Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР


ФАРҒОНАДА ХАЛҚАРО НОГИРОНЛАР КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ИМКОНИЯТИ ЧЕКЛАНГАН ЮРТДОШЛАРИМИЗ УЧУН БАЙРАМ ТАДБИРИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

×

 2023-12-03 15:28:39    3086

PDF юклаш
Чоп этиш


Бугун Фарғона шаҳридаги “Жасмин” тантаналар мажмуасида 3 декабрь - Халқаро ногиронлар куни муносабати билан имконияти чекланган фуқароларимизни яна бир бор қўллаб-қувватлаш мақсадида байрам тадбири ташкил этилди.

Тадбирга вилоятимизда яшовчи Ногиронлар жамияти, Карлар жамияти, Кўзи ожизлар жамияти, Афғончилар бирлашмаси, Чернобилчилар бирлашмасининг 320 нафардан зиёд аъзолари таклиф этилди.

Тадбирни кириш сўзи билан очиб берган вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов, Давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимизда имконияти чекланган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, улар учун зарур барча шароитлар яратилаётгани, уларнинг жамиятдаги мавжуд имкониятлардан фойдаланиш, ҳаракатланиш, соғлиқни сақлаш, таълим, бандлик, реабилитация, сиёсий-ижтимоий ҳаётда иштирок этиш билан боғлиқ ҳуқуқлари таъминланаётгани, бу борада “Инсон қадри учун” тамойили асосида Янги Ўзбекистонда аҳолининг барча қатламлари учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганлигини таъкидлади.

Имконияти чекланган юртдошларимиз ўзларининг матонатли меҳнати, шукроналик фазилатлари билан ҳам қолганларга ўрнак бўлаётгани қайд этилди.

Тадбир давомида иштирокчиларга совғалар улашилди, вилоятимиз санъаткорларининг мусиқий чиқишлари эса барчага байрамона кайфият улашилди.

Маълумот ўрнида, вилоятимизда 87 минг 230 нафар ногиронлиги бўлган шахслар истиқомат қилмоқда, шундан 14 минг 434 нафар вояга етмаган ногиронлиги бўлган болаларни ташкил этади. Улар орасидан 2 минг 970 нафар ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз ва ёлғиз яшайдиган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар рўйхатга олинган бўлиб, уларга 351 нафар ижтимоий ходимлар томонидан уйларида ижтимоий хизмат кўрсатиб келинмоқда.

Вилоятда реабилитация қилишнинг техник воситалари ҳамда протез-ортопедия мосламаларига муҳтож шахсларни ушбу воситалар билан таъминлаш мақсадида 2 млрд. 870 млн. сўм маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 1720 нафар фуқаролар реабилитация техник воситалари ҳамда 454 нафар фуқаролар 874 дона протез-ортопедия маҳсулотлари билан таъминланди. Жумладан, 876 дона ногиронлар аравачаси, 467 дона эшитиш мосламаси, 81 дона ҳасса, 172 жуфт қўлтиқ-таёқ, 29 дона кўзи ожизлар ҳассаси, 31 дона тирсакли хасса, 41 дона “ходунок”лар шаҳар ва туман Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлимлари орқали муҳтож фуқароларга етказиб берилди.

Шу билан бирга, вилоятимиздаги ногиронлиги бўлган муҳтож шахслар 50 дона электр юритмали ногиронлар аравачаси билан таъминланди.

Бундан ташқари, “Саховат” ва “Мурувват” уйларида яшовчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг озиқ-овқат, дори-дармон ва шахсий гигиена воситалари таъминоти учун жами 10 млрд. 143 млн. сўм бюджет маблағлари ажратилди. Шунингдек, 1 млрд. 961 млн. сўм ҳомийлик маблағлари ҳисобидан озиқ-овқат, дори-дармон, кийим-кечак ва бошқа кўринишдаги ёрдамлар кўрсатилди.

Мустақиллик байрами муносабати билан вилоят ҳокимлиги томонидан барча Тиббий ижтимоий муассаларга 35 та телевизорлар топширилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг маблағлари ҳисобидан юмшоқ буюмлар (чойшаб ва ғилофлар) учун 105 млн. сўм маблағ ажратилди.











Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook, Telegram, Facebook, YouTube, Instagram