Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР


"Фарғона ҳақиқати": ТАШРИФДАН ТАШРИФГАЧА

×

 2019-06-14 20:23:21    225

PDF юклаш
Чоп этиш



 

ФАРҒОНАДА ҚАНДАЙ ИШЛАР АМАЛГА ОШИРИЛДИ?

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳамда аввал берилган топшириқлар ижроси билан танишиш мақсадида 6-7 май кунлари Фарғона вилоятида бўлди. Ташриф давомида туманларга саноатни олиб кириш, аҳолини иш билан таъминлаш ва ёшлар масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадларга хизмат қиладиган корхоналар фаолияти билан танишилди, янги иқтисодий лойиҳалар белгилаб олинди.

Фарғона вилояти ҳокими, Олий Мажлис сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев шу хусусда, яъни соҳаларни ривожлантириш юзасидан берилган топшириқлар, келгуси режалар, белгиланган топшириқлар ҳақида “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари учун эксклюзив интервью берди.

 

- Ассалому алайкум, Шуҳрат Мадаминович! Суҳбатимиз аввалида Фарғона вилояти аҳолиси зич жойлашганлиги ва кўп сонли эканлигини таъкидлаб ўтиш керак. Айтингчи, бугунги кунда муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, ислоҳотлар жараёни Фарғонада қандай кечмоқда?

- Бугун Фарғона вилоятида шунчалар ўзгаришлар кўп ва жараёнлар тезкорки, қайси биридан бошлаб гапиришга ҳайронман. Давлатимиз раҳбари 2018 йил 12-13 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича муҳим вазифаларни белгилаб берган эдилар. Ўтган давр мобайнида мазкур масалаларнинг ижросига алоҳида эътибор қаратилди. Вилоят иқтисодиётига ўтган йилда 152,7 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этилди. Жорий йилда Инвестиция дастурига кирган 13 та ҳамда қўшимча шакллантирилган 30 та лойиҳалар доирасида 315,7 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши режалаштирилган. Биринчи чорак давомида 66,5 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилди. Фарғона шаҳрида “Winchemical”, “Listem - Fergana” каби қўшма корхоналар ишга туширилди. 21 та корхонада саноат, сервис ва қишлоқ хўжалиги йўналишидаги лойиҳалар амалга оширилишига эришилди.

Шу ўринда қиймати 8,1 млн долларлик “Listem - Fergana” Ўзбекистон-Корея қўшма корхонасига алоҳида урғу бермоқчиман. Ушбу корхона Марказий Осиёда ягона бўлиб, бугун тиббиёт учун зарур бўлган 8 турдаги рентген аппаратларини асосан экспорт ва ички бозор учун ишлаб чиқаради. Келаси йили маҳсулотлар тури 18 тага етказилади.

6 май куни давлатимиз раҳбари вилоятимизга ташрифини биринчи бўлиб Фарғона нефтни қайта ишлаш заводидан бошлаганлари ўзига хос маънога эга. Бу завод техника ва технологиялар жиҳатдан, маънан эскирган бўлиб, модернизация қилишга муҳтож эди, ишлаб чиқариш асосан импортга боғлиқ бўлгани сабабли корхона кейинги ўн йилда норентабел бўлиб қолган эди. Йиллик лойиҳа қуввати 6 миллион 450 минг тонна бўлгани ҳолда ишлаб чиқариш бор-йўғи 30 фоизга тушиб қолганди. Мазкур модернизация жараёни Индонезиянинг «РТ Trans Asia Resources» хорижий компанияси билан ҳамкорликда уч босқичда амалга оширилади. Келишувга асосан, заводга жорий йилнинг ўзида камида 300 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестициялар жалб этилади. Бу маблағ эвазига икки ой давомида ҳозирда ишламай турган 11 қурилманинг 7 тасидан фойдаланиш тикланади. Бунинг натижасида 7 минг 100 та иш жойлари сақлаб қолинади. Шунингдек, завод икки баробар кўпроқ хом ашё билан таъминланади. 2020 йилдан бошлаб «Евро-4», «Евро-5» каби юқори сифатли дизел ёқилғиси ишлаб чиқаришга эришилади. Маҳсулотлар таннархи тушиб, сифати оширилиши натижасида вилоятнинг экспорт салоҳияти янада кенгаяди.

Вилоятда 2018 йилда қиймати 1594,0 миллиард сўмлик 610 та йирик ва ўрта лойиҳалар амалга оширилиб, уларда 9 мингта иш ўринлари ташкил этилди. Лойиҳаларнинг 280 таси саноатни ривожлантириш бўйича, 172 таси хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида, 158 таси қишлоқ хўжалиги йўналишида ишга туширилди.

