Фарғона вилояти ҳокими
Бозаров Хайрулло Хайитбаевич
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ажратиладиган имтиёзли кредит ҳисобидан фуқароларга маҳсулот етказиб берувчи таъминотчи корхоналарнинг рўйхати
.
.
Сайтни бахолаш
Ишонч телефонига берилган бахолар
РАСМИЙ МУНОСАБАТ
2022-10-18 16:38:31 685
Kun.uz сайтида “Ариза ёзасан, бўлмаса мол-мулкингни мусодара қиламиз”. Учкўприк фермерлари ўтган асрнинг 30-йилларига тушиб қолди” номли материал эълон қилинди.
Материалда Учкўприк туманида профилактика инспекторлари томонидан прокуратура ва ҳокимликка олиб келинган фермерлар бинога қамаб қўйилиб, олдиндан тайёрлаб қўйилган аризаларга қўрқитиб қўл қўйдирилиб, ерни топширишга мажбурлангани, бу каби ҳолатлар бутун Фарғона бўйлаб кузатилаётгани айтилаётгани иддао этилган.
Ушбу материалда келтирилган ҳолатлар юзасидан Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан қуйидагилар маълум қилинади:
13 октябрь куни бўлиб ўтган Учкўприк туманида фермерлар ер ижара шартномаларини бекор қилинишини сўраб ариза ёзиши билан боғлиқ ҳолат вилоят ҳокимлиги ҳамда вилоят прокуратураси ҳамкорлигида тўлиқ ўрганиб чиқилди. Ўрганиш натижасида қуйидагилар аниқланди:
Учкўприк туманида “Global Textile solution” МЧЖ пахта-тўқимачилик томонидан 2022 йил ҳосили учун 187 та фермер хўжаликлари билан 5720 гектар майдонда 20 минг 300 тонна пахта хом ашёсини етиштириш бўйича фьючерс шартномалари тузилган.
Мавжуд ҳисобот маълумотларига кўра, 17 октябрь ҳолатига жами 18 минг 121 тонна пахта хом ашёси қабул қилиниб, шартномавий мажбурият туман бўйича 89,27 фоизга бажарилган.
Аниқланишича, 2022 йил 13 октябрь куни туман ҳокимлиги мажлислар залига шартнома мажбуриятини бажармаган фермер хўжаликлари таклиф этилиб, шартнома бўйича мажбуриятларни бажармаслик оқибатлари тушунтирилган.
Шу куни тумандаги хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус М.Эргашев томонидан жами 16 нафар фермер хўжаликлари раҳбарларининг тузилган ер ижара шартномаларини ўз ихтиёрлари билан бекор қилиш ҳақидаги ёзган аризалари тасдиқланиб, реестр рақамлари қайд этилган.
Мазкур аризалар фермер хўжаликлари раҳбарларининг ўз хоҳишларига асосан 15 октбярда ушбу нотариус орқали бекор қилиниб, реестрга киритилган.
Туманда 13 октябрь ҳолатига жами 135 та фермер хўжаликлари томонидан шартнома мажбуриятлари бажарилмаган бўлиб, уларнинг 8 таси 50 фоиздан паст, 21 таси 50-70 фоизгача, 58 таси 70-90 фоизгача ва 48 таси 90 фоиздан юқори ҳолда мажбуриятларни бажармаган.
Хусусан, ҳоким секторида 41 та, прокурор секторида 26 та, ИИБ секторида 37 та, ДСИ секторида 31 та фермер хўжаликлари пахта хом ашёси етиштириш шартномавий мажбуриятларини бажармаган.
Ўрганиш давомида аризалари нотариус орқали расмийлаштирилган “Достонбек” (С.Жўраев), “Ниҳол” (Ф.Хотамов), “Нурли келажак” (М.Махмудов) ва бошқа фермер хўжаликлари раҳбарлари билан суҳбатлашилиб, ҳолат бўйича изоҳ олинганда барчаси туман ҳокимлиги мажлислар залида сектор раҳбарлари томонидан шартнома мажбуриятлари бажарилмаслиги оқибатлари тушунтирилганлиги, бироқ ўз хоҳишлари билан ер ижара шартномасини бекор қилиш ҳақида ариза ёзиб берганликларини, уларни хеч ким мажбур қилмаганлигини, барчаси жаҳл устида ёзилганлиги сабабли қайта ариза ёзишиб, нотариус орқали дастлабки аризани бекор қилинганлигини маълум қилишган.
Нотариус М.Эргашев 13 октябрь куни 16 нафар фуқароларнинг аризаларидаги имзоларни ҳокимлик биносида алоҳида хонада қонунчилик моҳиятини тушунтирган ҳолда шаҳодатланганлигини, уларни туман прокурори ва бошқалар мажбурламаганлигини, 15 октябрь куни ушбу фермерларнинг ўз хоҳишлари билан аризалари бекор қилинганлигини, бу ҳолатда ҳеч ким босим ўтказмаганлигини баён этди.
