Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР


УЗУМЗОР ЭНГ ОБОД МАҲАЛЛАГА АЙЛАНДИ

×

 2024-09-10 20:14:08    799

PDF юклаш
Чоп этиш


Қўқон шаҳридаги Узумзор МФЙда "Обод хонадон - обод кўча - обод маҳалла" мезонлари татбиқ этилиб, қисқа вақт ичида энг обод ва намунали масканга айланди.

Бугун вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров вилоят секторлари раҳбарлари билан мазкур маҳаллада бўлиб, бу ердаги бир қатор объектларнинг очилиш тадбирида иштирок этди.

Янги барпо этилган маҳалла биносининг очилишида сўзга чиққан вилоят ҳокими мамлакатимизда “Инсон қадри учун” деган эзгу ғоя ўз самарасини бераётганини таъкидлаб, ҳар бир юртдошимиз буни ўзининг ҳаёти, турмуш шароитида яққол сезаётганлигини қайд этди. Маҳаллада амалга оширилган бунёдкорлик ишлари халқимиз фаровонлигини юксалтириш йўлидаги ислоҳотларнинг амалий ифодаси эканлигини билдириб, маҳалла аҳлини янги иншоотлар билан табриклади.

Президентимизнинг жорий йил 11-12 июль кунлари вилоятимизга қилган ташрифи доирасида Қўқон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда. Маҳаллалардаги кўплаб муаммолар ечим топмоқда. Таълимда Қўқон тажрибаси яратилди. Оқсоқоллар кенгаши тузилиб, ёш авлод қалби ва онгига она юртга муҳаббат ва садоқат, бугунги тинч-осойишта ҳаётимизни қадрига етиш ва шукроналик туйғуларини чуқур сингдириш ишларини олиб боришмоқда. Шу билан биргаликда 33 та мактаб ва боғчалар таъмирдан чиқарилди.

Хусусан, 605 та хонадон, 912 та оила ҳамда 3 058 нафар аҳоли истиқомат қилаётган Узумзор маҳалласида ҳам кенг миқёсли ишлар амалга оширилиб, кўплаб масалалар ечим топди. Кўп қаватли уйлар таъмирланди, электр, табиий газ таъминоти янада яхшиланди. Узумзор маҳалласи учун янги маҳалла биноси қурилиб, барча шароитлар яратилди. Шунингдек, бу ерда тиббиёт пункти иш бошлади, хизмат кўрсатиш мажмуалари ва кутубхона, МФЙ ҳудудида маҳалла сервис компанияси ташкил қилинди.

Тадбирда ана шу эзгу ишлар эътироф этилиб, Президентимизга маҳалла аҳли ва нуронийлар ўз миннатдорликларини билдиришди.

Меҳмонлар маҳалла биноси, тикувчилик цехи, сервис компанияси фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Байрам тадбирлари санъаткорларнинг куй-қўшиқлари билан янада файзли кечди.




Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook, Telegram, Facebook, YouTube, Instagram