2019-2020 йилларда қиймати 40,4 триллион сўм бўлган 624 та йирик ва ўрта инвестиция лойиҳалари ишга туширилиши белгиланган бўлиб, улар негизида 124,0 мингта иш ўринлари яратилади. 

Вилоят эркин иқтисодий зона ва кичик саноат зоналари Маъмурий кенгаши томонидан “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида 2018-2021 йиллар давомида амалга оширилиши маъқулланган жами 96 та инвестицион лойиҳалар жойлаштирилган бўлиб, ҳозирги кунда 19 таси ишга тушган. Ўз фаолиятини бошлаган 19 та инвестиция лойиҳаларида 1211 та иш ўринлари яратилган.

Яқиндагина Жанубий Кореялик ҳамкорларимиз билан бирга юк кўтарувчи, мини-тракторлар ва минерал ўғитлар ишлаб чиқарувчи учта янги завод қурилишига биринчи ғиштларни қўйдик. Бу ерда келгусида 30 та завод қурилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, Фарғона вилоятида жойлашган, ишламай турган ва кам қувватли корхоналар фаолиятини тиклаш, шунингдек, давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш мақсадида 4 та кичик саноат зоналари ҳам ташкил этилган.

- Галдаги саволимиз бевосита биринчи савол билан боғлиқ. Умуман олганда, ҳозирги пайтда минглаб ёшларимиз чет элларда меҳнат қилмоқдалар. Ёшларни муқим иш ўринлари  билан таъминлаш, уларнинг маънавий-маърифий ривожланиши учун нималар қилинмоқда?

- Куни кеча Фарғона вилояти фаоллари билан бўлиб ўтган йиғилишда Президентимиз жорий йилни Фарғона вилояти учун фавқулодда йил деб эълон қилдилар, бир йил Фарғонада саноатни ривожлантириш ва инвестиция олиб кириш йили бўлади ва бу Фарғона тажрибаси бўлади, дедилар. Бу бежиз эмас. Ўзингиз айтганингиздек, Фарғонада аҳоли сони деярли 3800 мингтага етди, шунингдек, уларнинг 40% ини  ёшлар ташкил этади. Уларни  иш билан таъминлаш зарур.

Бунинг учун муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан “Ҳар бир оила - тадбиркор”, “Ёшлар - келажагимиз” дастурлари асосида ёшларга кўплаб имтиёзлар берилмоқда. Булар асосида коворкинг марказлар ҳамда меҳнат гузарлари ташкил этилиб, уларнинг имкониятлари ўрганилиб, иш билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Юқорида гапириб ўтганимиз саноатнинг ривожланиши ва тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг жалб этилиши ёшларни иш билан таъминлашга қаратилгандир.

Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини самарали ташкил этиш мақсадида вилоятнинг шаҳар ва туманларида штаблар ва 450 та ишчи гуруҳлар (аъзолари 5525 нафар) фаолияти йўлга қўйилди.

2018 йил давомида 19 та туман-шаҳарларда 39 та “Ёшлар меҳнат гузари” ташкил этилиб, уларда савдо, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳаларда 859 нафар ёшлар меҳнат қилмоқда. Фарғона, Қўқон шаҳарлари ҳамда Риштон ва Боғдод туманларида “Ёш тадбиркорлар” коворкинг маркази ташкил этилди.

Дастур доирасида 2018 йилда тижорат банклари томонидан ёш тадбиркорларнинг бизнес лойиҳалари учун 39,2 млрд. сўмлик имтиёзли кредит маблағлари ажратилди, 1 840 нафар ишсиз ёшларнинг бандлиги таъминланди, 560 нафар ёшлар тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилди, 2 671 нафар тадбиркорликни бошлаш истагида бўлган ёшларга бизнес лойиҳаларни тузишга кўмаклашилди.

Ҳудудлардаги ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида “Ҳар бир фермерга битта ёш” лойиҳаси асосида 3 771 нафар ёшларга 3 594 га ер бириктирилиб, уларнинг бандлиги таъминланди. 2019 йил давомида эса лойиҳа асосида 5 минг нафардан зиёд ёшларга ғалладан бўшаган ер майдонлари бириктирилиб, уларни фойдали меҳнат билан бандлигини таъминлаш чоралари кўрилади.

