Фарғона вилояти ҳокими
Бозаров Хайрулло Хайитбаевич
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ажратиладиган имтиёзли кредит ҳисобидан фуқароларга маҳсулот етказиб берувчи таъминотчи корхоналарнинг рўйхати
.
.
Сайтни бахолаш
Ишонч телефонига берилган бахолар
ТУРК САРМОЯДОРЛАРИ ФАРҒОНАДА ҚАТОР ИНВЕСТИЦИОН ЛОЙИҲАЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШНИ РЕЖАЛАШТИРМОҚДА
2024-06-10 10:54:29 1481
Амалий ташриф билан Туркияда бўлган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги Фарғона вилояти делегацияси вакиллари Karakaya 86, Gürsoy Grup, KC Kimya ҳамда Farmicca компанияларида бўлиб, ушбу компаниялар раҳбарлари билан музокаралар ўтказдилар. Учрашувларда ҳамкорликнинг аниқ истиқболлари белгилаб олинди, вилоятимиз ҳудудида инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
Тупроқсиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган Farmicca Tarım Teknolojileri A.Ş. компанияси таъсисчилари Жем Сезер ва Билал Ширин билан ўтказилган учрашувда вилоятимизда ақлли технологияларга асосланган, гидропоника усулида экологик тоза қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш мажмуаси барпо этиш инвестицион лойиҳаси бўйича келишувга эришилди.
Қисқа муддатда компания томонидан мажмуа лойиҳасини ишлаб чиқилишига ҳамда музокараларни давом эттириш учун Фарғонага ташриф ташкилланиши белгиланди. Вилоятимиз вакиллари Farmicca компаниясида тупроқсиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш усуллари билан ҳам танишдилар. Дунёда 5 тагина ривожланган мамлакатда бундай юқори технологик тупроқсиз қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш компаниялари мавжуд бўлиб, Туркияда ушбу лойиҳа 10 млн. доллар сармоя ҳисобига амалга оширилган.
Металлар учун электростатик кукун бўёқ ишлаб чиқаришда Туркиянинг энг пешқадам компанияларидан бири бўлган KC Kimya A.Ş. компанияси бошқарув кенгаши раиси Жебраил Камажи ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлари дунёнинг кўплаб мамлакатларига, шу жумладан, Ўзбекистонга ҳам экспорт қилинаётганини, мамлакатимиздаги мавжуд ишлаб чиқариш қувватлари тобора ошиб бораётган талаб учун етарли эмаслигидан хабардор эканини қайд этди.
KC Kimya томонидан Ўзбекистонда ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этиш режасини Фарғонада амалга ошириш бўйича дастлабки келишувга эришилди. Компания раҳбарлари июнь ойи охирги ўн кунлигида музокараларни давом эттириш учун Фарғонага келадиган бўлди.
Вилоят ҳокими бошчилигидаги Фарғона делегацияси аъзолари автомобилсозлик саноатида катафорез усулида метал юзасига ишлов беришга ихтисослашган, Туркиянинг турли ҳудудларида 6 та ишлаб чиқариш корхонасига эга бўлган Karakaya 86 компанияси ишлаб чиқариш мажмуасида ҳам бўлдилар.
Компания раҳбари Хасан Каракая Ўзбекистонда, қолаверса, Марказий Осиё минтақасида автомобилсозлик соҳаси жадал ривожланиб бораётгани, бу катта салоҳиятли бозорга қизиқишлари юқори эканини билдирди. Фарғонада инвестицион ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш борасида ҳамкорликда иш ташкил этиладиган бўлди.
Gürsoy Grup таркибига кирувчи, темир йўллари қурилишида ишлатиладиган эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган Gürmak Demiryolu компанияси бошқарув кенгаши раҳбари Мехмет Гюрсой билан ўтказилган учрашувда Ўзбекистонда темир йўллари соҳасида сўнгги йилларда амалга оширилган йирик лойиҳалар ҳақида сўз борди. “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши тўғрисида бир неча кун аввал имзоланган битимни аҳамиятига алоҳида тўхталган Мехмет Гюрсой, ушбу лойиҳани амалга оширишда иштирок этишга ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларини Фарғонада маҳаллийлаштиришга тайёр эканликларини билдирди. Бу борада мутасадди идоралар билан биргаликда музокараларни давом эттиришга келишилди.
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook,
Telegram,
Facebook,
YouTube,
Instagram