Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР


ФАРҒОНАДА ҚАТАҒОН ҚУРБОНЛАРИ АВЛОДЛАРИ ОИЛАЛАРИ ҲОЛИДАН ХАБАР ОЛИНДИ

×

 2023-09-02 23:36:24    970

PDF юклаш
Чоп этиш


Ўтган куни Тошкентдаги Шаҳидлар хотираси хиёбонида бўлиб ўтган қатағон қурбонларини ёд этиш маросимида Давлатимиз раҳбари қатағон қурбонлари яшаган маҳаллаларда уларнинг номлари, фаолиятини муҳрлаб қўйиш зарурлигини таъкидлаб, байрамларда, хотира кунларида хонадонларини зиёрат қилиш кераклигини қайд этганди.

Ушбу кўрсатмадан келиб чиқиб, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Марғилон ва Фарғона шаҳарларидаги қатор қатағон қурбонлари авлодлари оилалари ҳолидан хабар олди. Президентимизнинг байрам қутловларини етказди. Оилалар вакиллари Давлатимиз раҳбари томонидан кўрсатилаётган бундай эътибор ва ғамхўрлик учун ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.

Дастлаб Марғилон шаҳар Тошкесар МФЙда 1939 йилда Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат каби машҳур ўзбек шоир ва ёзувчиларининг дўсти, “ҳамтовоғи” сифатида қамоққа олинган ва қатағон қилинган Жамолхон Саиджоновнинг невараси Жаҳонгирхон Жаҳонов хонадонига борилди. Вилоят раҳбарига “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Зокиржон Раҳмонов ҳамроҳлик қилди.

Қатағон даврида ҳаётининг катта қисмини қамоқда ўтказиб қайтгач, 2 ўғил ва бир қизни камолга етказган, халқ таълими йўналишида ва халқ хўжалиги тармоқларида узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб, эл-юрт хизматида бўлган Жамолхон Саиджонов ҳаёти ва фаолияти ҳақида унинг набиралари сўзлаб бердилар.

Фарғона шаҳар Бешбола МФЙда яшаб ўтган қатағон қурбонларидан бири Раҳмат Мамажоновнинг яқинлари ҳам меҳмонларни ҳурсандчилик билан қарши олдилар. Раҳмат Мамажонов 1902 йилда туғилган бўлиб, 1937 йилда қатағон қилинади. 1989 йилда эса унга қўйилган айблов олиб ташланиб, оқланади. У бошидан ўтказган оғир кунларга қарамай ўз шеърлари, билими билан адабиёт ва санъат, фан ва таълим ривожига муносиб ҳисса қўшиб келгани фарзандлари билан суҳбатда айтиб ўтилди.

1905 йилда туғилиб, Фарғона шаҳрида яшаб ўтган, 1937 йилда “халқ душмани” сифатида айбланиб, Россиянинг совуқ ўлкаларига сургун қилинган Тожихон Шодиева ҳақида унинг тутинган фарзанди Мамлакат Ёқубова айтиб берган воқеалар ҳам ўша даврларнинг ноҳақликларини, қийинчиликларини ифода этди. 1961 йилда оқланганидан кейин ҳам Тожихон Шодиева ўз ғайрати ва шижоатини сўндирмайди ва халқ хўжалигида раҳбарлик лавозимларида фаол меҳнат қилади. Эл-юрт ҳурматини қозонади.

Вилоят раҳбари Тожихон Шодиева каби фидойи ва жонкуяр юрт фарзандлари, қатағон қурбонлари ҳаёти ва фаолиятини чуқурроқ ўрганиб, уларни ёшларга ибрат ва намуна қилиб кўрсатиш ишларини янада кучайтириш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.

Хонадон эгалари билан бўлган самимий мулоқотларда мустабид тузум даврида қатағон қилинган аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, Ватанимиз озодлиги ва эркинлиги йўлида қурбон бўлган халқимизнинг суюкли фарзандлари номини тиклаш, уларнинг фаолияти ва меросини ўрганиш ҳамда тарғиб этиш ҳақида сўз борди.








Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook, Telegram, Facebook, YouTube, Instagram