Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР


ВИЛОЯТ ҲОКИМИ ҚАТОР ТУМАНЛАРДА БЎЛИБ, ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ТЕХНИКАЛАРИ СОЗЛИГИ ВА ҲОЛАТИ БИЛАН ТАНИШДИ, ЯНГИ МАВСУМ ОЛДИДАН ФЕРМЕРЛАР БИЛАН МУЛОҚОТ ЎТКАЗДИ

×

 2023-12-26 19:06:41    2266

PDF юклаш
Чоп этиш


Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бугун вилоят секторлари раҳбарлари билан бирга Қува, Тошлоқ, Ёзёвон ва Қўштепа туманларида бўлиб, қишлоқ хўжалиги техникалари созлиги ва ҳолати билан танишди, янги мавсум олдидан фермерлар билан мулоқот ўтказди.

Йиғилганларни кириб келаётган Янги йил байрами билан самимий табриклаган Хайрулло Бозоров, ўтаётган 2023 йилда пахтачиликда, ғаллачиликда ва мева-сабзавот етиштиришда юқори натижаларни қайд этган соҳа вакилларига ўз миннатдорчилигини билдирди. Вилоят ҳокими юқори ҳосилдорликни таъминлашда муҳим омил бўлган қишлоқ хўжалиги техникаларининг янги мавсумга шайлиги келгуси йилга хотиржам қадам қўйишга имкон беришини қайд этди.

Учрашувларда мавсум олдида турган долзарб вазифалар ҳақида фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Дунёдаги бугунги зиддиятли вазиятлар даврида жаҳон бозорида пахта нархининг тушиб кетиши юртимиз пахтакорларига ҳам ўз таъсирини кўрсатганини қайд этган вилоят ҳокими, бу ҳолатдан чиқиб кетишнинг ягона йўли фермерлар учун – ҳосилдорликни кўтаришдан, кластерлар учун – ип-калавани тайёр маҳсулотгача қайта ишлаш даражасини 100 фоизга етказишдан иборат эканини таъкидлади.

Жорий йилда пахтачиликда пахта қатор ораларини 76 см кенгликда парваришлаш ўз самарасини берганига, гектаридан 60 центнергача ҳосил кўтарилганига эътибор қаратган вилоят раҳбари, бу йил ҳам қатор ораларини 76 ва 90 см кенгликда ёки қўшқаторлаб чигит экишни оммалаштириш юзасидан тавсиялар берди.

Келгуси 2024 йилда ҳам қишлоқ хўжалигига илмий ёндашув давом эттирилиши таъкидланди, ўғитлаш ва озиқлантириш жараёнларини тупроқнинг агрокимёвий таҳлили ҳамда озуқа моддалари билан таъминланганлик даражасига қараб амалга ошириш, тупроқнинг шўрланиш даражасига қараб мелиорация қилиш каби масалаларга эътибор қаратилиши лозимлиги қайд этилди.

Вилоятимизда пахта теримини механизациялаш учун қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқарувчи қатор хорижий компаниялар билан музокаралар ўтказилаётгани, вилоятимизда терим машиналарининг сервис хизматини ҳам ташкил этиш борасида иш олиб борилаётгани маълум қилинди.

Учрашувлар якунида туманлардаги илғор механизаторларга 2 миллион сўмдан мукофот пуллари ва эсдалик совғалари топширилди.











Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook, Telegram, Facebook, YouTube, Instagram