Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР


СЕНАТ АГРАР ВА СУВ ХЎЖАЛИГИ МАСАЛАЛАРИ ҚЎМИТАСИ ҲАМДА ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ВИЛОЯТ, ТУМАН ВА ШАҲАРЛАР КЕНГАШЛАРИНИНГ ҚЎШМА МАЖЛИСИ БЎЛИБ ЎТДИ

×

 2024-05-29 16:52:13    922

PDF юклаш
Чоп этиш


Бугун вилоят ҳокимлиги катта мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳарлар Кенгашларининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Йиғилишда жорий йилнинг 27-29 май кунлари Қўмита томонидан Фарғона вилоятида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларга ўз вақтида ва сифатли божхона хизматларини кўрсатиш, аҳолига озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш учун ер майдонлари ажратиш, экспортбоп экинларни жойлаштириш ҳамда экспорт ҳажмини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳолати юзасидан ўтказилган ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган мажлиснинг вилоят студиясида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Сенат Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Баҳодир Тожиев, қўмита аъзолари, Сенат ишчи гуруҳи аъзолари, вилоят тегишли бошқарма ва ташкилотлари раҳбарлари, вилоятдан сайланган Сенат аъзолари, депутатлар, жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, бугунги кунда дунё мамлакатларида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ўта долзарб масалага айланганини қайд этиб, сўнгги йилларда Муҳтарам Президентимиз бошчиликларида юртимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган катта ислоҳотлар, кластерларнинг ташкил этилиши ва давлат буюртмасининг бекор қилиниши, соҳа ривожи учун берилаётган улкан имтиёзлар ҳамда йўналтирилаётган маблағлар ўз самарасини бераётганини таъкидлади.Бу жараёндаги ишларнинг бориши, ислоҳотларнинг ҳудудлардаги ижроси ҳолати юзасидан жамоатчилик назорати, хусусан, Сенат назорати ўрнатилгани жойларда мутасаддиларни бу масалага муносабатини янада ошираётганига эътибор қаратилди.

Давлатимиз раҳбарининг “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан, Республика бўйича паст ҳосилли пахта ва ғалладан қисқартирилган 200 минг гектар экин майдонлари, шу жумладан, вилоятимизда 20 минг гектар ер майдони мева ва сабзавотлар етиштириш учун ажратилгани, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва экспорт қилиш кўламини кенгайтиришда муҳим қадам бўлгани қайд этилди.

Сенат Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Баҳодир Тожиев ва қўмита раиси ўринбосари Рисқул Сиддиқов 3 кун давомида вилоятимизда олиб борилган ўрганишлар натижалари ҳақида маълумот бердилар. Вилоятда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилган янги лойиҳалар, божхона тизимида экспортёрлар учун яратилган қулай шароитлар, соҳага жалб этилаётган инвестициялар юқори баҳоланиб, бугунги йиғилиш қўшма қарорида бу ютуқлар алоҳида қайд этилиши ва Фарғона тажрибаси сифатида бошқа вилоятларда ҳам татбиқ этилиши маълум қилинди. Аҳоли хонадонларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳам вилоятда намунали даражада эканини таъкидлаган Сенат қўмитаси раиси Баҳодир Тожиев, “Деҳқончиликда даромаднинг чегараси йўқ” деган иборанинг исботини Фарғонада кўрдим” деган фикрларни билдирди.

Қўмита раиси ўринбосари Рисқул Сиддиқов ўрганишлар давомида кўзга ташланган жузъий камчиликларни келтириб ўтди, ёшларга ер майдонлари ажратиш, кооперацияларини фаолиятини янада яхшилаш, пахта далаларида агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш масалаларида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирди. Ўрганиш давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича вилоят ҳокимининг ўринбосари Алибек Турсунов белгиланган аниқ муддатли чора-тадбирлар ҳақида ҳисобот берди.

Мажлисда шунингдек, Жаҳон банки ва халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавсизлигини таъминлаш йўналишида жорий йилда вилоятимизда амалга оширилаётган, умумий қиймати 110 млн. доллардан зиёд бўлган инвестиция лойиҳаларни кредитлаш борасида Марказий банк вилоят бош бошқармаси раҳбарининг ҳисоботи ҳам эшитилди.











Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook, Telegram, Facebook, YouTube, Instagram