Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР


ФАРҒОНА ШАҲРИДАГИ

×

 2024-09-30 20:38:59    9083

PDF юклаш
Чоп этиш


Фарғона шаҳридаги "Wine Garden" мажмуасида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан вилоятимизнинг барча шаҳар-туманларидан келган ўқитувчи ва мураббийлар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ҳамда меҳнат фахрийлари иштирокида вилоят байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров сўз олиб, азиз устозларни, таълим соҳаси фидойиларини касб байрамлари билан самимий табриклади.

Президентимизнинг бугун ўқитувчи ва мураббийлар билан ўтказган мулоқоти таълим соҳасидаги ишларни янги босқичга олиб чиққанлигини, 7 та йўналишда вазифалар белгиланганини билдириб, муҳим ташаббуслар, вазифалар илгари сурилганлигига эътибор қаратди.

Вилоят раҳбари ёш авлоднинг ватанпарварлиги юрт тараққиёти, улкан марра ва мақсадларга эришишда катта омил эканлигини, бунинг учун оиладан бошлаб, фарзандларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш лозимлигини таъкидлади. Шу билан биргаликда ёшларимизга тарихимизни чуқур ўргатиш, уларда ғоявий иммунитетни шакллантириш, ота-оналар, ўқитувчи ва ўқувчилар учун тарбияга оид рақамли контентлар яратиш муҳимлигини айтиб ўтди. Жамиятнинг зиёли қатлами бўлган ўқитувчилар маҳаллаларда маънавият ва маърифат тарғиботчиси бўлиб, ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришда фаоллик кўрсатиши қайд этилди.

Хайрулло Бозоров Давлатимиз раҳбарининг “таълим ва тарбия – бутун жамиятнинг муқаддас ишидир! Барчамиздан доимо ҳамжиҳатлик, фаоллик ва фидойиликни талаб этадиган ҳаёт-мамот масаласидир. Эзгулик, билим ва маърифатни қурол қилиб, жаҳолат ва ёвузлик йўлини тўсайлик!” дея қилган мурожаати ҳар бир юртдошимизнинг кундалик ҳаётидаги шиори бўлиши кераклигини билдирди.

Вилоятимиздаги таълим соҳасида олиб борилаётган ишларда, эришилаётган ютуқларда ўқитувчи ва устозларнинг улкан ҳиссаси борлигини эътироф этиб, уларга миннатдорлик билдирилди.

Тадбирда вилоятимиз шаҳар-туманларида таълим тизимининг барча жабҳаларида самарали фаолият олиб бораётган ўқитувчилар ва мураббийлар, фахрий устозларнинг катта гуруҳи вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари, эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровга Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг “Олий таълим аълочиси” кўкрак нишони топширилди.

Вилоятимизнинг таниқли санъаткорлари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар, гўзал рақслар барчага кўтаринки кайфият улашди.