ҳам ўтказилди. Бу ерда фаолият олиб бораётган ёшлар ҳаёти, уларнинг иш шароитлари билан яқиндан танишилди. Тумандаги “Ёшлик” маданият ва истироҳат боғидаги гала-концерт барча ўғил-қизларга хуш кайфият улашди.

ФУРҚАТ туманидаги “Ёшлик” болалар оромгоҳидаги учрашувларда ҳам мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, китобхонлик маданиятини ошириш, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ҳақида самимий фикрлар, таклифлар билдирилди. Таниқли санъаткорлар, эстрада хонандалари, олим ва иқтидорли талабаларнинг чиқишлари барчага манзур бўлди.

– Таниқли санъаткорлар, олимлар, истеъдодли тенгдошларимиз билан учрашув туманимиздаги ҳар бир ўғил-қизни хурсанд қилди, - дейди Дурдона Ғаффорова. – Энг муҳими, мустақиллигимизнинг қадр-қиммати, уни асраб-авайлаш, Ватанга содиқ фарзандлар бўлиш ҳақида кенг тушунчага эга бўлдик.

“Рўзиматжон ота” МЧЖда ўтказилган учрашувда ҳам туман ёшлари бир олам таассурот олдилар. Тарғибот акцияси туман марказий ўйингоҳида ўтказилган гала-концерт билан ўз якунига етди.

    БАҒДОД  туманининг “Ирғоли”  маҳалла фуқаролар йиғинидаги 30-умумтаълим мактабида Ўзбекистон Миллий университети профессори  Ахмаджон Мелибоев,   актриса Нигина Анорбоева,  эстрада хонандалари Музаффар Мирзараҳимов, Ҳусан, Иззатбек Қиличев,  шоир Чоршам Рўзиевлар иштирок этдилар.

 Улар томонидан қўшиқлар, шеърлар янгради.  Мактаб кутубхона фондига китоб жамланмалари топширилди.

Социолог  Баҳром Саидов,  Ўзбекистон  психологлар ассоциацияси  аъзоси Абдумалик Жиянбоев, “Ёш тадбиркор” консультатив  маркази координатори  Шерзод Бобожоновлар  иштирокида уюшмаган ёшлар билан суҳбат ташкил этилди.  Уларнинг  муаммо ва таклифлари,   соҳаларда олиб борилаётган ўзгариш ва янгиланишларга муносабати ўрганилди.  Анкета сўровномалари  орқали фикр-мулоҳазалари билан танишилди, маслаҳатлар берилди.

  Ёшларнинг билим олиши, уларнинг  салоҳиятли ва илмли бўлишларида мактабгача таълим муассасасларининг аҳамияти юксак эканлиги барчамизга маълум, – дейди  тадбир иштирокчиси Шоира Ҳакимова. – Биргина 30-мактабнинг ўзига  Катта йўл, Ирғоли, Болғоли қишлоқларидан   мингдан зиёд ўқувчилар келади.  Уларни қамраб олиш қийинчилик туғдирганлиги сабабли боғча биноси  мактаб филиалига айлантирилган.   3 та қишлоқ болалари учун боғча йўқ. Агар  мактабгача таълим муассасаси ташкил қилинса, биз ёшлар ҳам иш билан таъминланган бўлардик.

Туман тиббиёт бирлашмасида бўлиб ўтган учрашув, ёшлар марказидаги байрам сайли бағдодликларга унутилмас лаҳзаларни ҳадя этди. 

  БУВАЙДА туманининг  Деҳқонобод маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган  тадбир маҳалла аёллари, ёшларнинг қувончига қувонч қўшди.   Актёрлар Шерзод Абдувалиев, Фарруҳ Ботиров,  эстрада хонандалари  Зоҳид Юсупов (Мустафо), Шербек Шодиев,                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                           спортчи Миразиз Мирзахалиловлар  ўзларининг чиқишлари билан барчага кўтаринки кайфият бағишладилар.   

Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги муносабати билан  туманларда,  маҳаллаларда   ташкил қилинаётган байрам тадбирлари, ободлик нафаси, шукроналик шукуҳи хусусида сўз юритилди.  Ёшларни китобга бўлган қизиқиишини янада кучайтириш, дунёқарашини кенгайтириш мақсадида маҳалла гузарида кутубхона ташкил этилиб,  Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгашининг 200 дан зиёд китоб жамланмалари тортиқ этилди.  Уюшмаган ёшлар томонидан тадбиркорлик билан шуғулланиш, ҳунар ўрганиш, иш, уй-жой билан таъминланиш масалаларида 40 дан ортиқ таклифлар билдирилди.

  Туман электр тармоқлари корхонаси билан бўлиб ўтган ижодий учрашув ёш ходимларни янада ғайрат билан ишлаш,  берилган имтиёз ва имкониятлардан унумли фойдаланиш, Ватанга муносиб хизмат қилишга ундади.

 Туман маданият ва аҳоли дам олиш марказида ўтказилган байрам сайли ёшу қарининг қалбига мустақиллик тараннумини  улашди. 

ФАРҒОНА шаҳрида “Ёшлар поезди” тарғибот акцияси кўтаринки кайфиятда ўтказилди. Шоир ва ёзувчилар, кино ва театр актёрлари, эстрада хонандалари, тадбиркорлар, спортчилар, ижтимоий соҳа ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, Ёшлар  иттифоқи фаолларидан иборат тарғибот гуруҳи аъзолари Фарғона болалар уйига ташриф буюрдилар.

– Бугунги мулоқотда ёш оилаларга учун берилаётган имтиёзлар ҳақида қизиқтирган саволларга жавоб олдим, таклифларимни айтдим - дейди тадбир иштирокчиси Садбархон Ғофурова- Cевимли ижодкорларимиз билан бўлган бу тадбир ёдимизда қоладиган бўлди.

Очиқ мулоқотда  Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи қандай ташкилот, унинг мақсад ва вазифалари нимадан иборат, ташкилотга берилган имтиёз ва ваколатлар ҳақида атрофлича сўз юритилди. “Гулистон” МФЙда давом этган тадбирда ҳам психологик консультациялар, иштирокчилар ижтимоий кайфиятини ўрганишга қаратилган сўровномалар, адабиёт соатлари ўтказилиб, энг яхши иштирокчиларга китоблар  совға қилинди.

Фарғона вилояти ёшлари жуда юксак маънавиятли, дунёқараши кенг зукко ёшлар эканлиги бугунги учрашувларда ҳам намоён бўлмоқда,-дейди “Нихол” мукофоти совриндори Фирдавс Пазлидинов. – Уларни келгусида юртимиз  равнақи учун ўз хиссасини қўшишларига ишонамиз.

Таниқли хонандалар ижросидаги қўшиқлар барчага манзур бўлди.

ҚУВА туманида ташкил этилган тарғибот акцияси “Байналминал” МФЙ марказидан бошланди. Бу ерга теварак-атрофдаги маҳалла, қишлоқлардан 500 га яқин ёшлар тўпланишди. Тадбирни Марказий Кенгаш аъзоси Хушнудбек Худойбердиев олиб борди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Темир Убайдулло сўзга чиқиб, Юртбошимиз томонидан ёшлар ҳақида қилинаётган ғамхўрликлар, учрашувнинг мақсад ва вазифалари ҳақида батафсил сўзлади.

Шундан сўнг қувалик ёш йигит-қизлар бирин-кетин сўзга чиқиб, фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Айниқса, Қува туман тиббиёт коллежи битирувчиси Ўлмасхон Хусанова томонидан ўқилган шеър мезбон ва меҳмонларни руҳлантириб юборди. Шоир Т.Убайдуллонинг таклифи билан Ў.Хусанованинг шеърий тўпламини Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган фонд томонидан бепул чоп эттиришга тавсия қилинди.