“Ёшлар - келажагимиз” Давлат дастури доирасида 2019 йилда 19 та туман-шаҳарлардаги 4 та секторлар ҳудудида 76 та “Ёшлар меҳнат гузари”, туман, шаҳарлар марказларида 19 та “Ёш тадбиркор” коворкинг марказлари ташкил этилиши белгиланган.

Президентимиз ташрифлари чоғида Қўштепа туманидаги “Ипак гиламлари” корхонасига алоҳида эътибор бердилар. “Ипак гиламлар” корхонаси Қўштепа туманидаги “Исмоилжон гиламлари” масъулияти чекланган жамиятининг филиали бўлиб, ташкил этилганига икки ой бўлди. Бугунги кунда бу ерда 120 нафар, жамият таркибидаги 9 та шундай корхонада жами 2 мингга яқин хотин-қиз меҳнат қилмоқда. Ушбу корхоналарда атлас, шойи, адрасдан 300 га яқин турдаги тайёр маҳсулот, ипак гиламларнинг 400 дан ортиқ нусхалари тўқилмоқда. Бу ҳам аёллар ва ёшлар бандлиги йўлидаги амалга оширилган ишлардан биридир.

Ёшларни иш билан таъминлабгина қолмай, уларнинг илм олиши ва инновацион ташаббуслар кўрсатиши учун етарли шарт-шароитлар яратиш мақсадида Президентимиз илгари сурган 5 ташаббус доирасида салмоқли ишлар амалга оширилди.

Ҳар бир йигит-қиз, айниқса, ҳарбийлик касбини танлаган ёшлар жонажон Ватанимиз тарихини, халқ қаҳрамонлари, буюк саркарда ва қўмондонлар ҳаёти ва жасоратини чуқур билиши, улар билан фахрланиши керак. Бу инсонда миллий ғурурни, ватанпарварлик, фидойилик ҳиссини тарбиялайди. 

Фарғонадаги «Темурбеклар мактаби»да таълим-тарбия ишлари шу асосда йўлга қўйилган. Айни пайтда бу ерда 437 ўқувчи таҳсил олмоқда. Уларга 31 нафар педагог ходим ва
22 нафар ҳарбий сабоқ бермоқда.

Мактаб ёшларни Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги олий ҳарбий билим юртлари ва бошқа ўқув муассасаларига аниқ фанларга чуқурлаштирилган ҳолда тайёрлашга ихтисослашган. Шинам фан синфлари, компьютер хоналари, касбий ва тарихий адабиётларга бой кутубхонада бунинг учун барча шароит яратилган. Ўқувчилар дарсдан бўш вақтини фойдали ўтказиши учун турли фан ва спорт тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган.

Давлатимиз раҳбари ҳам ҳозирда ҳарбий лицейларнинг номи ўзгаргани, энди унинг мазмун-моҳияти, таълим сифати ҳам Темур бобомизга муносиб бўлиши зарурлигини таъкидладилар.

Фарғона ва Қувасой шаҳарларида тажриба-синов тариқасида “Инновацион марказ”лар ташкил этилди. Шунингдек, республикада биринчи бўлиб илк маротаба ёшлар учун QR-codeли электрон кутубхоналар оммалаштирилмоқда. Ҳозирча икки дона библиобус вилоятимиз шаҳар ва туманларига хизмат кўрсатмоқда.

Ҳозирги кунда вилоятимиз ёшлари илм олишлари учун 8 та олий таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Қўқон шаҳрида техника институти ҳамда маданият ва санъат институтларининг, шунингдек, Фарғона шаҳрида Латвиянинг ISMA университети филиалларининг очилиши,Тиббиёт академияси филиалининг тикланиши айни муддао бўлди. Шу жумладан, Жанубий Корея JEI Халқаро университети филиали ҳам очилиш арафасида. Эндиликда вилоятдаги ОТМ лар сонини 10 тага етказмоқчимиз.

Вилоят ёшлари  ва қўшни давлатлар ёшлари ўртасида дўстлик, ҳамкорлик ва азалий қадриятларни ривожлантириш мақсадида март ойининг бошида вилоятимизда Халқаро ёшлар фестивали ўтказилди.

- Фарғона вилояти қайси хорижий мамлакатлар ҳудудлари билан ҳамкорлик қилади?

- Фарғона вилоятига Ўзбекистоннинг Жанубий Корея, Латвия, Уммон давлатларидаги Элчихоналари бириктирилган. Бундан ташқари, Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси, Исроил, Германия, Қатар ва бошқа кўплаб мамлакатларнинг тадбиркорлари ва ишбилармон доиралари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган.

