Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР


Ахборотдан фойдаланувчиларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида ҳозир бўлиши тартиби тўғрисидаги низом

 2017-07-28 13:30:55    1183

PDF юклаш
Чоп этиш


Фарғона вилояти ҳокимининг
“12” март 2018 йилдаги
№112 сонли фармойишига 2-илова

 

Ахборотдан фойдаланувчиларнинг Фарғона вилояти ҳокимлиги очиқ мажлисларида иштирок этиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

 

Мазкур Низом “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, ахборотдан фойдаланувчиларнинг Фарғона вилоят ҳокимлиги очиқ мажлисларида ҳозир бўлиш тартибини белгилайди.


1-боб. Умумий қоидалар.

 

1. “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 7-моддасига асосан, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари (жумладан, вилоят ҳокимлиги)нинг фаолияти тўғрисида ахборот излашни амалга ошираётган жисмоний ёки юридик шахс ахборотдан фойдаланувчи ҳисобланади.


2. Мазкур Низом талаблари Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан очиқ мажлисда иштирок этиш учун таклиф этилган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.


3. Фарғона вилояти ҳокимлигининг мажлислари очиқ тарзда ўтказилади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


4. Фарғона вилояти ҳокимлиги фаолиятига оид ахборотдан фойдаланувчиларнинг танишиб чиқишлари учун бинонинг ҳамма кириши мумкин бўлган хоналарида ёки махсус ажратилган жойларида очиқ мажлисларни ўтказиш режалари, шу жумладан мажлисларнинг кун тартиби лойиҳалари, улар ўтказиладиган сана, жой, вақт ҳамда зарур ахборотлар ахборот стендлари ёки шундай мақсад учун мўлжалланган техник воситаларга мажлис ўтказилишидан камида уч кун олдин жойлаштирилиши шарт.


2-боб. Ахборотдан фойдаланувчиларнинг очиқ мажлисларда ҳозир бўлиши.

 

5. Ахборотдан фойдаланувчи Фарғона вилояти ҳокимлигининг мажлисларида ҳозир бўлиши учун Фарғона вилояти ҳокимлигига сўров билан мурожаат қилади. Сўров “Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 20-моддасида белгиланган талабларга мувофиқ расмийлаштирилиши лозим.

Ахборотдан фойдаланувчининг идентификациялаш имкониятини берадиган маълумотлар кўрсатилмаган сўровлар аноним ҳисобланади ва кўриб чиқилмайди.


6. Сўров келиб тушган куни Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан алоҳида махсус журналда рўйхатга олинади ва зудлик билан кўриб чиқилади. Мазкур журнал мажлис котиби томонидан юритилади.


7. Сўровга асосан мажлис котиби ахборотдан фойдаланувчини очиқ мажлисда иштирок этувчилар рўйхатига киритади ҳамда бу ҳақда фойдаланувчига маълум қилади. Очиқ мажлиснинг ўтказилиш санаси, вақти ёки жойи ўзгарган тақдирда, бу ҳақда фойдаланувчига маълум қилинади.


8. Ахборотдан фойдаланувчилар очиқ мажлисга шахсини тасдиқловчи хужжати асосида киритилади.


9. Ахборотдан фойдаланувчи очиқ мажлисга келмаган тақдирда, мажлис котиби томонидан бу ҳақда махсус журналга ёзиб қўйилади.


10. Фарғона вилояти ҳокимлиги мавжуд имкониятларидан ҳамда ахборотдан фойдаланувчилар сонидан келиб чиқиб, очиқ мажлис ўтказиладиган залда ахборотдан фойдаланувчилар учун жой тайёрланади. Ахборотдан фойдаланувчилар очиқ мажлис ўтказиладиган залга махсус журналдаги қайд этиш кетма-кетлиги асосида жойлаштирилади.

Ахборотдан фойдаланувчилар сонининг кўплиги сабабли, уларни очиқ мажлис ўтказилаётган залга жойлаштириш имкони бўлмаган тақдирда, улар мажлиснинг боришини видео тасвир орқали монеликсиз кузатиб боришлари мумкин бўлган хонага жойлаштирилади.


11. Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан ахборотдан фойдаланувчилар очиқ мажлиснинг боришини видео тасвир орқали монеликсиз кузатиб боришлари учун ажратилган хона жиҳозлаб қўйилади.


12. Ахборотдан фойдаланувчилар очиқ мажлис бошлангунга қадар белгиланган жойга етиб келиши, рўйхатдан ўтиши ва белгиланган жойга ўтириши лозим. Ахборотдан фойдаланувчилар раислик қилувчи томонидан мажлис бошланганлиги эълон қилингандан сўнг келган тақдирда, кечикиб келган ҳисобланади ва улар мажлисга қўйилмайди.


13. Ахборотдан фойдаланувчи Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан тасдиқланган очиқ мажлиснинг регламентида белгиланган тартибда мажлисда саволлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.


14. Ахборотдан фойдаланувчи томонидан мажлис давомида мажлис кун тартибига тааллуқли бўлмаган ва ушбу мажлисда муҳокама қилинмаган масалалар бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилган ёки саволлар билан мурожаат этилган тақдирда, унга мазкур масала бўйича ахборот олиш тартиби тушунтирилади.


15. Ахборотдан фойдаланувчи мажлис ўтказилаётган вақтда тартибни бузмаслиги шарт. Ахборотдан фойдаланувчи мажлис ўтказилаётган вақтда тартибни бузган тақдирда, раислик қилувчи томонидан огоҳлантирилади.

Ахборотдан фойдаланувчи тартибни такроран бузган тақдирда, у раислик қилувчи томонидан мажлис ўтказилаётган залдан чиқариб юборилади. Мазкур ҳолат юзасидан мажлис котиби далолатнома тузади ва далолатнома раислик қилувчи томонидан имзоланади.


16. Ахборотдан фойдаланувчиларга очиқ мажлисни фотосуратга, видео тасвирга олишга, овоз ёзиш воситаларидан фойдаланишга рухсат берилмайди.

17. Мажлис баённомасида очиқ мажлисда ҳозир бўлган ахборотдан фойдаланувчиларнинг иштироки ҳақида тегишли маълумотлар кўрсатилиши лозим.


3-боб. Якуний қоида

 

18. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг 2015 йил 25 ноябрдаги 140-мҳ-сонли қарори билан тасдиқланган намунавий Низомга мувофиқ ишлаб чиқилди.