Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР


ФАРҒОНАДА “ОНАЛАРГА ЭҲТИРОМ” ФЕСТИВАЛИ БОШЛАНМОҚДА

×

 2023-05-02 12:13:27    1020

PDF юклаш
Чоп этиш


Жорий йилнинг 20 май санасига қадар Фарғона вилоятининг шаҳар ва туманларида йилдан йилга анъанавий тус олаётган "Оналарга эҳтиром" фестивали бўлиб ўтади.

Фарзандлар учун борлиғини фидо қилган Оналардек улуғ зотларга бўлган юксак эҳтиромни намоён этиш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг онги шуурида ота-онага ҳурмат, фарзандлик бурчларини адо этиш, уларни қадрлаш каби фазилатларни шакллантириш каби ғояларни мужассам этган ушбу фестиваль бу йил учинчи бор ўтказилади.

Вилоят ҳокимининг 2021 йил 28 апрелдаги "Фарғона вилоятида "Оналарга эҳтиром" фестивалини юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги 168-сонли қарори ижроси доирасида ташкил этиладиган фестиваль, 15 майга қадар шаҳар ва туманлар кесимида ўтказилади, якуний вилоят босқичи 20 май куни Фарғона шаҳридаги Ислом Каримов номли вилоят театр-концерт саройи очиқ саҳнида таниқли санъаткорлар иштирокида гала-концерт билан бирга бўлиб ўтади.

Фестиваль доирасида май ойи давомида вилоятдаги барча бошқарма ва ташкилотларда, таълим, соғлиқни сақлаш муассасаларида, йирик ишлаб чиқариш ва саноат корхоналарида, қишлоқ хўжалиги кластерлари ҳамда тадбиркорлик субъектларида, фермер хўжаликларида Оналарни қадрлаш ва улуғлашга қаратилган акциялар ҳамда "Оналарга эҳтиром" номли тадбирлар ташкил этилади.

"Оналарга эхтиром" фестивалининг низомига мувофиқ 10 та номинациялар бўйича кўрик-танлов ўтказилади.

Фестиваль давомида оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали онлайн кўрик-танловлар ва челленжлар ташкил этилади. Шунингдек, "Мўътабар онам" расмлар танлови, "Бу менинг Онам" акциялари ўтказилади.

Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар мактаблари ва техникумларда "Она – муқаддас зот" мавзуида иншолар танлови ташкил этилади.

"Темир дафтар" ва "Аёллар дафтари"га киритилган оналарни республикамиздаги диққатга сазовор жойлар ва зиёратгоҳларга ташрифлари уюштирилади.

Ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинида фестиваль доирасида алоҳида режа-жадвал ишлаб чиқилиб, маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилади. Бунда "Темир дафтар" ва "Аёллар дафтари"га киритилган аёлларни, шунингдек, ногиронлиги бор ҳамда кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиш, ёши улуғ оналарни эъзозлаш бўйича маҳалладаги ёшлар билан "Уч авлод" учрашувлари, "Китобхон она" танловлари каби тадбирлар ҳам ўтказилади.

Вилоят соғлиқни сақлаш тизими ташкилотлари томонидан "Соғлом она – соғлом бола" шиори остида туғруқ ёшидаги аёлларнинг тиббий кўриклари ташкилланади, ёши катта оналарнинг Республика муассасалари, вилоят шифохоналарида даволаш йўлга қўйилади.

Вилоятдаги театрлар жамоалари ва ҳудудий маданият бўлимларининг ҳаваскорлик гуруҳлари томонидан шаҳар ва туманларнинг чекка ҳудудларида Оналарга бағишланган спектакллар намойиш этилади.