Фарғона вилояти ҳокими
Бозаров Хайрулло Хайитбаевич
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ажратиладиган имтиёзли кредит ҳисобидан фуқароларга маҳсулот етказиб берувчи таъминотчи корхоналарнинг рўйхати
.
.
Сайтни бахолаш
Ишонч телефонига берилган бахолар
ВИЛОЯТ ҲОКИМИ ХАЙРУЛЛО БОЗОРОВ ЯПОНИЯДА МАКТАБ ТАЪЛИМИ ТИЗИМИ БИЛАН ТАНИШДИ
2022-12-13 18:05:02 245
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Японияга амалга оширилган ташриф давомида ушбу мамлакат таълим тизими билан яқиндан танишиш учун Токио шаҳри Сугинами маъмурий ҳудудида жойлашган Фужимигаока мактабида бўлди.
Фужимигаока мактаби директори Акико Такеучи мактаб фаолияти билан таништириб, Япония таълим тизимининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида маълумот берди. Японияда тўққиз йиллик мажбурий таълим тизими мавжуд бўлиб, бу олти йиллик бошланғич мактабни ҳамда уч йиллик ўрта мактабни ўз ичига олади. Фужимигаока мактаби ҳам 6 йиллик бошланғич таълим мактаби ҳисобланади.
Японияда мактаблар маҳаллий ҳокимият органлари тасарруфида эканини қайд этган мактаб директори Акико Такеучи, муассаса раҳбарини, ўқитувчиларни ишга олиш, маош тўлаш, мактабни молиялаштириш, таъмирлаш, жиҳозлар, ўқув қуроллари билан таъминлаш масалалари барчаси Токио префектурасидаги таълим қўмитаси томонидан амалга оширилишини маълум қилди. Таълим вазирлиги Японияда фақатгина умуммиллий таълим стратегиясини ишлаб чиқиш билан банд эканини таъкидлаган Акико Такеучи, таълим вазирлиги мактаблар фаолиятига умуман аралашмаслигини билдирди. Токио префектурасидаги таълим қўмитасида 2000 нафардан зиёд ходим фаолият олиб боради, шаҳарнинг маъмурий туманларида бўлимлари мавжуд эмас.
Дарслик китоблар вазирлик томонидан тасдиқланади, қайси босмахонада чоп эттириш масаласини ҳар бир ҳудуд маъмурияти ўзи белгилайди. Ҳар бир дарслик учун ўқувчиларнинг дарс китоби билан бирга ўқитувчи китоби ҳам ишлаб чиқилган бўлиб, у дарсни ташкил этиш бўйича керакли барча маълумотларни ўзида жамлаган бўлади.
Мактабларда ўқитувчиларга бошланғич, ўрта ва олий тоифалар берилиб, тоифа олиш учун ўқитувчилар ҳокимиятлар қошидаги таълим қўмитаси махсус комиссияси томонидан иншо ва тест ўтказиш йўли орқали имтиҳон қилинади. Олий тоифани олиш энг қийини ҳисобланиб, Фужимигаока мактаби мисолида олиб қараганда, директор билан бирга икки педагогдагина ушбу тоифа мавжуд.
Мактаб директори этиб тайинланиш учун фақатгина олий тоифали ўқитувчилар ўртасида иншо ва суҳбат имтиҳонлари ўтказилади, ҳар бир номзод ўзи директор сифатида мактабни ривожлантириш режаларини ёзма баён қилади. Имтиҳонлардан икки йил кетма кет муваффақиятли ўта олган номзодлар орасидан директорлар тайинланади. Мактаб директорининг 1 та ўринбосари иш олиб боради ва у ҳам олий тоифали бўлиши шарт. Йирик мактаблардаги иккита ўринбосар штати мавжуд.
Мактабда ўқувчилар учун пуллик тушлик ташкил қилинган бўлиб, бунда кам таъминланган ўқувчиларга ҳокимият томонидан тушлик тўлови қоплаб берилади. Овқатни тарқатиш ҳамда ошхонани йиғиштириш биринчи синфдан бошлаб ўқувчилар томонидан навбат билан амалга оширилади.
Мактабларда ўқувчи сони 200 нафардан 800 нафаргачани ташкил этади, ўқувчилар яшаш ҳудудига энг яқин мактабда таълим олади. Битта синфда максимум ўқувчи сони 35 та этиб белгиланган бўлиб, ўқувчилар биринчи-иккинчи синфларда баҳоланмайди, учинчи синфдан бошлаб A, B ва C шаклида баҳолаш бошланади. Еттинчи синфдан бошлаб эса 5 балли баҳолаш тизими йўлга қўйилади.
Ўқитувчилар ҳафталик ва йиллик иш режаси ишлаб чиқадилар ва мактаб директори томонидан тасдиқлаб берилади. Ўқитувчилар учун қўшимча устама ва рағбатлантириш тизими мавжуд эмас. Ҳар бир мактабда “устоз-шогирд” тамойили асосида иш йўлга қўйилган бўлиб, янги иш бошлаган ўқитувчиларга тажрибали педагоглар доимий йўл-йўриқ кўрсатиб боришади.
6 йиллик бошланғич мактабларда мажбурий форма талаби мавжуд эмас, умуман мактаблар кийиниш ва бошқа нормаларни ўзи мустақил белгилайди.
Ёшлар билан ишлаш учун мактабларда алоҳида тузилма мавжуд эмас, лекин ҳар бир туман кесимида доимий спорт ва ижодий мусобақалар ҳар йили ўтказиб келинади.
Ўқитувчилар ҳар ўқув йили давомида ҳар бир ўқувчининг ота-онаси билан уч марта камида 15 дақиқа алоҳида учрашиб, болаларининг мактабдаги ўзлаштириши ҳамда хулқи юзасидан муҳокама ўтказиши белгиланган. Умумий тарзда ота-оналар мажлислари ўтказилмайди. Фарзандлари билан боғлиқ масалаларда ота-оналарнинг тўғридан тўғри ўқитувчилар билан боғланишига йўл қўйилмайди, ҳар бир ҳолатда мактаб директорига мурожаат қилиш тартиби ўрнатилган.
Ўқувчиларда саёҳат кўникмаларини шакллантириш учун бир йилда 3 марта турли саёҳатлар ташкилланади.
Мактабларга жиҳозлар, спорт ва мусиқа анжомлари сотиб олиш учун ҳокимият томонидан ҳар йили аниқ белгиланган маблағ ажратилади, ҳар бир мактабда айнан нимага эҳтиёж мавжудлиги ўрганилиб, ажратилган маблағ зарур бўлганлари учун йўналтирилади.
Мактаб қошидаги кутубхонада ўқувчилар бир мартада бештагача китоб олишлари мумкин, кутубхонага янги келган адабиётлар ҳақида маълумот тахтаси доимий янгилаб борилади.
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook,
Telegram,
Facebook,
YouTube,
Instagram