Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР


"АХБОРОТ ХИЗМАТИ": 30 ИЮНЬ – ЁШЛАР КУНИГА БАҒИШЛАНГАН МАТБУОТ АНЖУМАНИ ЎТКАЗИЛДИ

×

 2019-06-28 19:42:55    246

PDF юклаш
Чоп этиш


Барчамизга маълумки, июнь ойи – юртимизда илк маротаба “Ёшлар ойлиги” сифатида белгиланди. Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 25 август кунги “Ёшлар кунини белгилаш тўғрисида”ги ЎРҚ-437-сонли Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июль кунги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш, 1 июндан 30 июнгача “Ёшлар ойлиги”ни ўтказиш ва 30 июнь – “Ёшлар куни”ни кенг нишонлаш мақсадида вилоятда чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Бугун  28 июнь куни “30 июнь – Ёшлар куни” байрами муносабати билан вилоятда ўтказиладиган чора-тадбирлар доирасида Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати ташаббуси билан вилоятдаги журналистлар, ёшлар билан ишловчи ҳамкор ташкилотларнинг ахборот хизмати ходимлари, блогерлар учун матбуот анжумани чақирилди.

Вилоят ахборот-кутубхона марказида бўлиб ўтган ушбу матбуот анжумани Ахборот ва оммавий коммуникациялар Агентлиги вилоят бошқармаси, Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими, Ёшлар Иттифоқи вилоят кенгаши, “Ёшлар - келажагимиз” жамғармаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилди. Тадбирда вилоят ҳокимининг  ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Файзулла Қосимов, журналистлар уюшмаси раҳбари Муҳаммаджон Обидов, Агентлик вилоят бошқармаси бошлиғи Умид Жабборов, вилоятдаги нуфузли олий ўқув юртлари – ФарДУ ва Фарғона политехника институти проректорлари ва ёшлар вакиллари иштирок этдилар.

Матбуот анжуманини вилоят ҳокимлигининг матбуот котиби Гулбаҳор Саидғаниева олиб борди.  Вилоят ҳокими ўринбосари Ф.Қосимов анжуманни очиб берди.

Анжуманда Ёшлар Иттифоқи вилоят кенгаши раиси Аҳаджон Акбаров маъруза қилди, Ёшлар Иттифоқи томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳисобот берди ва байрам арафасида ўтказиладиган тадбирлар ҳақида маълумот берди. Анжуман иштирокчилари иттифоқнинг ёшлар ҳаётидаги ўрнини белгиловчи жиҳатлари юзасидан саволлар билан мурожаат қилдилар.

М.Обидовнинг Сурхондарёдаги афғон-ўзбек марказида ўқиётган ёшларнинг Фарғонага келиб жуда ҳавас қилгани ҳақидаги фикрлари барчага таъсир қилди. Матбуот анжуманининг биринчи қисми ушбу савол-жавоб ва мунозаралардан сўнг якунланди.

Тадбирнинг иккинчи, амалий қисмида иштирокчилар “Ёшлар - келажагимиз” жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган лойиҳалар бўйича тадбиркорлик фаолиятини бошлаган объектларга пресс-турда қатнашдилар. Фарғона шаҳридаги клиник-диагностика тадқиқотлари олиб борадиган, энг замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган  “Дентимо медикал” МЧЖ катталар ва болалар диагностика марказига саёҳат жуда қизиқарли бўлди.

Шундан сўнг шаҳримиздаги “Азия Фергана” меҳмонхонаси мажлислар залида ушбу жамғарма бир йиллик фаолиятининг тақдимоти бўлиб ўтди. Жамғарманинг Фарғона шаҳар филиали раҳбари А.Шодмонов жамғарма маблағларидан имтиёзли кредитлар ажратиш ва лизинг хизматларини кўрсатиш ҳамда тижорат банклари кредитлари бўйича кафилликлар бериш тартиби бўйича маълумот берди. Тақдимотдан сўнг журналистлар ўзларини қизиқтирган масалалар бўйича жамғарма раҳбарлари ва ходимларига саволлар билан мурожаат қилдилар.

Ушбу жамғарма томонидан кредитларни ўзлаштириш бўйича Фарғона вилояти республикада биринчи ўринни эгаллаб турибди. Бугунги кунга қадар 153 та лойиҳа бўйича жами 28 млрд.сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилиб, 1200 та янги иш ўрни яратилган. Аммо бу ҳали барча маблағ тўлиқ ўзлаштирилди, муаммолар ҳал бўлди, дегани эмас. “Ёшлар - келажагимиз” дастури доирасида 2019 йил якунига қадар жами 6917 мингга яқин ёшларнинг бандлигини таъминлаш кўзда тутилган.