Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР


ХИТОЙНИНГ BAISHAN ZHONGTIAN DEVELOPMENT КОМПАНИЯСИ ФАРҒОНАДА БИЗНЕС-МАРКАЗ, 5 ЮЛДУЗЛИ МЕҲМОНХОНА ВА САВДО МАЖМУАСИ ҚУРИШ БЎЙИЧА ЎЗ ИНВЕСТИЦИОН ЛОЙИҲАСИ ТАҚДИМОТИНИ ЎТКАЗДИ

×

 2024-06-01 19:31:55    1311

PDF юклаш
Чоп этиш


Бугун Хитойнинг Baishan Zhongtian Development компанияси томонидан Фарғона шаҳрида амалга ошириш режалаштирилаётган йирик инвестицион лойиҳа – бизнес-марказ, 5 юлдузли меҳмонхона ва савдо мажмуаси қуриш лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят секторлари раҳбарлари, хитойлик инвесторлар, жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Baishan Zhongtian Development компанияси раҳбари Вэй Хен Шен бошчилигидаги хитойлик йирик инвесторлардан иборат гуруҳ бир неча кунлардан вилоятимизда бўлиб, Фарғонанинг инвестицион имкониятлари ҳамда истиқболли инвестиция йўналишлари бўйича иш олиб боришди. Ушбу ўрганишлар якуни бўйича Фарғонада лойиҳа қиймати 50 млн. доллардан зиёд бўлган, бизнес-марказ, 5 юлдузли меҳмонхона ва савдо мажмуаси қуриш бўйича ишлаб чиқилди ва бугун тақдимоти ўтказилди.

Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Ўзбекистон ва Хитой давлат раҳбарларининг юксак сиёсий иродалари ва эзгу ташаббуслари билан икки давлат ўртасидаги ўзаро иқтисодий алоқалар тобора кучайиб бораётганини, Фарғона ва Хитой ўртасида ҳам ўзаро савдо айланмаси ҳамда вилоятимизга кириб келаётган Хитой инвестициялари ҳажми йил сайин ўсиб бораётганини алоҳида қайд этиб ўтиб ўтди.

Вилоят раҳбари, Янги Ўзбекистонга, юртимизда бўлаётган ислоҳотларга катта ишонч билан қараб, Фарғонага сармоя киритишни режалаштираётган Вэй Хен Шенга миннатдорчилик билдирди.

Фарғона вилоятининг бугунги инвестицион жозибадорлигини юқори баҳолаган Baishan Zhongtian Development компанияси раҳбари Вэй Хен Шен, ўзи ва ҳамкорлари томонидан вилоятимиз ҳудудида бошқа қатор инвестицион лойиҳаларни ҳам амалга оширишни режалаштираётганликларини билдирди.

Бугун тақдимоти ўтказилган лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш бўйича белгиланган тартибда иш ташкил этишга келишиб олинди.

Тақдимот маросимидан сўнг вилоят ҳокимлигида Baishan Zhongtian Development компанияси вакиллари билан учрашув ўтказилди.

Учрашув давомида режалаштирилаётган инвестицион лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ ташкилий жиҳатлар, мажмуа меъморий лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда Республикамиз қурилиш талабларига мослаштиришда хитойлик ҳамда вилоятимиз мутахассисларининг ҳамкорликда иш олиб боришини таъминлаш, қурилиш ишларига хорижий қурилиш компанияларига юртимизда тақдим этилаётган имтиёз ва қулайликлар ҳамда бошқа масалалар муҳокама қилинди.

Маълумот ўрнида қайд этиб ўтиш лозимки, бугунги кунда вилоятимизда Хитой Халқ Республикаси билан ҳамкорликда умумий қиймати 3,7 млрд. доллар бўлган 54 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Шундан, 2023 йилда вилоятимиз делегациясининг Хитойга амалий ташрифи давомида эришилган келишувлар доирасида умумий қиймати 1,3 млрд. доллар бўлган 23 та лойиҳа амалга оширилаётган бўлса, жорий йил январь ойида Хитойга сафар давомида имзоланган келишувлар доирасида умумий қиймати 2,4 млрд. доллар бўлган 31 та лойиҳани ҳаётга татбиқ этишга бошланди.

Ҳозирги кунда вилоятимизда 200 га яқин Хитой капитали иштирокидаги корхоналар фаолият олиб бормоқда. Сўнгги йилларда Хитой инвестициялари ҳисобига амалга оширилган йирик лойиҳаларга тўхталганда, “Фарғона ясин қурилиш моллари” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси томонидан вилоятимизга жами 200 млн. доллардан зиёд сармоя киритилганини, Фурқат туманида "BNBM” компанияси томонидан амалга оширилган қиймати 50 млн. доллар бўлган гипс ва гипсокартон маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини алоҳида қайд этиб ўтиш лозим.

Бугунги кунда Jianhua Ceramics компанияси “Қўқон” ЭИЗ ҳудудида керамика маҳсулотлари ва кафель ишлаб чиқариш бўйича 50 млн. долларлик инвестицион лойиҳани, Blue Carbon компанияси Қувасой шаҳрида 20 млн. долларлик қуёш панеллари, ёритиш чироқлари ва қувватловчи батареялари ишлаб чиқариш бўйича лойиҳани якунламоқда, яқин кунларда ҳар иккиси ҳам ишга туширилади.

Crown ceramic компанияси яна Қувасой шаҳрида 40 млн. доллар инвестиция ҳисобига премиум сифатдаги керамогранит плиталари ишлаб чиқариш заводи барпо этишга киришди.

China Gezhouba Group Overseas Investment компанияси 144 млн. доллар инвестиция ҳисобига Ўзбекистон туманида электр энергиясини сақлаш тизими барпо этиш лойиҳасини бошлади.

Хитойнинг Shandong Swan Cotton Industrial Machinery Stock компанияси томонидан Фарғонада пахта териш машиналарини йиғиш, техникаларга сервис хизмати кўрсатиш маркази ташкил этиш лойиҳасига ҳам старт берилди.

Умуман олганда, бугунги кунда Хитой вилоятимизнинг энг йирик инвестицион ҳамкори бўлиб турибди.











Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook, Telegram, Facebook, YouTube, Instagram