Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР


ФАРҒОНАДА МАТБУОТ ВА ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ ХОДИМЛАРИ КУНИ КАТТА ТАНТАНА БИЛАН НИШОНЛАНДИ

×

 2024-06-27 15:29:56    4531

PDF юклаш
Чоп этиш


Фарғона шаҳридаги “Афросиёб” тантаналар мажмуасида 27 июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан вилоят оммавий ахборот воситалари ходимлари, ноширлар, матбаачилар, фахрий журналистлар, блогерлар ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида вилоят байрам тадбири ўтказилди.

Тантанали тадбирни вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров очиб берди ва барча оммавий ахборот воситалари ходимларини касб байрамлари билан самимий табриклади.

Муҳтарам Президентимизнинг соҳага алоҳида эътиборлари натижасида юртимизда сўз эркинлиги ва фикрлар хилма-хиллигига эришиш йўлида кенг имкониятлар очилаётганига, Матбуот ва оммавий ахборот воситаларининг жамиятимизда нуфузи кучайиб бораётганига алоҳида эътибор қаратилди.

Бугунги кунга келиб 66 та босма нашр, 5 та телеканал, 3 та радио, 4 та интернет ахборот сайтини ўзида жамлаган Фарғона матбуоти, журналистиканинг бой тажрибалари ҳамда замонавий тенденцияларини бирлаштирган кучли медиа майдонига айлангани қайд этилди.

Давлатимиз раҳбарининг куни кеча Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган табрикларидан иқтибос келтирган вилоят ҳокими, “....бериб борилаётган танқидий ва таҳлилий материаллар жойларда мудраб ўтирган айрим раҳбар ва мутасаддиларни уйқудан уйғотиб, янгича ишлаб, одамларнинг ташвиши билан яшашга мажбур қилмоқда.” – деган фикр, бугунги кунда матбуотнинг ўрни ва таъсири ортиб бораётганини кўрсатишини қайд этиб, Фарғонада ҳам соҳа ходимлари томонидан амалга ошириладиган жамоатчилик назорати холисликка таянган, халқ манфаатини кўзлаган ҳолда давом этишига ишонч билдирди.

Сўнгги йилларда вилоятда қишлоқ хўжалиги, таълим соҳаларида Фахрийлар кенгашлари ташкил этилгани, ушбу соҳаларда чуқур билим ва ҳаётий тажрибага эга бўлган фахрийлар ҳокимларнинг маслаҳатчиси бўлиб фаолият кўрсатиб келаётганини қайд этган вилоят ҳокими, матбуот соҳасида ҳам фаол ижтимоий позицияга эга бўлган, қалби, виждони уйғоқ нуронийларнинг, фахрий журналистларнинг маслаҳатлари, ўгитлари, тавсиялари барча учун муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Вилоят раҳбари Фарғонада Матбуот ва оммавий ахборот воситалари фахрийлари кенгаши ташкил этиш таклифини ўртага ташлади, фахрий фотожурналист Шамшидин Қорабоев ушбу кенгашга раислик қилиши белгиланди.

Президентимизнинг кеча эълон қилинган “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармони доирасида “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган “Бешариқ тонги” газетаси бош муҳаррири Собиржон Темиров тадбирда сўз олиб, юртимизда сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш, соҳани ривожлантириш йўлидаги улкан ислоҳотлар ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Матбуот соҳасидаги кўп йиллик самарали меҳнатлари, Фарғона вилоятини ижтимоий-маънавий юксалтириш ишига қўшиб келаётган муносиб ҳиссаси, вилоят ижтимоий ҳаётидаги фаоллиги учун ҳамда 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ матбуот соҳаси вакиллари вилоят ҳокимининг Фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Эл ардоғидаги санъаткорлар иштирокидаги чиқишлар, куй-қўшиқлар тадбир қатнашчиларига янада кўтаринкилик улашди.











Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook, Telegram, Facebook, YouTube, Instagram