Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР


ФАРҒОНА ВИЛОЯТИНИНГ 1052 ТА МАҲАЛЛАСИДА ЖОРИЙ ЭТИЛАЁТГАН ҲОКИМ ЁРДАМЧИСИ ЛАВОЗИМИГА ОЧИҚ ТАНЛОВ ЭЪЛОН ҚИЛИНАДИ

×

 2021-11-01 11:48:31    252

PDF юклаш
Чоп этиш


Ҳозирги кунда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг даромади ва харид қобилиятини ошириш, ишсизлик даражаси юқори бўлган маҳаллалар билан манзилли ишлаш ва уларнинг “ўсиш нуқталари”ни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ҳудудларда ташкил этилган “маҳаллабай” ишлаш тизими ўз самарасини бермоқда.

Эндиликда “маҳаллабай” ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш, хусусан “Маҳалладан чиқмай туриб барча хизматлардан фойдаланиш” тамойили асосида давлат томонидан кўрсатиладиган хизматлар тақдим этилишига имкон яратиш мақсадида республикамиз бўйлаб илк маротаба тажриба тариқасида Ҳоким ёрдамчиси лавозими жорий этилмоқда.

Лавозимга қўйиладиган асосий талаблар:

Ҳоким ёрдамчиси лавозимига олий маълумотли, маҳалланинг шарт-шароитини яхши биладиган, молия ва иқтисодиёт соҳасида камида 2 йил меҳнат стажига ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш, фуқароларнинг бизнес лойиҳа ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масалаларида тажрибага эга бўлган, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Молия, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Инвестиция ва ташқи савдо бошқармалари, вилоят солиқ бошқармаси, тижорат банклари вилоят филиаллари ва бошқа иқтисодий ва инвестиция комплексига кирувчи бошқарма ва идоралар, ҳамда уларнинг шаҳар ва туманлар бўлинмаларининг бўлим (шўъба) бошлиғидан паст бўлмаган лавозимда ишловчи раҳбар ходимлари тайинланади.

Ҳоким ёрдамчисининг асосий вазифалари:

“Хонадонбай” сўровлар ўтказиш орқали маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш “портрети”ни ишлаб чиқиш;

Маҳалланинг ихтисослашуви ва “ўсиш нуқталари”дан келиб чиққан ҳолда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш чораларини кўриш, ишсиз аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш, ишга жойлашиш истагини билдирган ишсизларни бандлигини таъминлаш ва аҳолини ўзини ўзи банд қилишга кўмаклашиш;

“Ижтимоий шартнома” тизими орқали тадбиркорлик қилиш истагида бўлган фуқароларга, жумладан аёллар ва ёшларга кредит ҳамда субсидиялар ажратиш;

Тадбиркорлик субъектларининг бизнес лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш, мавжуд муаммоларини “мижозбай” ўрганиш ҳамда ҳал этиш орқали тадбиркорлик фаолиятини кенгайтиришга амалий ёрдам кўрсатиш, мавжуд инструмент ва ресурслардан самарали фойдаланишни ташкил этиш;

Ҳудудий ва инвестиция дастурларига таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда маҳалланинг ривожланишига доир дастурлар ижросини назорат (мониторинг) қилиш;

Ҳоким ёрдамчисининг мавжуд дастаклари:

Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида ҳар бир маҳалладаги хонадонларга ва янги ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектларига кредит ажратиш учун кредит ресурслари лимити ихтиёри берилади.

Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан ишсиз фуқаролар учун асбоб ускуналар ва мини технологиялар харид қилишга ҳар бир маҳаллага субсидия учун купон беради.

Ҳақ тўланадиган жамоат ишларига фуқарони жалб қилиш учун ҳар бир маҳаллага купон беради.

Ҳар бир маҳаллада фуқарони касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш учун ваучер беради.

Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредит, субсидиялар, моддий ёрдам ва нафақалар ажратиш учун хулоса беради.

“Ижтимоий шартнома”ларни имзолаш ҳамда шартнома шартларининг бажарилишини таъминлайди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан вилоятнинг барча туман ва шаҳарлар ҳокимликларида жорий этилаётган, вилоятдаги 1052 та маҳалла фуқаролар йиғинининг ҳар бири бўйича тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси лавозимига очиқ танлов эълон қилинади. Номзодлар мурожаатлари 10 ноябргача қабул қилинади.

Ҳоким ёрдамчиси лавозимга тайинланган кундан эътиборан Миллий кадрлар захирасига киритилади ҳамда меҳнат фаолияти натижадорлигига кўра Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги таклифларига асосан юқори лавозимларга танловсиз тўғридан-тўғри ўтказилади.

Мурожаат учун телефонлар (73) 244-60-92, (91) 652-00-07

Маълумотнома (объективка) юбориш учун (91) 652-00-07 (телеграм рақами)


Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook, Telegram, Facebook, YouTube