Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР


МАРҒИЛОН ШАҲРИДА ТАШКИЛ ЭТИЛГАН ТУМАНЛАРАРО ПЕРИНАТАЛ МАРКАЗИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

×

 2023-07-04 12:57:53    402

PDF юклаш
Чоп этиш


Марғилон шаҳар тиббиёт бирлашмасининг туғруқ бўлими негизида бир вақтнинг ўзида 150 нафар туғруқ ёшидаги аёллар учун хизмат кўрсатадиган туманлараро перинатал маркази тантанали тадбир билан фойдаланишга топширилди.

Очилиш тадбирида вилоят ҳокимининг ўринбосари Файзуллажон Қосимов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдуқаюм Тўхтақулов, тиббиёт маркази врач ва ҳамширалари, жамоатчилик вакиллари қатнашдилар.

Тадбирда сўз олган вилоят ҳокимининг ўринбосари Файзуллажон Қосимов бугун юртимизда ислоҳотлар ҳар бир соҳада давом этаётгани, лекин энг катта ислоҳот тиббиёт соҳасида амалга оширилаётганлигини қайд этди. Она ва бола саломатлигини таъминлаш масаласи давлат ижтимоий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканига эътибор қаратган вилоят ҳокимининг ўринбосари, бугун фойдаланишга топширилаётган маскан ҳам бу борада муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Шундан сўнг фаоллар иштирокида рамзий тасма қирқилиб, меҳмонлар туғруқ комплексида яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар.

Марғилон туманлараро перинатал маркази Марғилон шаҳри, Тошлоқ, Қўштепа, Риштон ва Ёзёвон туманларидаги юқори малакали тиббий хизмат олишга муҳтож ҳомиладор, туғувчи аёллар ва чақалоқларга перинатал тиббий хизмат кўрсатади.

Туғруқ комплексини реконструкция қилиш, моддий-техника базасини яхшилаш учун жами 9,2 миллиард сўм маблағ сарфланди. Ушбу бинода 6 ўринли чақалоқлар реанимацияси бўлими ҳам жой олди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 июлда қабул қилинган “Соғлиқни сақлаш соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида вилоят ҳокимликлари билан биргаликда 2022 йил 1 январдан бошлаб босқичма-босқич Республикада 46 та туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларининг туғруқ бўлимлари негизида туманлараро перинатал марказларини ташкил этиш белгиланган. Жумладан, вилоятимизда 3 та – Қўқон, Марғилон шаҳарлари туғруқ комплекслари ва Бешариқ тумани тиббиёт бирлашмасининг туғруқ бўлими негизида туманлараро перинатал марказлари ташкил этилди.











Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook, Telegram, Facebook, YouTube, Instagram