Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР


ФАРҒОНАДА “АРМИ-2022” ХАЛҚАРО АРМИЯ ЎЙИНЛАРИ ДОИРАСИДА “ЙЎЛ ПАТРУЛИ” МУСОБАҚАСИГА СТАРТ БЕРИЛДИ

×

 2022-08-17 09:40:40    191

PDF юклаш
Чоп этиш


Шарқий ҳарбий округнинг Фарғона вилояти Қўқон шаҳридаги ҳарбий қисм ўқув марказида “АрМИ-2022” VIII Халқаро армия ўйинлари доирасида мамлакатимиз мезбонлик қилаётган “Йўл патрули” мусобақасига кеча, 16 август куни старт берилди.

Кечки соат 19:00 да ҳарбий қисм ўқув маркази саф майдонида мазкур мусобақанинг тантанали очилиш маросими бошланди. Унда Мудофаа вазирлиги ва иштирокчи давлатлар масъуллари, вилоят ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, фахрийлар ва ёшлар, журналистлар ва блогерлар иштирок этди.

Дастлаб Мудофаа вазирининг қуролланиш ва қуроллантириш бўйича ўринбосари полковник Алишер Норбоев сўзга чиқди ва барча қатнашчиларга омад тилади.

Очилиш маросимига йиғилган муҳлисларга мусобақа бош ҳаками полковник Зафар Базарбаев таништирилди. Саф майдонига “АрМИ-2022” Халқаро армия ўйинларининг “Йўл патрули” мусобақасида иштирок этувчи давлатлар жамоалари бирин-кетин кириб келди. Шундан сўнг Ҳарбий автомобил назоратига тегишли автоуловларнинг майдонга кириб келиши билан тадбирнинг бадиий қисми бошланиб кетди.

Мудофаа вазирлиги Шарқий ҳарбий округ маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестр жамоасининг чиқиши, таниқли бадиий жамоалар ва санъаткорлар ижросидаги катта концерт дастури ҳамда турли халқлар маданиятини ифода этувчи бадиий чиқишлари, “Ватанпарвар” ташкилотининг спорт техникалари намойиши тадбир қатнашчиларининг олқишига сазовор бўлди.

Маълумот учун, бу йилги “Йўл патрули” мусобақасида иштирокчилар 98 от кучига эга, двигател ҳажми 1,5 литр сиғимли, механик бошқарув тизимли Нексия-3 русумли автомобилларда топшириқларни бажарадиган бўлди.

“Йўл патрули” баҳслари икки босқичда, мутахассислар беллашуви ҳамда ҳарбий-техник эстафета (жамоавий пойга) кўринишида ўтказилади. Дастлабки босқичда иштирокчилардан автомобилларни эстремал вазиятларда аварияга қарши элементларни бажариш маҳорати, белгиланган маршрутда индивидуал пойга, инспекторлар томонидан йўл ҳаракатини бошқариш, машина ғилдиракларини алмаштириш ва автомобилни экстремал ёнма-ён тўхтатиш машқларини бажариш талаб этилади.

Ҳарбий-техник эстафета (жамоавий пойга) ҳисобланувчи иккинчи босқичда эса махсус кийим ва жанговар қурол билан махсус асфальт йўлагини босиб ўтадилар. Йўлакни босиб ўтиш жараёнида мусобақа қатнашчилари ўзларига бириктирилган автомобилларда ўрнатилган тўсиқлардан бехато ўтиш ва турли синов машқларини бажаришади.

Мусобақада Беларусь, Эрон Ислом Республикаси, Россия Федерацияси ва Ўзбекистоннинг икки жамоаси совринли ўринлар учун кураш олиб боришади.







Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook, Telegram, Facebook, YouTube, Instagram