Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР


ТАТАРИСТОНДА МЕҲНАТ ҚИЛАЁТГАН ҲАМЮРТЛАРИМИЗ УЧУН МУСТАҚИЛЛИК БАЙРАМИ ТАДБИРЛАРИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

×

 2022-08-31 14:00:30    192

PDF юклаш
Чоп этиш


Россияда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ҳамюртларимиз ҳолидан хабар олиш ва Мустақиллигимизнинг 31 йиллик байрамини биргаликда нишонлаш учун шунингдек, ҳудудлараро иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш мақсадида Самара вилояти ортидан Татаристон Республикасига борган Фарғона вилояти делегация вакиллари, Набережные Челны шаҳридаги йирик автомобил корпорацияси «Камаз» ОАЖда бўлдилар. Бу ерда меҳнат қилаётган юртдошларимиз учун мустақиллигимизнинг 31 йиллиги муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди. Куй-қўшиқлар ва миллий рақслар барчага юқори кайфият бағишлади. 400 нафардан зиёд маҳаллий аҳоли вакиллари ҳамда ватандошларга ош тарқатилди.

Шу куни вилоят делегацияси Казань шаҳридаги 300 нафардан ортиқ ўзбекистонликлар фаолият олиб бораётган Трамвай депоси раҳбарияти билан ҳам учрашув ташкил этилди. Бу ерда жами 150 нафар ишчи кучига бугунги кунда эҳтиёж борлиги маълум қилинди ва миграция йўналишида ҳамкорлик масалалари келишиб олинди.

Вилоятимиз делегацияси аъзолари, ҳамюртларимиз билан суҳбатлашиб, ҳукуматимиз томонидан меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб - қувватлаш бўйича олиб борилаётган ишлар, янгиликлар тўғрисида маълумот бердилар. Ватандошларнинг яшаш ва ишлаш шароитлари кўздан кечирилди.

Шаҳардаги «Дўстлик уйи»да эса тантанали байрам дастури ташкил этилиб, 300 нафардан зиёд иштирокчиларга фарғонача ош тортилди. Тадбирда Ўзбекистоннинг Казань шаҳридаги бош консули Фариддин Насриев ҳам иштирок этди. Консуллик ва шаҳардаги ўзбек миллий маданий маркази раҳбарияти томонидан Фарғона вилояти ҳокимлигига ва делегация аъзоларига тадбирлардаги фаол иштироки учун самимий миннатдорчилик билдирилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ўтказилаётган бундай учрашувлар ватандошлар қалбига она юрт ҳарорати ва меҳр-муҳаббатини туҳфа этаётгани яна бир бор таъкидланди.

«Мустақиллигимизнинг 31 йиллиги байрами билан табриклаш учун делегация бўлиб Россияга келдик. Юртдошларимиз билан кўришиб, улар билан суҳбатлашиб, сара қўшиқларимизни ижро этдик. Ватандошларимизнинг кайфияти юқори. Бундан жуда ҳам хурсандмиз,»-деди ёш санъаткор Иззатбек Қўқонов.

Вилоят делегациясининг Россия Федерациясига ташрифи ўз якунига етди.











Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook, Telegram, Facebook, YouTube, Instagram