Фарғона вилояти ҳокими
Бозаров Хайрулло Хайитбаевич
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ажратиладиган имтиёзли кредит ҳисобидан фуқароларга маҳсулот етказиб берувчи таъминотчи корхоналарнинг рўйхати
.
.
Сайтни бахолаш
Ишонч телефонига берилган бахолар
ФАРҒОНА ВА ХИТОЙ ИҚТИСОДИЙ ҲАМКОРЛИГИ ЯНГИ БОСҚИЧГА КЎТАРИЛАДИ: ВИЛОЯТ ҲОКИМИ ХАЙРУЛЛО БОЗОРОВ ХИТОЙДА ҚАТОР ЙИРИК КОМПАНИЯЛАР РАҲБАРЛАРИ БИЛАН САМАРАЛИ МУЗОКАРАЛАР ЎТКАЗДИ
2024-06-19 19:34:19 1326
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги Фарғона вилояти расмийлари ҳамда тадбиркорларидан иборат делегациясининг Хитойга ташрифи доирасида Пекин, Шанхай шаҳарларида, Шандун, Чжецзян, Цзянсу, Шаньси, Шэньси провинцияларида қатор йирик компаниялар раҳбарлари билан самарали музокаралар ўтказилди, ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан танишилди.
Хитой миллий қурилиш материаллари компаниялари гуруҳи (СNBM) таркибига кирувчи “China Triumph International Engineering” компанияси раҳбари Ма Лиюн билан учрашувда вилоятимизда қиймати 15 млн. доллар ва кунлик қуввати 800 т. бўлган тобланган ойналар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш юзасидан дастлабки келишувга эришилди.
“Shandong Swan Cotton Industrial Machinery Stock” компанияси раиси Ванг Шинтинг билан ўтказилган учрашувда аввал келишилган Фарғона шаҳрида маҳаллий ҳамкор “Hamkor Group” МЧЖ иштирокида қиймати 11 млн. доллар бўлган қишлоқ хўжалиги техникалари, хусусан, 100 та терим машиналарини йиғиш лойиҳасини жорий йил июнь ойида амалга оширишни бошлашга келишилди. Лойиҳанинг иккинчи босқичида буғдой ўриш ва мавсумий сабзавотлар йиғиш машиналари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги техникаларига хизмат кўрсатиш ва мутахассисларни тайёрлаш марказини ишга туширишга келишиб олинди.
Хитойда иссиқхоналар йўналишига ихтисослашган Шоугуан шаҳрида “Qinzhou Bomo” корхонаси раҳбарияти билан учрашув ўтказилиб, унда Олтиариқ туманида қиймати 10 млн. долларлик иссиқхоналар учун қопламалар ва енгил типдаги конструкциялар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича дастлабки келишувга эришилди. Мазкур лойиҳа доирасида компания вакилларининг жорий йил август ойида Фарғонага ташрифи ташкил этилади.
“Electrical System” компанияси бошқарув кенгаши Карл Ян билан музокаралар давомида Фарғона вилоятида қиймати 15 млн. доллар бўлган трансформаторлар, электромобиллар учун қувватлаш ускуналари ва энергия сақлаш станцияларини ишлаб чиқариш лойиҳаси юзасидан музокаралар ўтказилди. Компания вакиллари 20 июнь куни Фарғонага ташриф буюради, лойиҳалар бўйича ўрганишларни бошлайди.
Тиббиёт технологиялари ишлаб чиқаришда Хитойнинг етакчи компанияси ҳисобланган Microport компаниясида ақлли технологияларга асосланган жарроҳлик жиҳозлари, амалиёт жараёнларини роботлашган ҳолатда ҳамда масофадан амалга ошириш бўйича бугунги кунда дунёда татбиқ этилаётган энг сўнгги ёндашувлар билан танишилди, компания таъсисчиси Алекс Хе билан вилоятимиз тиббиёт муассасаларига бундай технологияларни татбиқ этиш имкониятлари муҳокама қилинди. Яқин муддатда Фарғона вилояти тиббиёт соҳаси мутасаддиларидан иборат делегацияни компанияга сафарини ташкиллаш ҳамда ҳамкорлик бўйича келгуси чораларни аниқ белгилашга келишиб олинди.
