Фарғона вилояти ҳокими
Бозаров Хайрулло Хайитбаевич
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ажратиладиган имтиёзли кредит ҳисобидан фуқароларга маҳсулот етказиб берувчи таъминотчи корхоналарнинг рўйхати
.
.
Сайтни бахолаш
Ишонч телефонига берилган бахолар
ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ФАРҒОНА ВИЛОЯТ КЕНГАШИНИНГ НАВБАТДАГИ СЕССИЯСИДА ФАРҒОНА ВИЛОЯТИНИНГ 2024 ЙИЛГИ МАҲАЛЛИЙ БЮДЖЕТИ ТАСДИҚЛАНДИ
2023-12-27 15:30:29 6816
Бугун вилоят ҳокимлиги катта мажлислар залида халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашининг навбатдаги олтмиш учинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессия ишида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Ахадбек Ҳайдаров, Солиқ қўмитаси Бюджет даромадларини прогнозлаштириш департаменти директори Рамшид Хўжақулов, вилоятдан сайланган Олий Мажлис Сенати аъзолари, вилоят Кенгаши депутатлари, вилоят ҳокимининг тегишли ўринбосарлари, кун тартибига киритилган масалаларга алоқадор давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этдилар. Ҳудудий студиялардан тегишли масъуллар видеоконференцалоқа орқали йиғилишда қатнашдилар.
Сессияга вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров раислик қилди ва олиб борди.
Кун тартибига кўра, 3 та масала кўриб чиқилди. Дастлаб Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 25 декабрдаги “2024 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни мазмун-моҳиятини тушунтириш ҳамда Фарғона вилоятининг 2024 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилди.
Вилоят Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи Зафаржон Рўзалиевнинг 2023 йил якуни билан Фарғона вилояти маҳаллий бюджетининг кутилаётган ижроси ҳамда 2024 йилга мўлжалланган бюджет ва солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш бўйича ишлаб чиқилган вилоят маҳаллий бюджети лойиҳаси тўғрисидаги ахбороти тингланди.
Таъкидландики, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, маҳаллий бюджет учун 2023 йилга жами 4 трлн. 340,6 млрд.сўм даромадлар прогнози (аниқлаштирилган) белгиланган бўлиб, жорий йил якунига қадар 4 трлн. 500,0 млрд.сўм даромадлар туширилиб, белгиланган прогнозни 159,4 млрд.сўмга ёки 104 фоизга ижросини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Солиқ-бюджет сиёсатида кўзда тутилаётган ўзгаришлар ҳамда бюджет даромадларига сезиларли таъсир кўрсатувчи ялпи ҳудудий маҳсулот (ЯҲМ) кўрсаткичларини ошиши, базавий ҳисоблаш миқдорини ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини ўсиши ҳисобга олинган ҳолда Фарғона вилояти маҳаллий бюджет даромадлари прогнози 2024 йил учун 5 трлн. 399,0 млрд.сўм белгиланмоқда.
2024 йил учун Фарғона вилояти маҳаллий бюджетининг харажатлари 7 трлн. 342,6 млрд. сўмни ташкил этмоқда.
Бунда, маҳаллий бюджет даромадлари ва харажатлари ўртасидаги фарқни қоплаш учун тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар кўзда тутилган бўлиб, 2024 йил учун 1 трлн. 943,7 млрд. сўм, шундан 687,8 млрд. сўми акциз солиғи тушумлари ҳисобидан ажратиладиган маблағларни ташкил этади.
Сессияда маърузачи томонидан вилоят маҳаллий бюджети харажатлари ҳақида йўналишлар ва соҳалар кесими бўйича ҳам маълумотлар берилди.
Депутатлар 2024 йил вилоят бюджети юзасидан ўзларини қизиқтирган саволлар ва таклифларни ўртага ташладилар. Муҳокамалардан сўнг Фарғона вилоятининг 2024 йилги маҳаллий бюджети бир овоздан тасдиқланди.
Сессияда шунингдек, вилоятдаги банклар томонидан ажратилган кредитлар қайтими, мавжуд муаммоли кредит қарздорликларини ундириш борасида амалга оширилаётган ишлар, кўрилаётган чора-тадбирлар ҳамда вилоятдаги иссиқлик билан таъминловчи корхоналар томонидан кўрсатиладиган иссиқлик таъминоти хизматлари учун тартибга солинадиган нархлар (тарифлар) ҳам кўриб чиқилди.
Сессия якунида кўрилган ҳар бир масала юзасидан халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook,
Telegram,
Facebook,
YouTube,
Instagram