Шу ерда Ўзбекистон психологлар ассоциацияси аъзоси Элгиза Юсупова бир гуруҳ ёшлар билан машғулот ўтказди. Актёр Муроджон Низомов, ёш олим Жасур Ахмедов, Ўзбекистон Миллий университети ўқитувчиси Зиёвуддин Жўраев, адиба Муҳайё Тўлагановалар ижодларидан намуналар ўқиш ва кўрсатиш билан бирга бир гуруҳ ёш йигит-қизлар иштирокида даврага янада файз киритдилар.

Шу куни “Ёшлар поезди” қатнашчилари Сўфи, Қалин пўстин МФЙларида, “Қува текстил” корхонасида, ҳарбий қисмда учрашувлар ўтказишди. Оқшомда маданият ва истироҳат боғида ёшлар билан учрашув ва концерт дастури намойиш қилинди. 

ЁЗЁВОН туманидаги “Хонобод” МФЙ гузарида маҳаллалардаги ёшлар, айниқса, уларнинг уюшмаган қисми билан республика тарғиботчилари очиқ мулоқот ўтказишди. Унда диний экстремистик оқимлар, “оммавий маданият” ҳақида фикрлар юритилди. Тинч-осуда кунларимизга  шукур  қилиб, яратилаётган  имкониятлардан  тўғри  фойдаланиб, юрт корига бакор келишни  маҳалла  нуронийлари  ёшларга  қайта-қайта уқтиришди.

Йиғилганларнинг саволларига тарғибот гуруҳи вакиллари доцент Эшмуҳаммад  Қодиров,  шоир  Нуриддин  Аминжонов, Ўзбекистон психологлар ассоциацияси  аъзоси Алишер Халиқов, социолог Қудрат Худаберганов жавоб беришди.

Улуғбек Алимов ва Азиз Латипов каби актёрларга ёшлар ўзларини қизиқтирган  саволлар  билан  мурожаат  қилишди. Айниқса, эстрада  хонандаси Алижон  Исоқов ижро этган шўх-шодон қўшиқлар барчага олам-олам қувонч ҳадя этди.

Тадбир тумандаги 28-болалар  мусиқа ва санъат мактабида истеъдодли ёшлар билан очиқ мулоқот тарзида давом эттирилди. Тарғибот гуруҳи қатнашчиларининг Ёзёвон тумани аҳолиси, айниқса, ёшлар билан самимий учрашувлари тумандаги  истироҳат боғида ниҳоясига етди.

Тадбирда икки минг нафардан зиёд аҳоли иштирок этишди.

ҚУВАСОЙ шаҳри саноати ривожланган,  кўркам гўша. Бу ерда 10  га яқин миллат вакиллари аҳил-иноқликда қўни-қўшни, қуда-анда бўлиб фаровон ҳаёт кечиришмоқда. Тарғибот гуруҳи аъзолари дастлаб “Суфон” МФЙ гузарида ёшлар, айниқса уларнинг уюшмаган қисми билан учрашиб, очиқ мулоқот ўтказишди. Шаҳарнинг маданият ва аҳоли дам олиш масканида жойлашган театрда аҳоли ва  ёшларга республика ёш томошабинлар театри актёрлари томонидан  Қўчқор Норқобил асари асосида тайёрланган “Осмон остидаги сир” номли спектакли намойиш қилинди.

“Кварц” АЖда корхона ёшлари билан ўтказилган очиқ мулоқот шаҳар маданият ва истироҳат боғида ёшлар сайилларига уланиб кетди. Тадбирда жами 6 минг нафарга яқин аҳоли, маҳалла фаоллари, ёшлар ва уюшмаган ёшлар иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Миллий университети профессори Аҳмаджон Мелибоев, актриса ва актёрлардан Нигина Анорбоева, Тўлқин Набихўжаев, эстрада хонандалари Лобар Умарова ва Аброр Азизовлар, шоир Чоршам Рўзиев, Тошкент Давлат юридик университети талабаси Музаффар Нуралиев ва бошқалар иштирок этди.