Skyworth бренди остида маиший техникалар ҳамда Wi-Fi жиҳозлари ишлаб чиқарувчи Shaanxi Qin Shen Electronic Technology компаниясида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўздан кечирилди, компания раҳбари Цао Чжунцинь билан вилоятимиз ҳудудида маиший техникалар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича дастлабки келишувга эришилди, яқин ойларда Цао Чжунцинь Ўзбекистон бозорида мавжуд имкониятларни бевосита ўрганиш учун Фарғонага ташриф буюришига келишилди.
“Sichuan Shengyakai Fastening Equipment Co., Ltd.” компанияси томонидан Фарғона шаҳри “Бақай” кичик саноат зонасида қиймати 10 млн. доллар бўлган қурилиш-монтаж пистолетлари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширишга келишилди.
“Shiyan Zhenke Industrial Technology Co., Ltd.” компанияси вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда Фарғона вилоятида қиймати 20 млн. доллар бўлган тоғ-кон саноати техникасини йиғиш лойиҳаси муҳокама қилинди. Жорий йил август ойида компания экспертларидан иборат гуруҳнинг вилоятимизга ташрифи белгиланди.
Банк-молия йўналишида фаолият юритувчи “Rendi” компанияси таъсисчиси Рен Юйсян билан музокараларда вилоятимиз ҳудудида автомобилсозлик, фармацевтика, қурилиш соҳаларида инвестицион лойиҳаларни амалга оширишга келишилди. Июль ойида лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида Фарғонада “Rendi” компанияси офисини ташкил этиш ҳамда Пекин шаҳрида Фарғона вилояти инвестиция ва савдо марказини очишга келишилди.
Шунингдек, “Shandong Wiskind Architectural Steel Co., Ltd.” раҳбарияти билан “Қўқон” ЭИЗ ҳудудида металл прокатлар ва саноат объектлари учун сендвич панеллар ишлаб чиқариш, “Sinopharm Medicinal Materials” раҳбарияти билан учрашувда Фарғонада қиймати 20 млн. долларлик фармацевтика ва тиббиёт анжомлари ишлаб чиқариш фарма-парки ташкил этиш, “Meichuchuye” корхонаси бошқаруви билан бўлган учрашувда вилоят ҳудудида умумий овқатланиш шахобчалари учун икки босқичда қиймати 10 млн. доллар бўлган ошхона инвентарлари ишлаб чиқариш, “Shandong Hualiang” компанияси билан учрашувда Фарғона шаҳрида қиймати 15 млн. долларлик ва йиллик ишлаб чиқариш қуввати 1000 дона бўлган юклагич техникалари ишлаб чиқариш лойиҳалари муҳокама қилинди ва дастлабки келишувларга эришилди.
Кўприк ва йўллар қуришда Хитойнинг энг йирик компанияларидан бири бўлган Shaanxi Road & Bridge Group таъсисчиси Ши Чан билан ўтказилган музокараларда вилоятимиз ҳудудида давлат-хусусий шериклик шартларида пуллик автомобиль йўллари барпо этиш, шунингдек, Фарғонадан Тошкентга Тожикистон орқали халқаро пуллик автомобиль йўли қуриш лойиҳалари муҳокама қилинди, бу борада биргаликда иш ташкил этишга келишиб олинди.
Вилоят ҳокими бошчилигидаги делегация аъзолари Шанхай шаҳридаги “17-халқаро фотоволтайг ва ақлли энергия – 2024” форум-кўргазмасида ҳам иштирок этиб, қатор компаниялар вакиллари билан музокаралар ўтказдилар.
Фарғона вилояти делегацияси Хитойга самарали ташрифини якунлаб Фарғонага қайтиб келди.
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook,
Telegram,
Facebook,
YouTube,
Instagram