Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР


ФАРҒОНАДА ЯНГИ ЎҚУВ ЙИЛИ ОЛДИДАН 5 ТА ЯНГИ ТАЛАБАЛАР ТУРАР ЖОЙЛАРИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

×

 2023-09-02 23:00:49    849

PDF юклаш
Чоп этиш


Бугун янги ўқув йили олдидан вилоятимиз олий ўқув юртларида қуриб битказилган – ТАТУ Фарғона филиалида 400 ўринли, Фарғона давлат университетида 3 та жами 1154 ўринли ва Фарғона политехника институтида 520 ўринли талабалар турар жойларини фойдаланишга топшириш маросимлари бўлиб ўтди. Тадбирларда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят секторлари раҳбарлари, олийгоҳлар ўқитувчи ва талабалари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан давлат-хусусий шериклик шартлари асосида барпо этилган талабалар турар жойларининг очилиш тадбирларида Муҳтарам Президентимиз томонидан олий таълим тизимини ривожлантириш масаласига берилаётган алоҳида эътибор натижасида олийгоҳлар сони ошиб бораётгани, вилоятимизда ҳам олий таълим муассасалари сони 13 тага етгани, бу эса олий таълим муассасалари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириб, малакали кадрлар тайёрлаш сифатини оширишга хизмат қилаётганига эътибор қаратилди.

Давлатимиз раҳбарининг “Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда” деган сўзларини иқтибос қилиб келтирган вилоят ҳокими, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, юртимиз қудратини оширишда энг муҳим омиллар бу – ёшларимизга юқори сифатли таълим олишлари учун барча шароитларни яратиш ҳамда улар онгига миллий қадриятларимизни сингдириш эканини қайд этди.

Янги ўқув йилига Фарғона давлат университетида 3 та, Фарғона политехника институти, Қўқон давлат педагогика институти, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Фарғона филиалида биттадан янги бинолар давлат-хусусий шериклик шартлари билан қуриб битказилгани қайд этилди. Ётоқхоналарда талабалар учун ахборот-ресурс маркази, маънавият хоналари ҳамда шинам ошхоналар, керакли барча қулайликлар яратилгани таъкидланди.

Тадбир давомида 4,5 мингга яқин талаба таҳсил олаётган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Фарғона филиалида қарийб 23,7 млрд. сўм маблағ эвазига барпо этилган 400 ўринли ётоқхона рамзий калитлари топширилиб, яратилган шароитлар билан яқиндан танишилди.

Кейинги манзилда Фарғона давлат университетининг “Марғилон бинокор таъмир қурилиш” МЧЖ томонидан ДХШ асосида 59 млрд. сўм маблағ сарфланиб бунёд этилган 804 ўринли 2 та талабалар турар жойи ҳам фойдаланишга топширилди. Шунингдек, университетнинг бюджетдан ташқари 12,9 млрд. сўм маблағи ҳисобига қўшимча барпо этилган 1 та 350 ўринли ётоқхона биносида ҳам тантанали очилиш маросими ўтказилди.

Фарғона политехника институтида 520 ўринли талабалар турар жойи рамзий калити ҳам ўз эгаларига топширилди. Мазкур бинога 25 млрд. сўм маблағ сарфлангани маълум қилинди.

Маълумот ўрнида, Давлатимиз раҳбарининг топшириқлари билан вилоятимиздаги 7 та олий таълим муассасалари учун 2022-2025 йилларда 20 та 8 000 ўринли ётоқхона қурилиши белгиланган бўлиб, айни пайтда тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жорий ўқув йили давомида яна 4 та олий ўқув юртларида 5 та 2010 ўринли талабалар турар жойлари қуриб битказилади. Шунингдек, 2024-2025 йилларда яна 8 та ётоқхона барпо этилади.











Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook, Telegram, Facebook, YouTube, Instagram