Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР


МАРҒИЛОН ШАҲРИДА ТАДБИРКОРЛАР БИЛАН УЧРАШУВ БЎЛИБ ЎТДИ

×

 2024-08-10 22:05:31    1060

PDF юклаш
Чоп этиш


Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 11-12 июль кунлари вилоятимизга ташрифи давомида Марғилон шаҳрида ҳам бўлиб, нуронийлар ҳамда фаоллар билан самимий мулоқотда бўлди.

Учрашувда кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳарни замонавий мезонлар асосида ривожлантириш бўйича бир қатор эзгу ташаббуслар илгари сурилди. Яқинда бу борада белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров шаҳарни янгича кўринишга келтириш, замонавий массивлар бунёд этиш бўйича берилган топшириқлар ижроси бўйича марғилонлик тадбиркорлар ҳамда қурилиш ташкилотлари раҳбарлари билан учрашган эди.

Мулоқотда тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, мавжуд муаммоларга ечим излаш, саноат ва ишлаб чиқариш тармоқларини янада кенгайтириш каби устувор масалаларни ҳал этиш учун тизимли ишларни амалга ошириш мақсадида Тадбиркорлар кенгаши ташкил этилди. Шу тариқа ҳафтанинг ҳар шанба куни Марғилонда тадбиркорлар билан учрашув ташкил этишга келишиб олинди.

Шу мақсадда бугун Марғилон шаҳридаги “Олтин водий” МЧЖнинг сифатли металл маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонасида тадбиркорлар билан учрашув бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят прокурори Бахтиёр Исмоилов, марғилонлик 50 нафардан зиёд тадбиркорлар ва қурилиш ташкилотлари раҳбарлари қатнашди.

Юзма-юз мулоқотда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров давлатимиз раҳбарининг ташрифи давомида Марғилон шаҳри аҳолиси турмуш фаровонлигини юксалтириш ҳамда тадбиркорлик муҳитини янги босқичга олиб чиқиш учун белгилаб берилган топшириқлар ижросини бамаслаҳат бажариш мақсадида бугунги учрашув ташкил қилинганини қайд этди. Айни кунларда Марғилон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, инфратузилма хизматлари фаолиятини янада яхшилаш учун қарорлар тайёрланаётганлигини таъкидлади.

Хусусан, шаҳарнинг “Янги ҳаёт” кўчасида жойлашган 110 гектар ер майдонида “Бурҳониддин Марғилоний халқаро илмий-тадқиқот маркази” ҳамда замонавий шаҳарча қурилиши бошлангани, кичик саноат зоналари учун ер майдони ажратилгани маълум қилиниб, ушбу қурилиш ишларида марғилонлик тадбиркорлар бош бўлиши кераклигига эътибор қаратилди.

Учрашувда тадбиркорлар мазкур қурилиш жараёнларида муносиб иштирок этиш мақсадида янги лойиҳалари ҳамда таклифлари тақдимотини ўтказишди.

Вилоят ҳокими ҳар бир тадбиркор билан юзма-юз мулоқот қилиб, фаолиятини кенгайтириш учун ер майдони олиш, янги массив ҳудудида амалга оширмоқчи бўлган лойиҳалар, ижтимоий объектлар бўйича тадбиркорларнинг таклиф ва мурожаатларини тинглади. Ҳар бир тадбиркорнинг мурожаати ёзиб олиниб, ижобий ҳал этилиши бўйича тегишли масъуллар бириктирилиши ва тез фурсатларда ечими юзасидан хабардор қилиниши айтиб ўтилди.

Шунингдек, учрашувда тадбиркорларнинг бу борадаги таклифлари ва муаммолари билан ишлаш, ўзаро фикр алмашиш учун телеграмда алоҳида гуруҳ ҳам ташкил этилди.





Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook, Telegram, Facebook, YouTube, Instagram