ФАРҒОНА туманидаги “Фергана  азия текстиль” корхонасида тарғибот гуруҳи аъзолари катта эҳтиром билан кутиб олинди.

Тадбирда ёшларнинг севимли эстрада жамоаси “Уммон” гуруҳи ўзларининг қўшиқлари билан барчага олам-олам завқ-шавқ улашди.

– Гуруҳимиз билан кўп марта вилоятингизга келганмиз, -дейди “Уммон” гуруҳи  продюсери Анваржон Мирхадиев.-Ҳар гал бизни иззат-эҳтиром билан кутиб олувчи фарғоналикларга ўзимизнинг миннатдорчилигимизни билдириб, уларни муситақиллигимизнинг 26 йиллик байрами билан қутлаймиз.  Яқин кунларда янги концерт дастури билан Фарғонага гастроль уюштиришни режалаштирганмиз. Бу бизнинг фарғоналик дўстларимиз, яқинларимизга байрам совғамиз бўлади.    

Тадбир сўнггида  “Уммон” гуруҳи ва яккахон хонандалар Аброр Азизов ва Беҳруз Тоҳировлар ижро этган қўшиқлар жаранг сочиб,  рақсларга уланиб кетди.

“Аввал” МФЙ гузарида кўпсонли аҳоли, ёшлар  билан дилдан суҳбат ўтказилди. Улар ўзларини қизиқтирган саволларга меҳмонлардан тўлақонли жавоб олишди. Бахтиёр Турғуновни жуда кўп ёшлар “Сариқ девни миниб” фильмидаги  Ҳошимжон Рўзиев образи орқали яхши танишади.

Тарғибот тадбирлари кеч соат 18:00 да туманнинг  сўлим Водил қишлоғидаги “Чинор таги” истироҳат ва аҳоли дам олиш боғида ёшлар байрамига айланиб кетди. Ўзбекистон психологлар ассоциацияси аъзоси  В.Давлятова, актёрлардан Ҳ.Ҳасанов, Б.Турғунов, “Уммон” гуруҳи, жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабаси Ж.Шамсутдинов, “Ёш тадбиркор” консультатив маркази координатори Б.Убайдуллаев, эстрада хонандалари Л.Умарова ва А.Азизовлар ўтказилган учрашув, очиқ мулоқотларда фуқаролардан тушган саволларга, билдирилган таклифларга ўз муносабатларини айтиб ўтдилар.

ОЛТИАРИҚ туманидаги Файзиобод силга қарши курашиш санаторияси, Повулғон маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган учрашувларда янги авлод вакиллари, айниқса, туманнинг уюшмаган ёшлари билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Учрашувларда қарийб бир ярим минг нафар олтиариқлик йигит-қизлар, 4 нафар туман ички ишлар бўлими профилактик ҳисобида турувчи ва 8 нафар кам таъминланган оилалар фарзандлари иштирок этишди.

Юзма-юз мулоқотларда Тошкент Давлат юридик университети профессори Феруза Муҳитдинова, “Ниҳол” мукофоти совриндори Ёдгор Мирзажонов, ёзувчи ва драматург Мирзапўлат Тошпўлатов, эстрада хонандаси Дилафруз Ҳайитматова, актёрлар Ўткир Менглиев, Суҳроб Ҳасанов, спортчи Дилафруз Мамажонова, “Ёш тадбиркор”  консультатив маркази координатори Исломбек Ғуломов, Ўзбекистон психологлар ассоциацияси аъзоси Дилбар Ҳожимуродовалар қатнашдилар.

Файзли оқшомда туман марказидаги истироҳат боғида ёшлар сайли ўтказилиб, пойтахтдан ташриф буюрган санъаткорлар иштирокида катта концерт дастури намойиш этилди.     

