Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР


ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ МИЛЛИЙ АГЕНТЛИГИ ФАРҒОНА ВИЛОЯТИ БОШҚАРМАСИ БИНОСИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

×

 2024-08-29 18:31:59    953

PDF юклаш
Чоп этиш


Энг улуғ, энг азиз байрам – Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 33 йиллиги арафасида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Фарғона вилояти бошқармаси биноси фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан ташкилланган тантанали тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, бошқарма ходимлари, шаҳар ва туманлардаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ҳамда Агентлик тасарруфидаги муассасалар раҳбарлари қатнашди.

Вилоят ҳокими Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “ижтимоий давлат барпо этиш” ғояси кўп миллатли халқимизнинг якдил қўллаб-қувватлаши билан янгиланган Конституцияда алоҳида тамойил сифатида қайд этилгани, аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатиш сифатини тубдан ошириш ҳамда мазкур соҳага илғор, халқаро стандартларга асосланган мутлақо янги бошқарув тизимини жорий этиш мақсадида олиб борилаётган ислоҳотлар самараси хусусида сўз юритди.

Дарҳақиқат, Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 1 июнда қабул қилинган “Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш, давлат томонидан фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами ва турларини кенгайтириш учун кенг имкониятлар яратилишига ҳуқуқий асос бўлди. Мазкур фармонга биноан, ижтимоий соҳани ислоҳ қилиш мақсадида авваллари 6 та вазирлик тизимида тарқоқ бўлган ижтимоий хизматлар бирлаштирилиб, 15 та вазирлик ва идораларнинг ижтимоий ҳимоя соҳасидаги вазифалари мувофиқлаштирилди.

Таъкидлаш лозим, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан дастлаб 49 та ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатиш йўлга қўйилган бўлса, уларнинг сони бугунга келиб 100 тадан ортди. Келгуси йилдан яна янги 23 та ижтимоий хизматлар йўлга қўйилади. Бу эса, вилоятимизда истиқомат қилувчи 92 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган шахслар, қарийб 2,2 минг нафардан зиёд ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар, 16 мингдан кўпроқ протез-ортопедия мосламалари ва реалибилитация қилишнинг техник воситаларига муҳтожлиги бўлган шахсларга “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари томонидан кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўламини янада оширишга хизмат қилади.

Байрам арафасида фойдаланишга топширилган бинода Фарғона шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази, вилоят тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси, шунингдек, Агентлик ҳузуридаги Ижтимоий инспекциянинг вилоят бошқармаси ҳам жойланди. 

Вилоят ҳокими бинода ходимлар ва фуқаролар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Ижтимоий хизмат ва ёрдамларни аҳолига янада яқинлаштириш, ижтимоий ходимлар фаолиятида самарадорликни янада ошириш юзасидан масъулларга кўрсатмалар берди.





Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook, Telegram, Facebook, YouTube, Instagram