Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР


Вилоят тарихи

 2017-05-13 17:51:36    3026

PDF юклаш
Чоп этиш


Фарғона вилояти Ўзбекистоннинг қадимги маданият ўчоқларидан бири. Вилоят ҳудудида топилган тош даври манзилгохлари ва қоятошларига солинган суратлар водийда одамлар енг қадимги даврлардан бери яшаб келганликларидан дарак беради. Фарғона вилоятининг тош даври ёдгорликларини 1954-йил А.П. Окладников раҳбарлигидаги археология отряди ўрганган. Водийнинг шарқий қисмидаги Қайроққум, Хўжағор ва Учқўрғон маконларидан мустйе даврига оид тош қуроллар топилди. Водийнинг ғарбий қисмидаги қадимги тош даври маданиятига оид манзилгоҳлар мустйе давридаги Қалъача, Жарқўтон ва Қапчиғай тош қуроллар ишлаш устахоналари топилиб ўрганилди. 1958-йил биринчи марта Марказий Фарғонадан мезолит даврига оид микролит тош қуроллари топилди. Шунингдек, Марказий Фарғонадаги Узункўл ва Тайлоқкўл атрофларидан мезолит ва неолит даврларига оид 24 та манзилгоҳ борлиги аниқланди (1965). Сўх воҳасидаги 28 ғор ва унгурлар (Селунгур, Ешма, Обишир, Сур, Бел, Зим, Овикамбар, Боғишим ва бошқалар) рўйхатга олинди. Обишир ғорларидаги маданий қатлам яхши сакланган. Ғорларни қазиш жараёнида мезолит даврига оид тош қуроллар, хайвон суяклари топилган. Булар ўша давр турмушини ўрганиш имконини беради.

1967 ва 1969—1970 йилларда Санкт-Петербургдаги Ермитаж музейи ходимлари мезолит ва неолит даврларига оид 35 та манзилгоҳ топдилар. Фарғона вилоятининг археологик ёдгорликларини ўрганишда катта Фарғона каналининг қазилиши муҳим аҳамиятга эга бўлди. Канални қазиш жараёнида жез даври, қулдорлик ва заминдорлик жамиятларига оид ёдгорликлар топилди ва текширилди. Қува ва Тошлоқ туманлари ўртасидаги Акбаробод қишлоғида жез даврига оид манзилгоҳ, Марғилонсойнинг чап соҳилида Оқтом қабристони бўлганлиги аниқланди. Фарғона вилоятининг Қува туманида қулдорлик даврига оид Тахёнтепа, Фарғона шаҳрида Симтепа (Чимтепа) каби ёдгорликлар топиб ўрганилган. Айниқса, Қува шаҳридаги милоддан аввалги 5-аср ва ўрта аср бошларига оид топилмалар яхши текширилган. 10—11-асрларга доир тарихий манбаларда бу шаҳар ободлиги ва катталиги жиҳатидан водийда Ахсикатдан сўнг энг йирик шаҳар деб қайд қилинган. Археологик материаллар Марғилон шаҳри 10-асрда катта қишлоқ бўлиб, 11 — 12-асрларда шаҳарга айланганлигини, Риштон эса 10-асрда катта шаҳар бўлса ҳам, 11—12 асрларга келиб қишлоқ қиёфасига кириб қолганлигини исботлайди. Ўтроқ деҳқончиликчорвачилик билан шуғулланган Чуст маданиятига оид манзилгоҳлардан топилган ёдгорликлар Фарғона водийсини ўрганишда муҳимдир. У ерда ишлаб чиқариш кучлари ва хўжаликнинг тараққиёти жез даврининг охирида деҳқончилик қабилаларининг ижтимоий тузумида ўзгариш юз беришига, натижада ибтидоий тартиблар тугаб жамиятдаги табақаланишга олиб келган. Рўзғор анжомларида хусусий мулкчилик куртаклари кўзга ташланади. Археологик текширишлар натижаси Фарғона вилоятида қадимдан одамлар яшаб, овчилик, деҳқончилик, чорвачилик билан шуғулланганлигидан, кишилик жамиятининг кейинги босқичларида эса маданият ривожлана бошлаганлигидан далолат беради.