Фарғона вилояти ҳамда Жанубий Кореянинг “Инчеон” ЭИЗ ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Ҳамкорлигимиз жараёнида Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчиси В.Фен жанобларининг хизматлари беқиёсдир. 2019-2020 йилларда Жанубий Корея инвестициялари ҳисобидан қарийб 239,4 млн. долларлик 10 та лойиҳа амалга оширилади. Жумладан, Фарғона шаҳрида Жанубий Кореянинг “Chung Construction group” компанияси билан ҳамкорликда қиймати 200 млн.доллар бўлган энг замонавий “Бизнес сити” комплекси бунёд этилади.

“Бизнес сити” мажмуаси таркибида 21 қаватдан иборат 500 ўринли беш юлдузли меҳмонхона, халқаро ва нуфузли анжуманлар ўтказиш саройи, базмлар зали, бизнес маркази ҳамда замонавий савдо ва ресторанлар комплекси мавжуд бўлиб, мазкур лойиҳани амалга ошириш учун тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этилиши ҳисобига мингдан ортиқ аҳоли бандлиги таъминланади. Ушбу йирик мажмуа шаҳарнинг янги қиёфадаги алоҳида марказига айланиши режалаштирилган.

Шунингдек, лойиҳа доирасида уй-жойларни хориж тажрибаси асосида янгича услубда жойлаштириш орқали виллалар ва кўп қаватли турар жойдан иборат мингга яқин оилага мўлжалланган янги шаҳарча барпо этилади.

Вилоятдаги саноат корхоналари учун муқобил энергия заҳирасини яратиш мақсадида Жанубий Кореянинг “Shingdong Resources Co.,Ltd” компанияси билан ҳамкорликда Фарғона туманидаги кўмир конини ўзлаштириш мўлжалланган. Мазкур лойиҳа доирасида 100 млн.долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилади ва 500 дан ортиқ янги иш ўринлари ташкил этилади.

Жанубий Кореянинг етакчи компаниялари билан ҳамкорликда “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси негизида юқори технологиялар ва илмий-амалий тадқиқотлар асосидаги ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва “ноу-хау”ларни яратиш, ахборотлаштириш технологиялари асосида Фарғона агломерациясини шакллантириш, марказлашган илғор бошқарув тизимга эга турар жойларни ташкил этишга мўлжалланган намунавий “ақлли шаҳар” барпо этилади. Лойиҳа доирасида 2019-2021 йиллар давомида 2 млрд. доллардан ортиқ миқдорида инвестициялар жалб этилиб, ҳудудга 50 мингдан ортиқ аҳоли жойлаштирилиши кутилмоқда.

Латвия билан балиқчилик саноати, олий таълим соҳасида ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик амалга оширилмоқда.

Шунингдек, Россия Федерацияси вилоятлари билан ҳам ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Ўтган йили катта делегация билан Россиянинг Уфа, Оренбург каби шаҳарларида бўлиб, ўзаро келишувларга эришган эдик. Яқинда Пермь ўлкаси, Бошқирдистон Республикасидан ҳамкорларимиз Фарғонага ташриф буюрдилар. Оренбург вилояти билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тарқатиш пункти ташкил қилиш бўйича келишганмиз, у ерда фарғоналик тадбиркорлар учун ер майдони ажратиб берилган.

ХХР билан ҳамкорлик алоқалари ҳам ривожланиб бормоқда. Хитой компанияларидан бири билан тошдан экологик тоза қоғоз ишлаб чиқаришни Фарғонада йўлга қўйиш бўйича меморандум имзоладик.

Бундан ташқари, чет элларга айрим сабаблар билан кетиб қолган юртдошларимизнинг вилоятимизда ўз бизнесларини йўлга қўйишлари учун улар билан индивидуал тарзда ишламоқдамиз. Хусусан, Россия Федерацияси, Германия, АҚШ, Хитой, Индонезия каби давлатлардаги 30 дан ортиқ юртдошларимизни вилоятга таклиф қилган ҳолда йирик ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, вилоятнинг Олтиариқ туманида туғилган, бугунги кунда Россия Федерациясида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган Ҳ.Маматов томонидан Олтиариқ туманидаги “Агромакс Долина” МЧЖга 55млн. евро миқдорида инвестиция киритиш бўйича Россия Федерациясининг Челябинск шаҳридаги паррандачилик соҳасида улкан тажрибага эга бўлган “Меридиан” ОАЖ билан меморандум имзоланди. Лойиҳа 2019 йилнинг 4 чорагида ишга туширилади.  Яқиндагина эса таклифимизга кўра Исроил ва АҚШда яшовчи собиқ фарғоналик юртдошларимиз Фарғонага ташриф буюрдилар, улар билан келгуси ишларни режалаштириб олдик. Уларнинг лойиҳаларига кўра Фарғонада заргарлик заводи қуриш режалаштирилган.

