Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР


ФАРҒОНА ЗИЁРАТГОҲЛАРИ

×

 2024-09-14 10:08:57    788

PDF юклаш
Чоп этиш


Пурсиддиқ мажмуаси Марғилон шаҳрининг энг қадимий масканларидан биридир. Бу ер “Каптарлимозор” номи билан ҳам машҳур бўлиб, юртдошларимизнинг азиз зиёратгоҳига айланган. Мажмуа XVIII аср ўрталарида қурилган бўлиб, уни машҳур саҳоба Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) номлари билан боғлайдилар. Бухоро амири Субҳонқулихон (1680-1702) томонидан Марғилондаги Пур Сиддиқ мозорига берилган вақфномада бу зиёратгоҳга Мовароуннаҳрда “Чаҳорёрлар” деб аталган тўрт халифадан биринчиси Абу Бакр Сиддиқ (572-634) нинг авлоди дафн этилган, деган маълумотлар келтирилган. Ёзма ҳужжатларда Ҳазрат Пур Сиддиқ номи билан қайд этилган. Вақтлар ўтиши билан унинг атрофида масжид, минора, мақбарали ҳовли, дарвозахона ҳамда каптархонадан иборат архитектура комплекси пайдо бўлган. Шу сабабли у халқ орасида “Каптархона”, “Каптарли мозор” деб ҳам аталади.

Ўрта Осиёдаги машҳур зиёратгоҳларда каптарлар билан боғлиқ халқона қарашлар бир неча асрлик тарихга эга бўлиб, ҳар бир зиёратчи зиёратга келган вақтда шу каптарларга дон бериши зиёратнинг маълум бир одатларидан ҳисобланган. Агар улар каптарларни чўчитмай дон бера олсалар, ишлари юришиб, бало-қазодан холос бўлади, деб ишонилган. Шунингдек, каптар, товус, тустовуқларга ёруғлик ва гўзаллик, тинчлик ва хотиржамлик рамзи сифатида ҳам қаралган бўлиб, X-XII асрларга келиб, ҳунармандчиликда каптар “бахт қуши” тимсолида тасвирлана бошланган.

Айни кунларда мазкур мажмуага зиёратга келганлар гала гала бўлиб учиб юрган каптарларни кўриб, янада завқ олади. Кафтингиздан дон чўқилаётган беозор ва чиройли қушларнинг хатти-ҳаракатидан руҳингиз ором топади.

Манбаларнинг гувоҳлик беришича, мақбара тўғри бурчак шаклда бўлиб (11.8х11м), пештоқ равоқли, сағанали тўрт бурчак хона билан уйғунлик ҳосил қилади. Мақбара ичида иккита, узунлиги 5 метрли қабрлар мавжуд. Ривоятларга кўра, бу зиёратгоҳга Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқнинг авлодлари, яъни жиянлари Шожалил ва Пошшобиби дафн этилган.

Мажмуадаги каптархона биноси масжид биноси билан деярли бир вақтда, яъни XIX асрнинг иккинчи ярмида қурилган. Масжид биноси олдида жойлашган минора эса 1920 йилда қурилган. Бу ҳақда кириш эшигининг тепасига ғиштдан терилган ёзув-сана далолат беради. Шу ерлик аҳоли ҳамда архитектор В.Л.Воронинанинг “Фарғона вилояти халқ меъморчилиги” асаридаги маълумотларга кўра, минора марғилонлик Уста Кичик деган шахс томонидан қурилган.

Бурҳониддин ал-Марғинонийнинг чиллахонаси ҳам айнан шу ерда бўлганлиги ҳақида ҳам турли қарашлар бор. Маълумотларга кўра, буюк аллома Абу Бакр Сиддиқ авлодларидан бўлган. Шу сабабдан ҳам ул зот Пур Сиддиқ мозорига яъни аждодлари дафн этилган мозорга зиёрат учун тез-тез келиб турган. Олимларнинг таъкидлашича, унинг айнан бу мозорга бўлган ихлоси шу ерда кейинчалик чилла тутганлигига сабаб бўлган бўлса керак.

Мажмуа 2007 йил Марғилоннинг 2000 йиллик юбилейи арафасида бутунлай қайта таъмирланиб, ислом дунёсининг машҳур намояндаси, ислом қонуншунослигининг йирик олими Бурҳониддин ал-Марғинонийнинг чиллахонаси ҳам тикланди.




Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook, Telegram, Facebook, YouTube, Instagram