Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР


“ЗАМОНАМИЗ ТИНЧ БЎЛСИН, ПРЕЗИДЕНТИМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР” – ФАРҒОНАЛИК ИККИНЧИ ЖАҲОН УРУШИ ФАХРИЙЛАРИ, ЎЗЛАРИГА БЎЛГАН ЮКСАК ЭЪТИБОР УЧУН ДАВЛАТИМИЗ РАҲБАРИГА МИННАТДОРЧИЛИК БИЛДИРДИЛАР

×

 2023-05-07 16:27:58    575

PDF юклаш
Чоп этиш


Президентимизнинг жорий йил 2 майдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони асосида Хотира ва қадрлаш куни арафасида Фарғона вилоятида ҳам Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига пул мукофотлари, байрам совғалари топшириш давом этмоқда.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, генерал-майор Ойбек Саидов, вилоят Мудофаа ва Хавфсизлик тизимлари раҳбарлари, вилоят секторлари раҳбарлари ва жамоатчилик вакиллари билан бирга Тошлоқ туманида яшовчи Одилжон ота Зокиров ва Файзулло ота Эминов, Олтиариқ туманида яшовчи Тўланбой ота Шокиров ва Қаҳҳоржон ота Мағрипов хонадонларида бўлиб, отахонларни ва уларнинг оила аъзоларини байрам билан табриклади, Давлатимиз раҳбарининг табригини ўқиб эшиттириб, 18 миллион сўмдан пул мукофотларини топширди.

Тошлоқнинг “Шодлик” маҳалласида яшовчи Одилжон ота Зокиров ҳозирда 100 ёшни қаршилаган. Иккинчи жаҳон уруши йилларида артиллерия бўлинмаси сафида ҳозирги Украина тупроқларида фашизмга қарши мардонавор жанг қилган. Урушдан қайтгач узоқ йиллар қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилган, Найманбўстонда чўл ерларни ўзлаштириб пахта етиштирган. У раҳбарлик қилган бригада кўп йиллар давомида вилоятда энг юқори ҳосилдорликка эришиб келган. Турмуш ўртоғи билан 4 ўғил ва 6 қизни вояга етказиб, уларни жамиятга манфаат келтирадиган инсон сифатида тарбияладилар. Ҳозирда 50 нафарга яқин яқин набира, 100 нафардан зиёд чевара ва эвараларнинг суюкли бобоси бўлиб доим ардоқда.

Файзулло ота Эминов бу йил 98 баҳорни қаршилади. У 17 ёшида минглаб ўзбекистонликлар қатори қўлига қурол олиб, фашизмга қарши курашди. Урушдан сўнг 50 йилдан зиёд бригадирлик қилди, турмуш ўртоғи Мелихон ая билан 6 ўғил, 3 қизни тарбиялади. Ҳозирда отахон 100 дан зиёд набира-ю, чевара-эваралар қуршовида бугунги тинч-осойишта ва фаровон ўтаётган ҳар бир кун учун шукроналар айтиб яшамоқда.

Олтиариқ тумани Оқбўйра қишлоғида яшовчи 98 ёшли Тўланбой ота Шокиров ҳам бошқа тенгдошлари қатори иккинчи жаҳон уруши йилларида фашизмга қарши жангда мардонавор жанг қилган. Япон урушида ҳам иштирок этган. Урушдан қайтган Тўланбой ота “Катюша” қўшиғини айтиб, рақсга тушарди. Шу сабаб олтиариқликлар уни Катюша тоға ҳам дейишади. Тинчлик даврида ички ишлар тизимида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган фахрий отахонга Президент совғалари ва табриги билан бирга Ички ишлар вазирлигининг алоҳида пул мукофоти ҳам берилди.

Ҳозирда 97 ёшда бўлган Қаҳҳоржон ота Мағрипов 1943 йили урушга йўл олган. Белоруссия фронтида жанг қилиб, Тула, Минск, Брест шаҳарларини, Венгрияни фашистлардан озод қилишда иштирок этган. Жанглардан бирида немис танкининг ичига тушиб олиб, 20 дан ортиқ душман танкларини йўқ қилган ва мана шу жасорати учун “Қизил юлдуз” ордени билан тақдирланган. Урушдан қайтгач, ўқитувчи ва ҳисобчи бўлиб самарали меҳнат қилган. Турмуш ўртоғи билан 5 ўғил, 1 қизни тарбиялаб вояга етказган. Бугун 80 га яқин набираю, эвара-чеваралари ардоғида.

“Юртимиз, замонамиз ҳамиша тинч, Президентимиз омон бўлсинлар. Бизга кўрсатилаётган юксак ғамхўрлик ва эътибор учун Давлатимиз раҳбарига минг раҳмат”, - дейишди дуога қўл очган иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари.











Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook, Telegram, Facebook, YouTube, Instagram