Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР


ТОКИОДА ЯПОНИЯ-ФАРҒОНА ИНВЕСТИЦИОН ФОРУМИ БЎЛИБ ЎТДИ

×

 2023-06-02 20:59:25    339

PDF юклаш
Чоп этиш


Бугун Япония пойтахти Токиода Фарғона вилояти ва Япония ишбилармон доиралари иштирокида инвестицион форум бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Иқболжон Эргашев, вилоят расмийлари ҳамда 20 нафарга яқин вилоятимиз тадбиркорларидан иборат делегациянинг бугун бошланган Японияга амалий ташрифи дастури доирасида Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган Форумда, Japan DX, SBI Investment, Mitsui каби 30 га яқин турли соҳаларда фаолият олиб борувчи йирик япон компаниялари раҳбарлари, Япония ташқи савдони ривожлантириш ташкилоти (JETRO) ҳамда Япониянинг МДҲ мамлакатлари билан савдо ҳамкорлиги ассоциацияси (ROTOBO) раҳбарияти иштирок этдилар.

Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Фарғонадан онлайн тарзда кириш сўзи билан иштирок этди.

Сўнгги йилларда Давлатимиз раҳбари бошчиликларида юртимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар доирасида хорижий ҳамкорларга ва сармоядорларга яратилган қулай шароитлар ва имкониятлар, Фарғона вилоятини ҳам хорижий инвесторлар, шу жумладан, япон ишбилармонлари учун жозибадор ҳудудга айлантирганини қайд этган вилоят ҳокими, форумда иштирок этаётган тадбиркорларни “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида ташкил этилаётган Япония саноат технопаркида ўз лойиҳаларини амалга оширишни таклиф қилди.

Хайрулло Бозоров юртимиздаги сиёсий барқарорлик ҳамда қонун билан ҳимояланган тадбиркорлар ҳуқуқлари, шунингдек, Фарғона водийсида йирик истеъмол бозорининг мавжудлиги, вилоятимизнинг қулай логистик имкониятлари, малакали ва етарли ишчи кучи мавжудлиги инвестицион лойиҳаларнинг муваффақиятли амалга ошишида муҳим омил бўлишини таъкидлади.

Вилоят ҳокими ҳозирда Фарғонада “Шогун сити” – япон меҳмонхона, ресторан ва савдо маркази мажмуасини қуриш, “Sansho” компанияси томонидан чиқиндиларни қайта ишлаш, “АОИКАИ” холдинги билан тиббиёт университети ва онкологик касалликларни даволаш шифохонасини ташкил этиш каби йирик лойиҳалар устида иш олиб борилаётганини қайд этди.

Вилоятимизга япон ишбилармон доиралари қизиқиши ҳамда ташрифи кескин ортиши ортидан жорий йил ноябрь ойида Фарғона шаҳрида навбатдаги Ўзбек-Япон учинчи бизнес форумини ўтказиш режалаштирилаётгани ҳам маълум қилинди.

Форумда иштирок этган япон тадбиркорлари вакиллари, Фарғона вилоятига киритган инвестициялари самарали ишлаётгани ҳақида, вилоятимиздаги қулай инвестицион муҳит ҳақида сўзлаб бердилар. JETRO ва ROTOBO раҳбарлари, Ўзбекистонда бугун хорижлик инвесторларга очилаётган янги имкониятларни алоҳида эътироф этдилар.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари – вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Иқболжон Эргашев томонидан Фарғона вилояти иқтисодиётида амалга оширилаётган ишлар, ўсиш суръатлари ва вилоятнинг инвестицион, экспорт салоҳияти ҳақида тақдимот амалга оширилди.

“Қўқон” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси раҳбари Фаррух Раҳмонов Фарғона вилоятининг иқтисодий-инвестицион салоҳиятида “Қўқон” ЭИЗнинг ўрни, унинг имкониятлари, шунингдек, божхона ва солиқ тўловлари мисолида инвесторлар учун давлат томонидан тақдим этиладиган имтиёзлар ҳақида тушунчалар берди.

Форум давомида B2B ва G2B форматида музокаралар ўтказилиб, ўзаро манфаатли ҳамкорлик бўйича эришилган келишувлар доирасидаги савдо-инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш бўйича иш ташкил этиш белгилаб олинди.

Форум ишида Ўзбекистоннинг Япониядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов иштирок этди.

Фарғона вилояти делегациясининг Японияга сафари давом этмоқда.































Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook, Telegram, Facebook, YouTube, Instagram