Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР


ФАРҒОНА ВИЛОЯТИ ДЕЛЕГАЦИЯСИ РОССИЯДА: ХОРИЖДАГИ ВАТАНДОШЛАРГА БАЙРАМ КАЙФИЯТИ УЛАШИЛИБ, ИҚТИСОДИЙ ҲАМКОРЛИК АЛОҚАЛАРИ ЎРНАТИЛМОҚДА

×

 2022-08-26 13:31:10    184

PDF юклаш
Чоп этиш


Вилоят ҳокимининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси Акмал Пўлатов бошчилигидаги вилоят ҳокимлиги масъуллари ҳамда санъаткорлардан иборат Фарғона делегацияси хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ҳамюртларимиз ҳолидан хабар олиш ва Мустақиллигимизнинг 31 йиллик байрамини биргаликда нишонлаш учун шунингдек, ҳудудлараро иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш мақсадида Россиянинг Самара шаҳрида ҳамда ушбу вилоятнинг йирик саноат маркази – Тольяттида бўлди.

Самара вилояти Савдо-саноат палатасида маҳаллий маъмурият вакиллари ва ишбилармонлар билан учрашув ўтказилди. Унда икки вилоят ўртасида қатор йўналишларда манфаатли ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинди.

Акмал Пўлатов Фарғона вилоятидаги мономарказлар ва касб-ҳунарга ўқитиш марказларида иш берувчилар талабларидан келиб чиқиб барча касблар бўйича мутахассислар тайёрлаб бериш имконияти борлигини маълум қилди. Инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш ва миграция бўйича алоқаларни кенгайтиришга, хусусан, қурилиш соҳасида фаолият олиб борувчи компаниялар билан ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди.

Шу куни 300 нафарга яқин ўзбекистонлик фуқаролар меҳнат қилаётган “Самарский Стройфарфор” ҳамда 200 нафар ҳамюртларимиз фаолият олиб бораётган полиз экинлари етиштиришга ихтисослашган “Мост” корхоналарида бўлиб, ватандошларимиз ҳолидан хабар олинди. Уларга яратилган меҳнат шароитлари ва иш жараёнлари билан танишилди. Юртдошларимиз учун байрам дастурхони тузалиб, ош тарқатилди.

Самара шаҳрида “Ўзбекконцерт” вилоят бўлими санъаткорлари иштирокида концерт дастури ташкил этилди. Фарғоналик таниқли хонандалар Акмал Садихонов, Қодиржон Аҳмедов, Нодирбек Игамбердиев, Иззатбек Қўқонов ижросидаги Ватанни, севги-муҳаббатни тараннум этган куй-қўшиқлар, “Фарғона зеболари” рақс жамоасининг чиройли чиқишлари ҳамюртларимизга кўтаринки кайфият улашди.

Тольяттида Россиядаги энг йирик технопарклардан бири –“Жигулевская Долина” фаолияти билан танишилди. Бу ерда шаҳардаги ишбилармонлар ҳамда миграция соҳаси вакиллари иштирокида учрашув ташкил этилди. Унда “Қўқон” ЭИЗ ва "Тольятти" МИЗ ўртасидаги ҳамкорлик ўрнатиш, IT йўналишида ҳамкорлик қилиш истиқболлари муҳокама қилинди. Тольятти шаҳри маъмурияти томонидан Фарғона вилояти билан савдо-иқтисодий алоқаларни йўлга қўйишга қизиқиш билдирилди.

Шунингдек, "Автоваз", "Ferroni Engineering" ва "Сладости" каби Тольяттининг йирик корхоналари билан меҳнат миграцияси бўйича ҳамкорлик қилиш бўйича келишувларга эришилди.

Мустақиллигимизнинг 31 йиллик тантаналарига бағишланган концерт дастури эса ҳудудда вақтинчалик меҳнат фаолиятини олиб бораётган юртдошларимизда ва мезбонларда бир олам таассурот қолдирди.

“Эътибордан хурсандмиз. Президентимизга раҳмат. Олдин бу ерлардан бундай тадбирлар ташкил этилмаган эди. Гўзал рақсларни кўриб, миллий куй-қўшиқларимизни эшитиб севинчимиз ичимизга сиғмай қолди. Халқимизни мустақиллигимизнинг 31 йиллиги билан чин қалбдан табриклаймиз!”, - дейишди хориждаги ватандошлар.

Фарғона вилояти делегациясининг Россияга ташрифи давом этмоқда.











Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook, Telegram, Facebook, YouTube, Instagram