Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР


ВИЛОЯТ ҲОКИМИ ВА ЁШЛАР УЧРАШУВИ БЎЛИБ ЎТДИ

×

 2023-12-19 20:55:10    3813

PDF юклаш
Чоп этиш


Фарғона шаҳридаги Ислом Каримов номидаги театр-концерт саройида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг вилоятимиз ёшлари билан учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда 900 нафардан зиёд турли соҳалар вакиллари бўлган фаол ёшлар иштирок этдилар.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган бугунги давлат сиёсати замирида ёшларга эътибор ва ғамхўрлик, уларга замонавий билим бериш ва иқтидорини ривожлантириш мужассам эканини қайд этиб, бугун ёшлар келажаги билан боғлиқ ҳар қандай вазифа бирламчи аҳамиятга эга бўлиб турганига эътибор қаратди.

Дунёдаги бугунги мураккаб ва зиддиятли вазиятда Муҳтарам Президентимизнинг ички ва ташқи сиёсатдаги оқилона ва талабчан раҳбарликларида юртимизда тинчлик ҳукм суриб, иқтисодий барқарорлик таъминланаётганини қайд этган вилоят ҳокими, ёшларимиз ўзларига яратилаётган улкан имкониятлардан унумли фойдаланишлари шартлигини таъкидлади.

Туман ҳокими бўлиб ишлаган яқин ўтмишдаги даврларни эсга олган вилоят раҳбари, контракт тўлови учун ёрдам сўраб келган бир-икки нафар талабанинг мурожаатини қаноатлантириш ҳам қийин бўлганини айтиб, ҳозирги кунда Давлатимиз раҳбари томонидан тақдим этилаётган имкониятлар доирасида биргина Фарғона вилоятида бир йилда 5 минг нафардан зиёд талабанинг тўлов-контракт пуллари тўлаб берилаётганига тўхталиб ўтди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан йўлга қўйилган “Ёшлар дафтари” орқали вилоятимиз ёшларига манзилли ёрдам кўрсатиш учун 100 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирилганига, “Ёшлар баланси” асосида 21 минг нафарга яқин “оғир” тоифадаги ёшларнинг муаммоларини ҳал қилинганига, йил бошидан бери 37 минг нафардан ортиқ ёшларнинг бандлиги таъминланганига эътибор қаратган вилоят ҳокими, буларнинг барчаси Муҳтарам Президентимизнинг ёшларга бўлган эътиборлари ва ғамхўрликлари натижаси эканини таъкидлади.

Бугунги ёшларнинг орзу-ҳаваслари юқори эканини қайд этган вилоят ҳокими, юқори билим олиш билангина барча мақсадларга эришилишини таъкидлади. Вилоят раҳбари таълим билан бирга тарбия уйғунлигини таъминлаш муҳимлигини айтиб, туғилган юртни асраб-авайлаш, она Ватанни севиш, миллий қадриятларимиз, аждодларимиздан мерос бўлган эзгу урф-одатларимизни асраш, ўзлигимизни сақлаш лозимлигига эътибор қаратди.

“Ҳар иш ниятдан бошланади, ниятлар мақсадларга, мақсадлар ҳаракатларга айланади. Агар яхши ният қилиб, тўғри йўл билан бориб, тинимсиз ҳаракат қилинса инсон барча мақсадига етади” -деди вилоят раҳбари.

Вилоят ҳокими ҳаётий мисоллар билан жамиятдаги асосий иллатлар бўлган ҳасад, кибр ва манманлик, ёлғончилик ва ғийбатдан сақланиш масалаларига тўхталиб, ёшларга бу иллатларнинг зарари ҳақида ўз фикрларини етказди.

Учрашув давомида ўз ютуқлари билан Фарғонани ривожлантириш ва юксалтириш ишига ҳисса қўшиб келаётган, Ватанга муҳаббат ва садоқат, ташаббускорлик ва ташкилотчилик борасида тенгдошларига алоҳида намуна кўрсатаётган ёшларнинг катта гуруҳи вилоят ҳокимининг Ташаккурномалари ҳамда совғалари билан тақдирландилар.

Тадбир вилоятимизнинг таниқли санъаткорлари ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Фарғона филиали талабалари ижросидаги жонли куй-қўшиқлар билан давом этди.












Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг

Facebook, Telegram, Facebook, YouTube, Instagram