Kun.uz материалида интервьюси келтирилган “Омад Рахмонбек Мастона” фермер хўжалиги раҳбари Д.Умурзақова билан суҳбатлашилганда, октябрь ойи давомида пахта бўйича шартнома режасини бажармаганлиги учун сектор раҳбари, туман прокурори Ў.Йўлчиев томонидан прокуратурага чақиртирилиб, унга ва бошқа фермерларга белгиланган шартнома шартларини бажармаганликнинг ҳуқуқий оқибатлари тушунтирилганлиги, ариза ёзиш талаби қўйилмаганлигини маълум қилди. Kun.uz журналисти билан мулоқот чоғида ҳам уни ариза ёзишга ҳеч ким мажбур қилмаганлигини, фақат кластер корхонаси томонидан пахта харид нархи кам ёзилаётганлигини айтганлигини билдирди. Д.Умурзақова ўрганиш давомида ўзи томонидан имзоланган шартномада кўрсатилган 120 тонна пахта топшириш режаси бажарилганини билдириб, шартномани қайта кўриб чиқишда ёрдам сўраган.
Унинг ва бошқа фермерларнинг шартнома бўйича эътирозлари ўрганилганда, бу борада қатор камчиликларга йўл қўйилгани маълум бўлди. Хусусан,
- туман ҳокимининг пахта етиштириш ва сотиш ҳажмларини белгилаш ҳақидаги қарорлари ва иловалари баъзи ҳолатларда фермер хўжаликлари эътиборига етказилмаган;
- баъзи ҳолатларда пахта етиштириш бўйича ҳосилдорлик кўрсаткичлари мутахассислар хулосаларига асосланилмаган ва ер эгаларининг фикрлари ҳисобга олинмаган ҳолда белгилаб юборилган;
- шартномаларни расмийлаштириш ва рўйхатга олиш ишларининг тегишли Низом талабларига мувофиқ юритиши тўла таъминланмаган;
- шартнома бўйича келиб чиққан низоли ҳолатлар мавсум охирига қадар фермерлар кенгаши, туман қишлоқ хўжалиги бўлими, кластер корхонаси ҳамда ҳокимнинг соҳавий ўринбосари томонидан ўз вақтида ҳал этиб борилмаган.
Фермер хўжаликлари раҳбарларининг кластер корхонаси томонидан пахта навлари ва синфи бўйича белгиланган харид қийматини пасайтириш ва асоссиз чегирма қўллаш ҳақидаги важлари эса тасдиқланмади. Бироқ бу ҳолатда ҳам пахта харид нархлари, белгиланган стандартларга мувофиқ намлик ва ифлослик учун чегирмалар, тола сифати бўйича устамалар қўллашга доир қонун ҳужжатлари талаблари баъзи фермер хўжаликлари раҳбарлари эътиборига тўла етказилмагани аниқланди.
Юқоридаги ҳолатлар туманда фермер хўжаликларининг ижтимоий тармоқлар орқали норозилигига сабаб бўлган.
Фермерларнинг маҳаллий ҳокимлик, давлат органлари ҳамда кластер корхонасига нисбатан ишончсизлигига сабаб бўлаётган омилларни ўз вақтида бартараф этиб бориш чорасини кўрмаган туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари Д.Қурбонов, туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи ўринбосари М.Раҳмонов, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари туман кенгаши ҳуқуқий масалалар ва шартномавий муносабатлар гуруҳи мутахассиси Й.Маматқуловлар интизомий жавобгарликка тортилди.
Шунингдек, хизмат вазифаларини лозим даражада бажармай фермерларнинг норозилигига сабабчи бўлган туман ҳокими Асқаров Аброр Қамбаровичга нисбатан “ҳайфсан” жазоси эълон қилинди..
Қолган сектор раҳбарлари - туман прокурори Юлчиев Ўктамали Қодиралиевич, туман ИИБ бошлиғи Сотиболдиев Акмалжон Раҳматович ва туман ДСИ бошлиғи Аҳмадалиев Усмонали Хайдаралиевичларнинг хатти-ҳаракатлари бўйича хизмат текшируви тайинланди. Уларнинг хатти-ҳаракатига хизмат текшируви натижаси бўйича қонуний баҳо берилади.
Kun.uz сайтидаги материалда ер майдонларини ҳокимлик захирасига қайтариш тўғрисидаги аризаларни олиш топшириғи вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ва Бош вазирнинг соҳага масъул ўринбосари Шуҳрат Ғаниевлардан бўлган бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги иддао тўла асоссиз экани билдирилади.
Материалда келтирилган асосий иддаолар – Учкўприкда фермерлар бинога қамаб қўйилиб, олдиндан тайёрлаб қўйилган аризаларга қўрқитиб қўл қўйдирилгани, мол-мулкини мусодара қилиш билан таҳдид қилиниб, ерни топширишга мажбурлангани ўрганиш давомида ўз тасдиғини топмагани маълум қилинади.
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook,
Telegram,
Facebook,
YouTube,
Instagram