Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР


ВИЛОЯТИМИЗДА ҚУРИЛИШ – БУНЁДКОРЛИК СОҲАСИ ФИДОЙИЛАРИ МЕҲНАТИ ЮКСАК ЭЪТИРОФ ЭТИЛДИ

×

 2024-08-12 09:22:34    995

PDF юклаш
Чоп этиш


Фарғона шаҳридаги “Афросиёб” тантаналар мажмуасида Ўзбекистон қурувчиларининг касб байрами муносабати билан тантанали тадбир ташкил этилди. Унда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят секторлари раҳбарлари, вилоятимиз қурилиш соҳасида фаол ва фидокорона меҳнат қилаётган моҳир қурувчи ва муҳандислар, уста ва меъморлар, лойиҳачи ва пудратчи ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Вилоят ҳокими тадбир иштирокчиларини касб байрами билан самимий қутлаб, энг эзгу тилакларини билдирди.

Таъкидлаб ўтилганидек, муҳтарам Президентимизнинг қурувчилар куни муносабати билан йўлланган байрам табригида мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоқларидан бири бўлган ушбу соҳа ходимларининг шарафли, шу билан бирга машаққатли меҳнати юксак эътироф этилди.

Эзгу ташаббуслар доирасида кейинги йилларда Фарғона вилоятида ҳам кенг кўламли қурилиш–бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, Янги Фарғонанинг ўзига хос янги тимсоли яратилмоқда. Хусусан, бундан атиги икки ярим йил олдин давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга ташрифи чоғида Фарғона шаҳрида “Янги Ўзбекистон” массиви–Экошаҳар қурилиши бўйича лойиҳа тақдимоти ўтказилган эди.

Шу йилнинг 11–12 июль кунлари Президентимиз иштирокида 300 гектар майдонда 65 минг аҳоли истиқомат қилиши мўлжалланган ушбу замонавий шаҳарчанинг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Ҳозирда бу ерда лойиҳанинг кейинги босқичлари учун режалаштирилган қурилиш ишлари жадал давом этмоқда.

Айнан давлатимиз раҳбарининг жорий йилги ташрифи мобайнида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида бугун Марғилон шаҳрида “Янги Ўзбекистон” массиви ва ушбу ҳудудда “Бурҳониддин Марғилоний илмий–маърифий маркази” қурилиши учун пойдевор ишларига киришилди. Яқин вақт ичида Қўқон шаҳрида ҳам замонавий шаҳарча қад ростлаши учун лойиҳалаштириш ишлари якунига етказиляпти. Умуман олганда, яқин истиқболда қурилиш–бунёдкорлик ишлари қамрови вилоятнинг ҳар бир шаҳар–тумани миқёсида кенг қулоч ёзиши мақсад қилинган.

- Бу борада сондан сифат босқичига ўтиш вақти келди. Айни жараёнда дунёнинг иқтисодий, тадбиркорлик, туризм марказлари бўлган мегаполис шаҳарлар қурилиши бизга яхши тажриба бўлади. Боиси ўзига хос меъморий ечимга эга, замонавий шаҳарсозлик архитектураси анъаналари асосида амалга оширилган улкан қурилиш–бунёдорлик ишлари нафақат меъморчилик соҳаси ютуқлари ҳисобланади, шу билан бирга мамлакатнинг куч–қудрати, салоҳиятини ҳам намоён этади. Бу хусусда гап кетганда, Амир Темур бобомизнинг “Ким бизнинг қудратимизга шубҳа қилса, биз қурдирган иморатларга боқсин” деган ҳикматли иборасини эслаб ўтиш ўринлидир,—деди вилоят ҳокими.

Байрам тадбирида вилоятимиздаги қурилиш–бунёдкорлик ишларида жонбозлик кўрсатган бир гуруҳ соҳа фидойиларига вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Тантанали тадбирга элимиз ардоғидаги санъаткор Шоҳжаҳон Жўраев ижросидаги куй–қўшиқлар янада файз, хуш кайфият бахш этди.







Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook, Telegram, Facebook, YouTube, Instagram