
Фарғона вилояти ҳокими
Бозаров Хайрулло Хайитбаевич

.
.
Сайтни бахолаш
Ишонч телефонига берилган бахолар
ПОЛЬША ВА ФАРҒОНА ВИЛОЯТИ ЎРТАСИДА ҚАТОР СОҲАЛАРДА ҲАМКОРЛИК ЙЎЛГА ҚЎЙИЛАДИ

2024-08-30 19:26:00 966
Хабар берганимиздек, жорий йилнинг 27-30 август кунлари "Польша-Осиё" савдо палатаси президенти Януш Пехочинский бошчилигидаги делегация қишлоқ хўжалиги, бандлик, олий таълим, туризм, АйТи, транспорт-логистика соҳаларида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш мақсадида вилоятимизда бўлди.
Меҳмонлар ташриф доирасида Олтиариқ туманидаги "Hamza Expo Art Textil" кластерида маҳаллий пахта хом ашёсини қайта ишлаш жараёни билан танишган бўлса, "Хайрулло Бахром Бойматов" фермер хўжалигида узумчилик кооперацияси, "IHLOS ASB" МЧЖда мева-сабзавотларни қуритиш ва қадоқлаш, "NIRT FRUIT" фермер хўжалигида узум ва меваларни сақлаш ва Европа бозорлари талаби асосида қадоқлаш, "VINEYARDS VALLEY" МЧЖда эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Италия технологиялари асосида қадоқлаш ва экспорт қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишдилар.
“Қўқон” ЭИЗ дирекциясида ЭИЗ иштирокчи корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил қилинди. “Қўқон” ЭИЗ иштирокчи корхоналар рахбарлари ҳамда польшалик тадбиркор ва иш билармонлардан иборат расмий делегация ўзаро фикр алмашишди. Истиқболли ҳамкорлик йўналишлари бўйича Б2Б учрашувлари ўтказилди.
"Польша-Осиё" савдо палатаси томонидан учрашув давомида "KOKAND BICYCLES" МЧЖ корхонаси томонидан ишлаб чиқарилиётган велосипед ва электроскутерлар ҳамда "Vicor metan" МЧЖ корхонаси томонидан ишлаб чиқарилиётган метан ва пропан газ балон маҳсулотларни Польшада Савдо уйи ташкил қилган ҳолда ушбу махсулотлар сотувини ташкил этиш таклифи билдирилди.
Шунингдек, сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “Sadaf Sut” оилавий корхонаси ва Польшада сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар ўртасида ўзаро тажриба ҳамда кадрлар алмашган ҳолда уларнинг малакасини ошириш таклифи ҳам илгари сурилди.
Риштон туманида "Kosto Line Holding" хорижий корхонасида пахта хомашёсини қайта ишлаб, ундан тола, калава, мато ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш жараёни кўздан кечирилди.
"Мингбоши керамик" кулолчилик музейида бўлган польшаликлар, кулолчилик маҳсулотлари билан танишиш билан бирга тайёрлаш жараёнларини ҳам мароқ билан томоша қилишди.
"Чинор плюс" мажмуасида “Польша-Осиё” савдо палатаси президенти Януш Пехочинский ва туман ҳоким Баҳодир Холиқов ўртасида Польша давлатида Савдо уйи очиш бўйича келишувлар олиб борилди, ўзаро хамкорлик қилиш мақсадида меморандум имзоланди.
Фарғона шаҳридаги вилоят театр-концерт саройида меҳмонлар учун вилоятда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди. Маҳаллий тадбиркорлар ўртасида қатор йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича Б2Б учрашувлар ҳам бўлиб ўтди.
Шунингдек, Фарғона вилояти ва Польша давлатидаги етакчи университетлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, биргаликда илмий грантларни амалга ошириш ва кўплаб икки томон учун манфаатли бўлган илм-фан ҳамда касбий соҳадаги таклифлар кўриб чиқилди. Бандлик ва меҳнат миграцияси соҳасида ҳам ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб борилиб, ҳамкорлик шартномалари имзоланди.
Меҳмонларга вилоят ҳокимининг ўринбосари Нуриддин Мамажонов ҳамроҳлик қилди.







Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook,
Telegram,
Facebook,
YouTube,
Instagram