Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР


ФАРҒОНАДА XXXIII ЁЗГИ ОЛИМПИАДА ЧЕМПИОНЛАРИ ВА ИШТИРОКЧИЛАРИ ТАНТАНАЛИ КУТИБ ОЛИНДИ

×

 2024-08-13 17:06:04    1013

PDF юклаш
Чоп этиш


Фарғона халқаро аэропортида Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтган XXXIII Ёзги Олимпиада ўйинларида иштирок этган фарғоналик спортчилар тантанали равишда кутиб олинди.

Шу муносабат билан бу ерда вилоят ҳокимлиги вакиллари, секторлар раҳбарлари, мураббийлар, спортчилар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида тантанали тадбир ўтказилди.

Тантанада вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров сўзга чиқиб, Олимпиада чемпионларини ҳамда иштирокчиларини самимий табриклади.

– “Париж – 2024” Ёзги Олимпиада ўйинларида вилоятимиз боксчилари бир кунда иккита олтин медални қўлга киритишди, – деди Хайрулло Бозоров. – Дастлаб, 71 килограммгача бўлган вазн тоифасида финалга йўл олган амалдаги жаҳон чемпиони Асадхўжа Мўйдинхўжаев мексикалик рақиби Марко Вердени 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, Фарғона вилояти спорти тарихида илк бор Олимпиада ўйинларининг олтин медалига эга чиқди. Орадан бир соат ўтиб, 92 килограммгача вазн тоифасидаги боксчиларнинг финал баҳсида Фарғона бокс мактабининг яна бир истеъдодли вакили, жаҳон чемпионати совриндори Лазизбек Мулложонов озарбайжонлик боксчи Алфонсо Домингесга қарши рингга кўтарилди. Парижга олимпиадачиларимизни қўллаб-қувватлаш учун борган ўзбекистонлик мухлисларнинг далдаси ҳамда Асадхўжанинг ғалабасидан илҳомланган Лазизбек ҳам ҳар уч раундни ўз фойдасига ҳал қилиб, Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобига яна битта олтин медални туҳфа этди.

Умуман олганда, ўзбекистонлик спортчилар нималарга қодир эканлигини яна бир бор амалда исботлаб, 206 та давлат вакиллари иштирок этган ушбу нуфузли мусобақаларда умумжамоа ҳисобида фахрли 13-ўринни қўлга киритишди. Жамоадошларимиз 8 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза медалларига сазовор бўлдилар. Бу Марказий Осиё, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва туркий тилли давлатлар ўртасидаги энг юқори кўрсаткичдир.

Бундай юқори натижага эришилишида фарғоналик спортчиларнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор.

Ҳар икки боксчимизнинг тарихий ғалабалари улар туғилиб ўсган Риштон туманидаги Булоқбоши ва Фарғона туманидаги Лоғон қишлоқларидагина эмас, балки бутун Ўзбекистонимизда катта тантана қилинди. Шунча давлат ичида фарғоналик азамат йигитларимизнинг ғалабалари сабаб тўрт йилликнинг энг катта спорт мусобақаларида Ўзбекистон мадҳияси янграб, байроғимиз юксакларга кўтарилганидан жуда бахтиёрмиз.

Шунингдек, вилоят ҳокими Олимпиада чемпионлари – Асадхўжа Мўйдинхўжаевнинг ота-онаси Зохидхўжа Охунжонов ҳамда Гулчеҳра Охунжоноваларга, Лазизбек Мулложоновнинг ота-онаси Ҳасанжон Ҳусанов ва Дилафруз Ҳусановаларга юртимиз байроғини жаҳон узра баланд кўтарадиган мана шундай матонатли ва ватанпарвар фарзандларни тарбиялаганликлари учун алоҳида миннатдорчилик билдирди.

Татанали тадбирдан сўнг фарғоналик олимпиадачилар ўтирган машиналар Фарғона шаҳар маркази томон йўл олишди. Шаҳримиз кўчаларида уларни минглаб спорт мухлислари ва ватандошларимиз гуллар, олқишлар ва “Хуш келибсизлар, чемпионлар! Биз сиз билан ҳамиша фахрланамиз!” каби сўзлар билан кутиб олдилар.











Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook, Telegram, Facebook, YouTube, Instagram