Фарғона вилояти ҳокими
Бозаров Хайрулло Хайитбаевич
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ажратиладиган имтиёзли кредит ҳисобидан фуқароларга маҳсулот етказиб берувчи таъминотчи корхоналарнинг рўйхати
.
.
Сайтни бахолаш
Ишонч телефонига берилган бахолар
ФАРҒОНАДА ШВЕЙЦАРИЯ САРМОЯСИ БИЛАН БЛОКЧЕЙН МУҲАНДИСЛИГИ ҲАМДА КОМПЬЮТЕР ЎЙИНЛАРИ ЯРАТИШ СОҲАЛАРИГА ИХТИСОСЛАШГАН ХАЛҚАРО УНИВЕРСИТЕТ ТАШКИЛ ЭТИШ БЎЙИЧА МЕМОРАНДУМ ИМЗОЛАНДИ
2021-12-23 11:59:58 150
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, ахборот технологиялари соҳасида дунёнинг таниқли мутахассисларидан бири, туркиялик профессор, International Swiss Science University ректори Тунжай Севиндикни қабул қилди.
Учрашувда бугунги кунда дунёда ахборот технологиялари соҳасида сифатли кадрларга ошиб бораётган эҳтиёж ҳамда Фарғона вилоятида бу борада мутахассислар тайёрлашда амалга оширилаётган ишларни янги босқичга кўтариш масалалари муҳокама қилинди.
Тунжай Севиндик, Фарғона шаҳрида барпо этилаётган 13 қаватли замонавий IT-Park лойиҳаси билан танишганини ҳамда бу марказ унда катта таассурот қолдирганини қайд этди.
Фарғонада Швейцария сармояси билан Блокчейн муҳандислиги ҳамда компьютер ўйинлари яратиш соҳаларига ихтисослашган халқаро университет ташкил этиш масаласи учрашув кун тартибининг асосий мавзуси бўлди. Тунжай Севиндик, инновацион ривожланиш ва рақамли иқтисодиёт даврида блокчейн ва криптовалюталар билан амалга ошириладиган турли хилдаги молиявий операциялар яқин йилларда Ўзбекистонда ҳам банклар фаолиятининг ажралмас бўлаги ҳолига келишини, ҳар бир молиявий муассасада блокчейн мутахассисларига эҳтиёж пайдо бўлишини қайд этди. Шунингдек, компьютер ўйинлари яратиш саноати бугун дунёда 200 миллиард долларлик бозорга эга эканига эътибор қаратган Севиндик, бу соҳада масофадан ишлаш имкониятини ҳисобга олганда, мамлакатимиз ёшлари ҳам керакли билимларни қўлга киритишса, шу ердан туриб халқаро компанияларда яхши маошлар билан фаолият олиб боришлари мумкин бўлишини таъкидлади. Булардан келиб чиқиб, шунингдек Фарғонадаги ёшларнинг билим салоҳиятини ҳисобга олиб, вилоятимизда ушбу университетни ташкил этиш режалаштирилгани маълум қилинди.
Вилоят ҳокими ушбу лойиҳани ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдириб, янги олийгоҳни келгуси ўқув йилидан бошлаб иш бошлаши мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлади.
Учрашув якунида Блокчейн муҳандислиги ҳамда компьютер ўйинлари яратиш соҳаларига ихтисослашган халқаро университет ташкил этиш бўйича меморандум имзоланди. Қисқа муддатда бу лойиҳани амалга ошириш бўйича Йўл харитаси ҳам тасдиқланади.
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook,
Telegram,
Facebook,
YouTube