ҚЎҚОН шаҳрида ҳам “Ёшлар поезди” тарғибот акцияси тадбирлари катта уюшқоқлик билан такшил этилди. Дастлаб “Бунёдкор” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган учрашувда мамлакатимизда келажагимиз ворисларига яратилаётган шарт-шароитлар ва улардан унумли фойдаланиш борасида сўз юритилди.

“Қўқон индорама текстиль” қўшма корхонасидаги мулоқотда юртимизда тадбиркорлик ривожи, хорижий инвестиция жалб этиш соҳасидаги қулайликлар, ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш мақсадидаги ёшларга эътибор ва рағбат кўрсатишга қаратилган ғамхўрликлар мамнуният билан эътироф этилди.

- Қўқон ёшларининг юксак орзу-мақсадларига қойил қолмай иложи йўқ,-дейди шоир Бобур Бобомурод. – Бугунги кунда давлатимиз томонидан келажагимиз ворислари учун яратилаётган шарт-шароитлар уларнинг шу каби орзу-интилишларини рўёбга чиқаришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. 

Акция тадбирлари доирасида Қўқон шаҳар мусиқали драма театри ижодий жамоаси томонидан “Бибихоним” спектакли намойиши ўтказилди. Ёшлар боғида бўлиб ўтган сайил томошалари барчага байрам кайфияти, хурсандчиликлар улашди. 

ДАНҒАРА туманида “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида бўлиб ўтган учрашувлар туманнинг барча ҳудудлари ва ёшлари, айниқса, уюшмаган ёшларини қамраб олди. “Мусаввир” текстил корхонаси, бир қатор корхона ва ташкилотлардаги суҳбатлар жуда самимий ўтди.

Туманнинг чекка ҳудудларидан саналувчи Оқжар маҳалла фуқаролар йиғини гузарида ташкил этилган учрашувда пойтахтдан ташриф буюрган ижодкорлар, санъаткорлар, спортчилар, ҳуқуқшунос ва психолог олимлар ҳамда маҳалла ёшлари ўртасида қизиқарли мавзуларда суҳбатлар уюштирилди.

– Маҳалла ёшлари орасида ўз тадбиркорлигини бошлаш ниятида бўлганлари кўп эканлиги бизни беҳад қувонтирди,-дейди “Ёш тадбиркор” консультатив маркази координатори Муҳаммадбобур Манасов. – Суҳбат давомида бу ёшларга керакли йўл-йўриқ ва маслаҳатлар берилди.

“Ёшлар поезди” тарғибот акциясига Данғара саноат касб-ҳунар коллежида ўтказилган ёшлар сайли ва концерт дастури янада шукуҳ бағишлади.

ТОШЛОҚ туманидаги Қўрғонча  маҳалла фуқаролар йиғинидаги 7-умумтаълим мактабида бошланган байрам тадбири  ёшлар сайли билан якунланди.

Маҳаллардаги уюшмаган ёшлар,  “Марташспецодежда”  масъулияти чекланган жамияти   ёш ходимлари билан  очиқ мулоқотлар ўтказилди.  Соғлом фикрли ёшлар юрт таянчи ва суянчи эканлиги, халқимиз фаровон ҳаёти, бахтли келажагини биргаликда қуришимиз, яратилган шарт-шароитлардан унумли фойдаланиб, ҳар бир ўғил-қиз ўз устида ишлаши, турли соҳаларда  меҳнат  қилиб,  зафарларга эришиши ҳақидаги  сўзлар ёшларни илҳомлантирди.

Маҳаллардаги  ёшларни қийнаб келаётган муаммолар,   корхоналарда ёш кадрларга яратиб берилаётган шароитлар билан танишилди.

