
Фарғона вилояти ҳокими
Бозаров Хайрулло Хайитбаевич

.
.
Сайтни бахолаш
Ишонч телефонига берилган бахолар
ЎРТА МАХСУС, КАСБ-ҲУНАР ТАЪЛИМИ – МУҲИМ БЎҒИН бу борада умумтаълим мактаблари битирувчиларини академик лицей ва касб-ҳунар коллежларига тўлиқ қамраб олиш ғоят аҳамиятлидир
2017-05-25 15:29:48 602
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 майдаги “2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги қарори таълимнинг ушбу муҳим бўғинига умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини жалб этиш, ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг йўналишлари ва ихтисосликлари бўйича касбий тайёргарланган мутахассисларга бўлган талабини самарали қондиришнинг муҳим дастуриламали бўлиб хизмат қилаётир.
Жорий ўқув йилида вилоятдаги умумтаълим мактабларининг 9-синфларини тамомлаётган 46069 нафар битирувчиларни академик лицей ва касб-ҳунар коллежларига тўлиқ қамраб олиш кўзда тутилган бўлиб, 2017 йилнинг 1 июнидан бошлаб вилоятда 9 та академик лицей, 147 та касб-ҳунар коллежлари фаолият юритиши белгиланган.
Вилоятимизда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида ўқув жараёни сифати ва самарадорлиги тубдан оширилиб, умумтаълим мактаблари битирувчиларининг танланган касблар ва мутахассисликларни эгаллашга бўлган эҳтиёжини қондиришга қаратилга шарт-шароитлар янада кенгайтирилмоқда, – дейди вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармаси бошлиғи Маъруфжон Холдоров. –Хусусан, Фарғона давлат университети қошидаги 2-сонли академик лицейи –Фарғона политехника касб-ҳунар коллежига, Қўқон давлат педагогика институти қошидаги Қўқон академик лицейи – Қўқон саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежига, Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиали қошидаги Бағдод академик лицейи – Бағдод политехника касб-ҳунар коллежига айлантирилди. Тошлоқ ижтимоий-иқтисодиёт коллежи –Тошлоқ енгил саноат ва сервис касб-ҳунар коллежига, Бувайда иқтисодиёт коллежи – Бувайда иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежига ихтисослаштирилди. Ҳозирда қайта ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни зарур ўқув-лаборатория жиҳозлари, ўқув-методик адабиёт ва қўлланмалар ҳамда малакали педагоглар билан таъминлаш чораларига эътибор қаратилган.
Вилоятда умумтаълим мактаблари битирувчиларининг 2736 нафари рус синфларини тамомлаётганлигини ҳисобга олиб, уларни етарли салоҳиятга эга бўлган ва рус тилидаги адабиётлар билан таъминланган Фарғона, Қўқон ва Марғилон шаҳарларида академик лицей ва касб-ҳунар коллежларига қабул қилиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, рус гуруҳлари ташкил этишга имконияти мавжуд бўлган Қувасой саноат, Бешариқ ижтимоий-иқтисодиёт, Бешариқ тиббиёт, Риштон саноат, Қува тиббиёт, Бағдод қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежлари сингари таълим муассасалари рўйхати шакллантирилди.
Академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида мунтазам равишда ўтказиб келинаётган “Очиқ эшиклар куни” битирувчиларнинг ўрта махсус, касб-ҳунар таълимига тўлиқ қамраб олиниши ва уларнинг таълим йўналишларини тўғри танлашларига кўмаклашишда амалий аҳамият касб этаётир.
Мазкур жараёнда индивидуал таълимга эҳтиёжманд бўлган болалар ва Меҳрибонлик уйлари битирувчиларига шарт-шароит яратиш, шунингдек, умумтаълим фанлари бўйича республика олимпиадаларида 1-5- ўринларни қўлга киритган умумтаълим мактаблари битирувчиларини академик лицей ва касб-ҳунар коллежларига мос йўналишлар бўйича имтиёзли қабул қилинишини ташкиллаш масалалари ҳам эътибор марказида.
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълимига умумтаълим мактаблари битирувчилари қамровининг тўла ва сифатли амалга оширилиши мазкур бўғиннинг тубдан такомиллашуви ҳамда салоҳиятли, ўзи танлаган ихтисослиги бўйича пухта билимларни ўзлаштирган, малакали кадрларни етиштириш йўлида ғоят муҳим қадам бўлиши, шубҳасиз.