Фарғона вилояти ҳокими
Бозаров Хайрулло Хайитбаевич
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ажратиладиган имтиёзли кредит ҳисобидан фуқароларга маҳсулот етказиб берувчи таъминотчи корхоналарнинг рўйхати
.
.
Сайтни бахолаш
Ишонч телефонига берилган бахолар
24 ОКТЯБРЬ - АҲМАД АЛ-ФАРҒОНИЙ ҲАЙКАЛ МАЖМУАСИ ОЧИЛГАН КУН
2024-10-24 09:08:32 5901
Фарғона шаҳрида Аҳмад ал-Фарғоний ёдгорлик мажмуаси очилганига 26 йил тўлди.
Бутун дунё қомусий олим Аҳмад Фарғонийнинг илм-фан ривожига қўшган ҳиссасини юксак қадрлайди, уни вояга етказган заминга алоҳида эҳтиром билан қарайди. ЮНЕСКО қарорига мувофиқ, 1998 йилда Аҳмад Фарғоний таваллудининг 1200 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланди. Бу буюк аждодимизнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссаси, халқимиз илмий салоҳиятининг яна бир эътирофи бўлди.
Улуғ аждодимизга эҳтиром сифатида алломанинг салобатли ҳайкали ўрнатилди, Фарғона шаҳрида ул зотга бағишланган муҳташам мажмуа қад ростлади. Мазкур мажмуа бугунги кунда нафақат ҳамюртларимиз, ёшларимиз, балки дунёнинг турли мамлакатларидан келган зиёратчилар учун ҳам табаррук масканлардан бирига айланган.
Буюк астроном, математик ва географ Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Касир ал-Фарғоний 797-865 йилларда яшаб ижод қилган. Европада Ал-Фраганус номи билан шуҳрат қозонган. Олим астрономия, математика ва география фанларига оид кўплаб илмий асарлар ёзиб қолдирган. У Дамашқдаги расадхонада осмон жисмлари ҳаракати ва ўрнини аниқлаш, янгича зиж (астрономик жадвал) яратиш ишларига раҳбарлик қилган ҳамда 832-833 йилларда Сурия шимолидаги Синжор даштида Тадмур ва ар-Раққа оралиғида ер меридиани бир даражасининг узунлигини аниқлашда қатнашган. Фарғоний “Миқёси Нил”, яъни сув сатҳини ўлчайдиган асбоб яратган.
Бизнинг давримизгача Аҳмад Фарғонийнинг саккизта асари етиб келган, улар орасида “Самовий ҳаракатлар ва умумий илми нужум китоби” дунё олимлари томонидан ҳозир ҳам кенг ўрганилмоқда. Олимнинг “Астрономия асослари” асари ўн иккинчи асрдаёқ лотин ва иврит тилларига таржима қилиниб, кейинчалик Италия, Германия, Франция, Голландия ва АҚШ каби кўплаб мамлакатларда қайта-қайта чоп этилгани унинг аҳамиятидан далолат беради.
Алломанинг Ернинг шарсимон экани борасидаги қарашларини орадан 800 йил ўтиб исботлаган машҳур сайёҳ Христофор Колумб “Ер меридианининг бир даражаси миқдори ҳақидаги ал-Фарғоний ҳисобларининг тўғрилигига тўла ишонч ҳосил қилдим”, деб ёзган. Ўн олтинчи асрда Ойдаги кратерлардан бирига бобокалонимиз номи берилган.
Мисрда, Нил дарёсининг Рода оролида 2007 йили Аҳмад Фарғонийга ҳайкал ўрнатилгани барчамизга ғурур-ифтихор бағишлади. Буларнинг барчаси дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган буюк аждодларимизга бўлган юксак эҳтиромнинг амалий ифодасидир.