“Ёшлар поезди” акцияси тарғиботчилари – актёрлар Азиз Латипов, Улуғбек Алимов, “Ниҳол” мукофоти совриндори  Гуласал Абдуллаева,  хонанда Алижон Исоқов, шоир Нуриддин  Аминжонов,  спортчи Миразиз Мирзахалилов сингари турли соҳа вакиллари  улар билан суҳбатлашдилар. Гуруҳларга бўлиниб, сотциологик сўровлар ўтказилди.  Тадбиркорлик билан шуғулланишга қизиқиш билдирган  қатнашчиларга  “Ёш тадбиркор” консультатив  маркази координатори  Адҳам Тоҳиров мамлакатимизда ёш тадбиркорларга яратиб берилаётган қулайликлар, имтиёз ва имкониятлар ҳақида тушунча берди.

Тадбирда  66 нафар кам таъминланган оила фарзандлари,  25 нафар имконияти чекланган  ёшлар иштирок этдилар.

ЎЗБЕКИСТОН тумани ёшлари тадбирга  катта қизиқиш билан тайёргарлик кўришди. “Глория” текстил корхонасида  ташкил этилган  учрашув корхона, ташкилот, муассасасалар ёш ходимлари билан гавжум бўлди.  Улар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб,  актёрлар Шерзод Абдувалиев, Фаррух Ботиров, эстрада хонандаси Зоҳид Юсупов (Мустафо), Шербек Шодиевлардан  жавоб олишди.

Куй-қўшиқлар жаранг сочиб,  қувончларга қувонч қўшди, барчани рақсга чорлади.  Тарбирлар Нурсух маҳалла фуқаролар йиғини ва  туман марказий истироҳат боғида  бўлиб ўтди.  

– Ёшлар ўртасида соғлом муҳитни барқарорлаштириш, уларнинг қарашлари, ўйлари, фикрлар билан яқиндан танишиш,  янада шижоат билан ҳаракат қилишга ундаш ҳар биримизнинг вазифамиз, – дейди шоир Бобур Бобомурод. –  Ҳар бир  йигит-қизнинг қалбида   билим олишга кучли иштиёқ, санъат, маданият, адабиётга интилиш, қизиқиш бор.  Бунга тарғибот тадбирлари давомида  яна бир бор шоҳид бўлдик.

СЎХ ТУМАНИ. Очиқ мулоқотлар давомида   кам таъминланган, носоғлом оила фарзандлари, уюшмаган ёшлар қамраб олиниб, уларга озод ва обод Ватанимизда  яшаётган ҳар бир инсон чинакам бахтли эканлиги,  эътибор ва ғамхўрликларга жавобан интилиш ва  таълим жараёнида фаол иштирок этиш  керакли тушунтирилди. 

МАРҒИЛОН шаҳрида “Ёшлар поезди” тарғибот акцияси доирасида  Увайсий уй музейида уюшмаган ёшлар  билан очиқ мулоқот ўтказилди. Адабиёт кечалари, машҳур спортчилар билан учрашувлар, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича семинар-тренинглар қизғин бахс мунозарага айланиб кетди.

Тадбир иштирокчилари шаҳардаги “Ёдгорлик” корхонаси қўли гул хунармандлари яратган миллий адрас матолар намуналари билан танишдилар. Ўзаро мулоқот жараёнида ҳунармандчилик намуналари билан танишдилар.

Шаҳардаги Ёшлар хиёбонида байрам  сайли ва катта концерт дастури намойиш этилди.  “Нихол” мукофоти совриндори, ҳушовоз хонанда Умар Шамсиев, марғилонлик қўшиқчилар томонидан ижро этилган қўшиқлар томошабинларга завқу шавқ бағишлади.

Тарғибот тадбирида  эл суйган актёрлар, ижодкорлар, спортчилар, ёш олим ва ҳуқуқшунослар, спортчилар иштирокидаги сухбатлар марғилонликлар қалбида  юртимиздаги тинчлик, хотиржамлик, фаровонликка шукроналик  туйғусини  уйғотди.

Тадбир  3010 нафар корхона ёшлари, маҳалла фаоллари ва уюшмаган ёшларни қамраб олди.