- Ўтган 2018 йилда кластер тизимидан фойдаланиш Риштон туманида пахтачилик кластери  мисолида ўзини оқлади.  Президентимиз анорчилик, узумчилик ва гилосчилик кластерларини ривожлантириш бўйича кўрсатмалар бердилар. Йиллар давомида тўпланган тажрибага асосан буни вилоятда қандай самарали ташкил этиш мумкин?

- Аввало, айтганингиздек, пахта-тўқимачилик соҳасидаги кластерлар бўйича 2018 йилда Риштон туманида “Рус-Узбек текс” МЧЖ томонидан 6,2 минг гектар ер майдонида пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкил этилиб, 18,6 минг тонна пахта хом ашёси етиштирилиб, ҳосилдорлик 34 центнерга етказилди.

Фарғона вилоятида 2019-2022 йиллар давомида Олтиариқ туманида 10 та узумчилик, Қува туманида 10 та анорчилик ва Қувасой шаҳри, Қува, Ўзбекистон туманларида 5 та гилосчиликка ихтисослашган кластерларни ташкил этиш, кластерлар томонидан аҳоли томорқаларига етказиб берилган узум, анор ва гилос кўчатлари тўлиқ ҳосилга киргандан кейин 480 минг тоннадан ортиқ маҳсулот етиштириш ва унинг 70 фоизи 330 минг тоннасини экспортга йўналтирилиб, 210 млн.долларлик валюта жалб қилиш имконияти яратилади, 76 мингтага яқин фуқароларнинг бандлиги таъминланади.

- Тўғриси, суҳбатимизда рақамлар, кириб келадиган маблағлар, яратиладиган иш ўринлари, тараққиёт борасида кўп гаплашдик. 2025 йилда Фарғона вилоятини сиз қандай тасаввур қиласиз?

- Тан олишим керак, бу ҳақда кўп ўйлаганман. Юқорида айтилганларни ўз муддатида амалга оширсак, Фарғонанинг қиёфаси буткул ўзгаради. Фарғонанинг тарихида бўлмаган 20 қаватдан ортиқ баландликдаги осмонўпар  бинолар, том устидаги қишки ва ёзги бассейнлар, тўлиқ электрон жиҳозланган замонавий офислар, смарт лойиҳалар асосида қурилган аҳоли учун қулай, ҳамма шароитга эга турар-жойлар бўлишини тасаввур қиляпсизми? Агар биз чин дилдан ишласак, ҳар бир фарғоналик ўз вазифасини сидқидилдан бажарса, бунга эришиш мумкин.

Яқинда Кореяга борганимда шундай шароитларни кўриб ҳавас қилдим. Кореялик ҳамкорларимиз билан келишувга кўра Фарғона вилоятида 20,9 минг кв/м майдонда 98,5 млн АҚШ доллари қийматига эга 1000 ўринли 21 ва 18 қаватли меҳмонхона-резиденциялар, 10 қаватли бизнес-марказ, савдо комплекси ва тантаналар зали қурилади. 

Вилоятнинг  Учкўприк туманида эса 250 гектар майдонда яна жанубий кореялик ҳамкорларимиз билан “Smart city” (“Ақлли шаҳар”) қуришга келишилди. Ушбу лойиҳага камида 800 млн АҚШ доллари ҳажмида инвестиция киритилади. Келгусида эса 2 миллиард АҚШ доллари киритилиши кутилмоқда. Бу ерда бизнеснинг марказлаштирилиши, маъмурий бошқарув, юқори технологияли индустрия, R&DPlaza-AT водийси, олий таълим, турар-жойларнинг марказлаштирилиши, аҳоли жойлашуви ва чет элликлар оқими кўзда тутилган. Бу ҳали бошланиши. Керак бўлса, ҳар бир туманда “Smart city” ларни барпо қиламиз.

Бизнинг буюк аждодларимизнинг авлодлари бўлган халқимиз жаҳоннинг энг ривожланган мамлакатлари қаторида энг яхши шароитларда  яшашга ҳақли.

 

Гулбаҳор Саидғаниева суҳбатлашди.